XS.UZ
Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатининг экспорт салоҳияти Ўзбекистон — Туркия: Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Адлия вазирларининг бешинчи мажлиси тўғрисида ахборот Ёш халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди Битим имзоланди Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат Тил — миллат кўзгуси Корхона ривожи таъминланади Илм-фан фидойисига эҳтиром Ер — бебаҳо хазина Тафаккур дунёсига йўл Олтинкўлда ХVI-XVII асрларга тааллуқли тангалар топилди Замонавий шифохона Жаҳон чемпионати совриндори Нуфузли мусобақа арафасида Тажрибали рақибидан устун келди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади Ҳарбийларимиз “Кембрия патрули” халқаро танловида совриндор бўлди «Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!» Мактабгача таълим соҳасида замонавий тизим яратилади Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари Юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар Токиода муҳокама қилинди Фойдаландингизми, ҳақини ҳам тўланг Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
  • 13 Май 2017

Санат Кушкумбаев: «Ўзбекистоннинг ютуғи бизнинг ҳам ютуғимиздир»

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форуми мажлиси доирасида мухбиримиз Қозоғистон Республикаси делегацияси вакили, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санат Кушкумбаевдан интервью олди:

— 2016 йилда Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг юбилей саммити бўлиб ўтди. Тошкент саммити якунлари ташкилот фаолиятида янги босқични бошлаб берди. ШҲТ фаолияти аввалида қабул қилинган ҳужжатлар амалий натижасини берди, ташкилотнинг хавфсизлик, иқтисодиёт ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик механизмлари янада ривожлантирилди.

Ҳозирги босқичда ШҲТ фаолиятини кенгайтириш сингари ҳужжатлар муҳокама этилмоқда. Негаки, Ҳиндистон ҳамда Покистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши фао-лиятимизни тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо қилади. Биз, албатта, ташкилотнинг кенгайишини қўллаб-қувватлаймиз. ШҲТ блок сифатида эмас, балки минтақани ривожлантириш ва юксалтириш, минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида ташкил этилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон — Қозоғистон муносабатлари сезиларли даражада фаоллашди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи, ҳукумат даражасида имзоланган, умумий қиймати бир миллиард АҚШ долларилик ҳужжатлар тўплами икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очмоқда. Бундан ташқари, давлатларимиз раҳбарлари ҳамкорликнинг янги марраларини, яъни ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига чиқаришни белгилаб олишди. Бу рақамларга эришиш мумкин. Чунки ҳамкорликнинг ҳали тўлиқ ишга -солинмаган имконият ҳамда ресурслари жуда кўп.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида муштарак соҳалар талайгина. Масалан, қишлоқ хўжалигини олиб кўрадиган бўлсак, юртингиз ноёб табиий-иқлим шароитига эга. Айни пайтда Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари олий нав ғалла етиштиришга ихтисослаштирилган. Минтақада пахта хом ашёсини, мева-сабзавот, қуруқ меваларни етиштириш ҳамда қайта ишлашда юртингиз билан ҳеч ким рақобатга кириша олмайди. Мазаси тилни ёрар ўзбек мевалари бутун дунёда машҳур саналади. Айнан мана шу соҳаларда биз бир-биримизни тўлдиришимиз мумкин.

Ўзбекистон собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб автомобилсозлик саноатини йўлга қўйди. Бугунги кунда республикангизда тайёрланган замонавий енгил, юк автомобиллари, бошқа транспорт воситалари ички ва ташқи бозорда ўз ўрнига эга бўлиб улгурган. Бу мамлакатингиз сўнгги йилларда маҳаллийлаштириш борасида катта натижаларга эришганидан далолатдир. Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги тажрибаси таҳсинга сазовор. Қозоғистонда ҳам бу тажрибадан ҳамкорликда самарали фойдаланиш бўйича келишувларга эришилгани қувонарлидир.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани ҳамда ижроси жадал олиб борилаётганини қўллаб-қувватлаймиз. Биз ҳам мамлакатимизни ривожлантиришда стратегик режалаштириш ёндашувига таянамиз. Бизнинг мақсад ва марраларимиз ўзаро уйғун бўлса, биргаликда муваффақиятларга эришамиз, халқларимиз янада фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаймиз. Юртингизга Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқаришда омад ёр бўлишини тилаймиз. Зеро, Ўзбекистоннинг ютуғи бизнинг ҳам ютуғимиздир.

«Халқ сўзи» мухбири

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди.

 

 

 

Сўз — форум иштирокчиларига

Фарамарз ТАМАННА, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Стратегик тадқиқотлар маркази директори:

— ШҲТ Форумида экспертлар Афғонистон масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Афғонистондаги вазиятнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан таҳлилига бағишланган маърузалар тингланди. Форумнинг фикр алмашиш, баҳс-мунозара олиб бориш учун самарали майдон эканлигини инобатга олсак, бу жуда ҳам муҳимдир. Афғонистон муаммосини тушуниш, уни чуқур англаш мамлакатдаги вазиятни ҳал қилиш учун қулай имкониятларни излаб топишда катта аҳамиятга эга. Бунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари алоҳида аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Ўзбекистон бу борада амалий ёндашуви билан яққол мисол бўла олади. Ўзбекистон биз учун нафақат қўшни, балки оғир дамларда ёнимизда бўлган биродар давлат ҳамдир. Мамлакатингиз Афғонистонда тинчликни қарор топтириш йўлида сўнгги йилларда кўп ишларни қилди. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликда мураккаб масалалар йўқ, муносабатларимиз барқарор равишда изчил яхшиланиб бормоқда. Биз ўзбек халқи тимсолида доимий ҳамкорни кўрамиз. Бу турли соҳаларда, айниқса, инфратузилмани ривожлантиришда ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Юртингиз Афғонистонда темир йўл барпо этиш борасида муҳим ўрин тутаяпти. Бу эса мамлакатимизнинг транспорт-логистика салоҳиятини мустаҳкамлаш, турли тармоқларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

 

Муҳсен ПОКПАРВАР, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Сиёсий ва халқаро тадқиқотлар институтининг Марказий Осиё ва Кавказни ўрганиш гуруҳи директори:

— Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақада хавфсизлик, тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, туризм ва илмий-техникавий соҳаларда алоқаларни кенгайтириш борасида катта имкониятларга эга. Шу сабабли Эрон мазкур ташкилот фаолиятида иштирок этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатингиз ШҲТнинг ривожланишига катта ҳисса қўшаяпти. Буни ШҲТ Форуми мажлиси юксак савияда ўтказилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистон ҳам, Эрон ҳам геосиёсий нуқтаи назардан қулай ерда жойлашган. Гарчи биз чегарадош бўлмасак-да, тарихимиз, маданиятимиз ўзаро яқин, халқларимиз азалдан мустаҳкам савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиб келган. Айниқса, икки мамлакатда катта транзит имкониятлари мавжуд. Шу сабабли Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон халқаро транспорт йўлаги фаол ривожлантирилмоқда. Ушбу йўлак нафақат иштирокчи давлатларнинг иқтисодий манфаатларига бир хилда мос келади, айни пайтда ШҲТ доирасида транспорт-коммуникация соҳасида илгари сурилаётган лойиҳалар мақсадлари билан ҳам уйғундир. Бу эса минтақа давлатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиради ҳамда денгиз портларига, ўз навбатида, янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиради.

 

Ҳолид Тимур АКРОМ, Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази амалиёт директори (Покистон):

— Жорий йил июнь ойида Покистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тўлақонли аъзоси бўлиши кутилмоқда. ШҲТга аъзо бўлиш бизга ҳам ташкилотнинг бошқа экспертлари иштирокида кўплаб муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз қарашларимизни ўртоқлашиш учун яхши имкониятдир.

Бундан ташқари, ШҲТ доирасида бошқа мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз янада фаоллашишига ишонаман. Ҳозирги кунда Лаҳор — Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган. Мамлакатингизга янада кўпроқ туристлар ташриф буюришни исташмоқда. Улар тарихий ва муқаддас қадамжоларни зиёрат этишни ният қилишган. Умуман, биз юртингизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида фаол иш олиб борилаётганини кўраяпмиз.

Қолаверса, Ўзбекистон ҳамда Покистон қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати соҳаларида изчил ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга, жумладан, қурилиш материалларига мамлакатимизда талаб катта. Яқинда юртингизнинг қурилиш компанияларидан бири ва Покистон темир йўллари компанияси ўртасида объектларни қуриш бўйича йирик шартнома имзоланди.

Ўзбекистон тарафи бизни мазкур нуфузли Форум мажлисида қатнашиш учун таклиф этганидан миннатдормиз. ШҲТ доирасида самарали ҳамда янада манфаатли ҳамкорликка умид қиламиз.

 

Пунчок СТОБДАН, Ҳиндистон ҳарбий тадқиқотлар ва таҳлил институти катта илмий ходими:

— Биз ҳозирча ШҲТда кузатувчимиз. Ҳиндистоннинг ушбу ташкилотга қўшилиши мантиқан тўғри жараён ҳисобланади. Чунки биз жуғрофий жиҳатдан Марказий Осиё билан узвий боғланганмиз. ШҲТ таркибига кириш биз учун гўёки Ватанимизга қайтиш дегани. Албатта, биз бунда бошқа мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон билан иқтисодий алоқалар яхшиланишидан умидвормиз. Биз Ўзбекистон томонидан Афғонистонда амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этишни истаймиз. Бу темир йўл соҳасига оиддир. Қолаверса, ҳамкорлигимиз янги босқичга чиқишидан мамлакатингиз ҳам наф кўради. Чунки юртимизда 1,2 миллиард киши истиқомат қилади. Шу маънода, Ҳиндистон бозорида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига, хусусан, пахта, мева-сабзавотларга талаб жуда катта.

Шуни айтиш керакки, бош қароргоҳи Тошкентда бўлган ШҲТ Минтақавий -аксилтеррор тузилмаси терроризм, экстремизм ҳамда айирмачиликка қарши курашишда самарали ва юксак даражада иш олиб бормоқда. У жуда катта ресурс ҳамда имкониятларга эга. Биз терроризм, гиёҳвандликка қарши курашиш услубларини ўрганишни, реал вақт режимида мазкур йўналишда ахборот олишни, минтақавий ва глобал хавфсизликка таҳдидларга самарали қарши курашиш учун биргаликдаги тадбирларда қатнашишни истаймиз.

Биласизми, Ҳиндистон жадал суръатлар билан ривожланаяпти. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати йилига 7 фоизни ташкил қилмоқда. Иқтисодий ривожланишнинг барқарорлигини таъминлаш учун энергия ресурсларига эҳтиёж катта. Ҳозирги кунда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон билан истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти.

«Халқ сўзи» мухбири

Зиёда АШУРОВА ёзиб олди.

 

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган