XS.UZ
Аҳолига янада замонавий шароитлар яратиш бугунги кун талаби Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида Долзарб қонун лойиҳаларида фракция позицияси ифодаланди  Одамлар тиббий хизматдан мамнун бўлсин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот «Тақдирим, келажагим Ватан билан муштарак» Мобиль алоқа антенналари соғлиққа зарарлими? Маҳаллада кичик саноат ҳудуди Мақсад бир, ғоя бир, Ватан ягона Ота-она меҳри яна қайда бор? Мусаффо осмон узра ишончли парвоз Ўзбекистон Республикаси Президенти Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирини қабул қилди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак Мудофаа вазирлигида учрашув «Кейинги бекат»да ҳаёт манзаралари Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон Инновация имкониятлари кенгаяди Ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур Ички туризм истиқболлари Экспортчи корхоналар сони кўпаяди Бу галги ҳашар аввалгиларидан фарқ қилади Ноёб ва сара навлар Мирзачўл қовунлари довруғини дунёга ёймоқда Ёш оилалар ва қизлар билан ишлашда янгича ёндашув Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
  • 12 Май 2017

Ван Кайвэнь: «Ўзбекистон ШҲТ ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда»

Тошкентда давом этаётган ШҲТ Форумининг XII мажлиси доирасида “Халқ сўзи” газетаси мухбирига ташкилотнинг бош котиби ўринбосари Ван Кайвэнь интервью берди.

— Тошкентда ШҲТ Форуми мажлисининг юқори даражада ўтказилаётганлиги ва алоҳида меҳмондўстлик учун миннатдорлигимизни билдирамиз. Айтиш жоизки, ушбу тадбир Остонада бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити олдидан ташкил этилди. Шу жиҳатдан ҳам у муҳим аҳамиятга эга. Биласиз, бу йил ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятларни тўлиқ бажаргани учун Ҳиндистон ҳамда Покистонни ШҲТга аъзоликка қабул қилиш бўйича қарор қабул қилинади. Шундан сўнг ШҲТ фаолиятида янги босқич бошланади. Мазкур мамлакатларнинг минтақа, умуман, жаҳонда тутган ўрнидан келиб чиқиб, айтишимиз мумкинки, Ташкилотимиз доирасидаги ўзаро муносабатларни илмий жиҳатдан янада ривожлантиришда улар ўзларининг сезиларли ҳиссасини қўшишига ишонамиз.

Жорий йилнинг 7 июнь куни ШҲТ Хартияси имзоланганига 15 йил тўлади. Ўтган вақт мобайнида ташкилот шаффоф, тенг ҳуқуқли фаолият юритди ва биз дунё ҳамжамиятига янги моделдаги давлатлараро муносабатларнинг ривожланишини намойиш этдик.

ШҲТ — мунтазам равишда янги ҳамкорлик уфқлари ҳамда келишувларни излайдиган трансмиллий ташкилот. Шу нуқтаи назардан, илмий симпозиумларни ўтказиш долзарб аҳамиятга эга. Бу жиҳатдан олиб қараганда, ШҲТ Форуми Ташкилотнинг илмий кўмакчи механизми сифатида шаклланди. Бу ерга илмий доираларнинг энг етук вакиллари тўпландики, улар умумий ишимизга юқори даражада интеллектуал салоҳият бағишлашади.

Ўзбекистон Республикаси ШҲТнинг асосчи давлатларидан биридир. Мамлакатингиз ШҲТ ташкил этилганидан бошлаб, то бугунги кунгача унинг ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаяпти. Бугун Ўзбекистон доно ва узоқни кўра биладиган Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида тараққиётнинг янги, сифатли босқичига чиқаётир.

Унинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлардаги масалаларга концептуал жиҳатдан ёндашилмоқда.

Ўзбекистон ШҲТга раислиги даврида мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг -ривожланиши ҳамда гуллаб-яшнаши учун амалий ҳамкорликни янги даражага олиб -чиқиб, ташкилот мавқеини янада ошираяпти.

2016 йилда Тошкентда бўлиб ўтган саммит ва унда Давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган келишувлар ташкилотнинг ривожланиши, фақат олдинга интилиб ҳаракат қилишига туртки берди. Саммит натижалари кўрсатганидек, ШҲТ — бу тирик, мунтазам тарзда ривожланаётган организмдир, айни пайтда анъаналар ҳамда маданиятлар асосидаги мулоқот воситасидир.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон пойтахтида ташкил этилган саммит аъзо-давлатлар, кузатувчи-мамлакатлар ва халқаро ҳамкор ташкилотларни юқори даражада ўзида жамлади. Ўтган йили Тошкент шаҳрида ШҲТ байроғи остида турли цивилизация, қадрият ҳамда эътиқод вакиллари ягона мақсадда, яъни биргаликда ривожланиш, яқин қўшничилик, дўстона ва ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш, минтақада ўзаро ҳурмат ҳамда ишонч муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида бирлашишди.

Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, ШҲТнинг Тошкент саммити фақатгина “ШҲТ оиласи” учун муҳим аҳамият касб этмади. Саммит доирасида қабул қилинган қарорлар Евроосиё минтақаси ва глобал миқёсда вазиятни барқарорлаштиришга катта ҳисса қўшди. ШҲТга аъзо-давлатлар раҳбарлари юзага келаётган замонавий таҳдидларга фақатгина биргаликда курашиш лозимлигини яна бир карра қайд этишди.

Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги раислиги ҳақли равишда юксак баҳога лойиқ. ШҲТнинг Тошкент саммитига Ўзбекистон Республикаси -Биринчи Президенти ҳамда мамлакат ҳукумати томонидан жуда катта эътибор билан ҳозирлик кўрилди. Масалан, Ўзбекистон ташкилотга раислик қилган 350 кун ичида турли даражада 380 дан ортиқ тадбирлар ўтказилгани ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир. Бу давр, ҳақиқатан ҳам, ташкилот фаолиятининг барча жабҳасида юксак фаоллик кузатилган давр бўлди.

 

Сўз — форум иштирокчиларига

Тамара ГУЗЕНКОВА, Россия Стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари:

— Бугун мажлис иштирокчиларининг аксарияти дунёда кечаётган замонавий геосиёсий воқелик ва ўзгаришларга бой жараён ШҲТ олдига ҳам долзарб вазифаларни қўяётганини таъкидлади. Қатнашчилар ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишини фаоллаштириш зарурлигини қайд этишди. Чунки ШҲТ иштирокчи-мамлакатларнинг барчаси иқтисодий юксалишдан манфаатдор. Ташкилот доирасида минтақада хавфсизликни таъминлаш, терроризм ҳамда айирмачиликка қарши курашиш борасида муваффақиятли иш олиб борилмоқда. Аммо ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Ташкилот, ўз навбатида, хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ муайян муаммоларни бошдан кечираётган янги аъзолар ҳисобига кенгаяди. Шунинг учун ташкилотнинг стратегик қадамларини янада такомиллаштиришга эҳтиёж сезилмоқда. Барча иштирокчи “Бугун ташкилот фаолиятига мақсадли илмий-эксперт ёндашув керак”, деган якдил фикрга келди. Икки томонлама давлатлараро муносабатлар кўп томонлама лойиҳалар, умумий саъй-ҳаракатлар билан тўлдирилиши лозим. Мажлис чоғида айрим саволлар баҳсли мунозараларга сабаб бўлди. Ахир бу майдон фикрлар тўқнашуви, ўз нуқтаи назарини билдириш учун яратилган. Форумнинг мазкур йиғилиши, шубҳасиз, ҳамма учун фойда келтиради ва унинг ишини такомиллаштиришда муҳим омил бўлади.

 

Азамат ДИКАМБАЕВ, Қирғизистон Республикаси Миллий стратегик тадқиқотлар институти директори:

— Ўзбекистон ва Қирғизистон яқин қўшнилар. Бизда “Қўшнилар Худонинг инъоми” деб айтишади. Шубҳасиз, давлатларимизнинг узоқ муддатли истиқболи ўзаро ишонч, ҳамкорлик ҳамда манфаатларни ҳурмат қилиш асосида барпо этилмоқда. Иқтисодий ва маданий ҳамкорлик ўзаро муносабатлар учун асосдир. Савдо, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Бизни, шунингдек, транспорт-коммуникацияга оид лойиҳалар ҳам бирлаштиради.

Шу боис ШҲТ доирасида транспорт ҳамда коммуникация соҳаларидаги шериклик муҳим аҳамият касб этади. Бу нафақат инфратузилма — йўллар, авто ва темир йўл магистраллари, авиақатновлар, балки ўзаро қатнов жараёнини соддалаштириш, “яшил йўлаклар”, махсус тариф режимларини яратиш, ШҲТ мамлакатлари ўртасида стандартлаштириш масалаларига ҳам тааллуқлидир. Марказий Осиё давлатлари учун катта бозорлар, денгиз портлари, трансмиллий магистралларга чиқиш долзарб ҳисобланади. Шу боис минтақа доирасида товар ҳамда хизматларнинг бирор-бир тўсиқларсиз ўтиши учун турли йўналишларни ривожлантириш лозим.

Қисқа муддат ичида ШҲТ барча соҳада самарали халқаро ҳамкорлик модели эканини намоён этди. Бугун жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 16 фоизидан кўпи ШҲТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ташкилотга Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши билан ШҲТ салоҳияти янада ортади. Экспертлар форуми олдида келгусида биргаликда тадқиқотлар ҳамда муҳокамалар олиб бориш учун йўналиш ва вазифаларни кенгайтиришга доир долзарб масалалар турибди.

 

Фарида МУМИНОВА, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори ўринбосари:

— ШҲТ Форуми — ШҲТ ривожланиш истиқболлари ҳамда имкониятларини миллий тадқиқот институтлари иштирокида эксперт даражасида муҳокама қилишда муҳим майдон ҳисобланади. Ҳар бир мамлакат олдида бугун глобал миқёсда, шу жумладан, жаҳон товар бозорларида жадал ўзгараётган иқтисодий шароитларда барқарор ривожланишни таъминлаш вазифаси турибди. Бунда таҳлилчиларнинг роли тобора ошиб бораяпти. ШҲТ Форумининг мазкур мажлиси доирасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, туризм ва гуманитар соҳаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу орқали ШҲТни юзага келаётган таҳдидлар, миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, 2025 йилга қадар ривожлантириш истиқболларини янада тўлиқ тасаввур этиш мумкин.

Биз Ўзбекистон билан шунчаки қўшни эмасмиз. Маданиятимиз, анъаналаримиз чамбарчас боғланган. Мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорликни, айниқса, иқтисодий соҳада кенгайтириш жуда ҳам долзарбдир. Агар транспорт харажатлари паст бўлса, ишлаб чиқариш кооперациялари, савдо, инвестициявий ҳамкорлик, умуман, ҳар бир давлат олдида турган стратегик вазифаларни ҳал қилиш учун янги имкониятлар очилади. Бу вазифалар эса аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркор-ликни равнақ топтиришга қаратилгандир.

«Халқ сўзи» мухбири

Зиёда АШУРОВА 

ёзиб олди.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган