Такрорий экин юртга ҳам, ерга ҳам, деҳқонга ҳам кони фойда
  • 11 Июль 2017

Такрорий экин юртга ҳам, ерга ҳам, деҳқонга ҳам кони фойда

Жорий йилда республикамизда ғалладан бўшайдиган 1 миллион 14 минг гектар майдонга такрорий экинлар жойлаштирилаяпти. Президентимиз таъбири билан айтганда, бундан кўзланган асосий мақсад — ер бўш турмасин, одамлар даромад олсин.

Ҳисоб-китобларга кўра, бир гектар пахта экинидан 4-4,5 миллион сўм даромад олинса, такрорий экин сифатида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларидан ундан 3-4 баробар кўп, яъни ўртача 15 — 20 миллион сўм даромад топиш мумкин экан! 

Сир эмас, бугунги кунда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш дунё мамлакатлари учун энг долзарб масала бўлиб қолаяпти. Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам бундай неъматларнинг нархи йилига 2-3 баробар ошиши кузатилмоқда. Аҳоли сонининг ўсиб бориши, қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ер ва сув ресурсларининг чекланганлиги, айниқса, тез-тез содир бўлаётган табиий офатлар вазиятни янада мураккаблаштираяпти. Шу боис юртимизда мавжуд имкониятларни тўғри ишга солиб, кузги бошоқли дон экинлари йиғиштириб олинганидан сўнг такрорий экин парваришлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. 

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимиз табиий-иқлим шароити бир йилда камида икки марта ҳосил олиш имконини беради. Айтайлик, ғалла 15 — 20 июнгача йиғиштириб олинган тақдирда ҳам, ундан кейин қарийб тўрт ой, яъни 120 — 130 кун иссиқ ва ҳароратли бўлади. Бошқача айтганда, саховатли заминимиз керакли миқдорда фойдали ҳарорат йиғиндисини қабул қилади. Бу эса сабзавот, полиз ва картошка экинлари етиштириш учун айни муддаодир.

Айтиш жоизки, такрорий экин жойлаштирилган майдонлар янада маданийлаштирилади, ерга қайта ишлов бериш орқали бегона ўтлар йўқотилиб, тупроқ унумдорлиги ортади. Энг асосийси, аҳолимизни йил давомида витаминларга бой сабзавот, полиз ва картошка маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти вужудга келади.

Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “2017 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унга кўра, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш, қиш/баҳор мавсуми учун захира яратиш мақсадида жорий йилда аввалги йиллардагига қараганда 2 баробар кўп майдонга озиқ-овқат экинларининг тезпишар навларини такрорий экин сифатида қисқа муддатларда экиш, агротехника тадбирларини ўз муддатларида ўтказиш саъй-ҳаракатлари кўрилмоқда.

Мазкур ҳужжатнинг изчил ижросини таъминлаш учун Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида такрорий майдонларга озиқ-овқат экинлари жойлаштириш бўйича республика Штаби ташкил этилиб, унга таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳамда идоралар раҳбарлари аъзо этиб бириктирилди. Ҳисоб-китобларга кўра, такрорий экинлар экиш ва агротехника тадбирларини ўтказиш учун 59 минг тонна ёнилғи-мойлаш материаллари, 100 минг тоннадан ортиқ минерал ўғитлар ҳамда 7,8 миллиард кубометр сув талаб этилиши аниқланди. 

Дарҳақиқат, такрорий экинларни жойлаштиришда даланинг сув билан таъминланганлик даражасига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Сув таъминоти оғир, кучсиз шўрланган, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ҳудудларда дуккакли дон экинларидан мош, ловия, мойли экинлардан кунжут, зиғир, ёрма дон экинларидан тариқ экиш мақсадга мувофиқ. Қолган экин турлари эса имкон борича сув танқис бўлмаган ҳудудларда экилгани маъқул. Шундан келиб чиқиб, кечки картошка жами 37 минг гектар майдонга экилаяпти. Бунинг эвазига 800 минг тоннадан ортиқ ҳосил етиштирилиши кутилаётган бўлиб, келгуси йилда аҳолининг ушбу муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини узлуксиз қондиришга эришилади.

ўалладан бўшаган майдонларга сабзавот, полиз экинлари ва картошка туганакларини экиш ишлари республикамизда ҳаво ҳарорати кўтарилган даврга тўғри келади. Шу маънода, экинларни тўлиқ ундириб олиш дала соҳибкорларидан катта меҳнат ва маҳорат талаб этади. Сабаби, тупроқнинг юза қисмидаги бор намлик тез буғланиб кетиши оқибатида экилган кўчат ва униб чиқаётган ниҳоллар қисқа фурсатда нобуд бўлиши, ўсимликлар сони меъёридан камайиб кетиши эҳтимоли йўқ эмас. Шунинг учун уруғ қадалган пайкалда намлик меъёрида бўлиши, экинлар ўз вақтида суғорилиши ўта муҳим. 

Юртимиз деҳқонлари такрорий муддатда сабзи, ош лавлаги, оқбош карам, гулкарам, пиёз, турп, шолғом, бодринг, саримсоқпиёз ҳамда картошка етиштириш бўйича бой тажрибага эга. Кейинги пайтда улар қаторига қовун, тарвуз, қовоқ каби полиз экинлари, ширин қалампир ва бошқа сабзавотлар ҳам қўшилдики, бу такрорий экин хилмахиллигини таъминлаш баробарида, маҳсулот етиштириш ҳажмини муттасил оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётир. Пировардида бозорларимиз дала неъматлари билан тўлдирилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти кенгайиб бораётгани қувонарлидир.

Бугунги кунда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан такрорий экинлар ҳосилини сотиб олиш бўйича шартномалар тузилиб, фермер хўжаликларига уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб берилмоқда. Ушбу маҳсулотлар давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги корхоналарига бериладиган нархларда тақдим этилаётгани деҳқон ва фермерларга қўшимча имконият яратмоқда. Тижорат банклари томонидан эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳар бир ҳудудида уруғлик сотишга мўлжалланган кўчма дўконлар фаолияти йўлга қўйилгани ҳам кўпчиликнинг оғирини енгил қилди.  

Марказий банк ва тегишли тижорат банклари томонидан такрорий экинлар экиш учун талаб этиладиган маблағлар маҳсулот етиштирувчи ва харид қилувчи ташкилотларга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкаларида ажратилиши йўлга қўйилгани диққатга сазовор.

Пухта ўйланган ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган бу чора-тадбирлар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига куз/қиш мавсумлари, шунингдек, келаси йилнинг май ойигача бўлган муддатларда дала неъматларини узлуксиз ҳамда арзон нархларда етказиб бериш, экспортни кўпайтириш орқали деҳқон ва фермерларнинг моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади. 

Озод МАТЯКУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

пахтачилик ва техник экинларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn