XS.UZ
Ўзбекистон — Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи Спортчи қизларга — Президент совғалари Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди Маҳаллийлаштириш: Имконият ва истиқбол Асосий мақсад — таълим сифати ва самарадорлигини ошириш Битирувчиларга имтиёзли кредитлар Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан... Меҳр-оқибат ва эзгулик айёми Буюк алломага эҳтиром Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида
  • 21 Февраль 2017

Илм-фан тараққиётига юксак эътибор

Давлатимиз раҳбарининг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини катта мамнуният билан кутиб олдик. Чунки унда мамлакатимиз зиёлиларининг айни дилидаги масалалар қамраб олинган.

Шубҳасиз, ушбу ҳужжат илм-фан равнақига хизмат қилади, соҳа ходимларини изланишга ундайди. Бундан олдин, яъни 2016 йилнинг якунланишига бир кун қолганда Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиздаги етакчи олимларни давра суҳбатига таклиф қилган эди. Ўшанда кўпчилик Ўзбекистон фани олдига янги вазифалар қўйилса керак, деб ўйлади. Катта маърузани тинглашга ўзимизни чоғладик.

Амалда давлатимиз раҳбари даврада иштирок этаётган академиклар шаънига алоҳида эҳтиром сўзларини айтиб, дастлаб сизларнинг фикрларингизни эшитмоқчи эдим, деди. Бундай юксак эътибордан, очиғи, ҳайратга тушдим. Бугун ёшим 83 да. Фан оламига олтмиш йилдан зиёд дахлдорман. Олимларга, миллат зиёлиларига бунчалик ҳурмат ва иззатдан мамнунлигимнинг чеки йўқ. 

Анжуман арафасида қўлимизга Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонини тутқазишди. Олимлар меҳнати чин маънода игна билан қудуқ қазишга тенглигини билган, ўзи ҳам шу жабҳа қийинчиликларини юракдан ҳис қилган одамгина шундай иш тутиши мумкин.

Фанда “эҳтиёжга эга бўлиш” деган тушунча бор. Яъни интеллектуал кучлар ғайрат-шижоати билан муайян ечимлар ишлаб чиқилади, сўнгра у амалиётга татбиқ этилади. Агар олимлар меҳнати қоғозда қолиб кетса, ишлаб чиқаришга жорий этилмаса, ундан эл-юртга заррача наф йўқ. Ана шундай ёндашув илм-фан намояндалари ва ишлаб чиқариш раҳбарлари фаолиятининг доимий мезони бўлиши керак.

Мазкур талабга жавоб бериш учун кўплаб омиллар — самарали тадқиқот юритишга шароит, ижодий муҳит, тажриба ва назария уйғунлиги, устоз ҳамда шогирдлар ҳамкорлиги рисоладагидек бўлиши керак. Қолаверса, олимларнинг устувор вазифаси халқ хўжалиги соҳаларида янгилик яратиш ва малакали кадрлар тайёрлашдан иборат.

Мен ишлаётган даргоҳ 1947 йилда академик М. Ўрозбоев (ўша вақтдаги механика соҳасидаги фан доктори, профессор, бир неча дарсликлар муаллифи) ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академияси Иншоотлар институти сифатида ташкил этилган. Кейинчалик бу ерда механика йўналиши ривожлантирилиб, фан номзодлари ҳамда докторларидан юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ишлар кучайтирилди. Тошкент ва Самарқанддаги олий ўқув юртларида механика ҳамда қурилиш йўналишларида, хусусан, иншоотларнинг зилзилага бардошлилигини кучайтириш бўйича иш олиб борувчи кадрлар тайёрлашга эътибор қаратилди. Ўзбекистон олимлари сейсмик мустаҳкамлик муаммоларини ишлаб чиқишда нафақат юртимизда, балки чет элларда ҳам катта ишларни амалга оширишди. Улар Озарбайжон, Арманистон ва Марказий Осиё республикаларида рўй берган зилзилалардан сўнг бинолар ҳамда иншоотларга ер силкинишининг таъсирини изоҳлаш ва шаҳарларни қайта тиклашда фаол иштирок этдилар. Бу даргоҳда илк бор ер ости иншоотларининг сейсмодинамик назарияси, бино ҳамда иншоотларга сейсмик таъсирнинг физикавий баҳолари яратилди, шунингдек, эластик ва гидроэластик тизимлар, гидротехник иншоотлар назарияси ишлаб чиқилди, пировардида мазкур натижалар жаҳонда антисейсмик фанда илғор тад-қиқот сифатида эътироф этилди. Қурилишда фанимиз натижалари кенг кўламда қўлланилди. Тошкентда зилзилабардош ноёб объектлар — Тошкент метроси, кўп қаватли бинолар ҳамда ҳаётни таъминловчи тизимлар барпо этилди.

Мустақиллик йилларида биз, ўзбекистонлик олимлар хорижлик соҳадошлар билан биргаликда нуфузли халқаро ташкилотлар ажратган халқаро грантларни муваффақиятли бажардик. Зилзила содир бўлганда ишлаб чиқилган зарарни камайтириш ва баҳолаш технологиялари юртимизда ҳамда қўшни республикаларда кенг қўлланилди. 2011 йилда Фарғона водийсида кучли зилзила содир бўлди. Олдимизга ушбу табиий офат оқибатларини таҳлил қилиш, водийдаги синч, пахса ва ғиштли уйларнинг зилзилабардошлилигини ўрганиш вазифаси қўйилди. Оддий халқ ва раҳбарият билан эҳтимолий зилзила оқибатларини камайтириш масаласида кенг мулоқотлар ўтказдик, тезкор вазифаларни тушунтирдик, муҳим тавсияномалар ишлаб чиқиб, илмий ишлар натижаларини иккита долзарб рисола сифатида чоп этиб тарқатдик. Мазкур рисолаларда соҳадаги дунё ютуқлари ва ўзимизнинг натижаларимиз умумлаштирилгани учун у  дастурлар мажмуини амалга оширишда устувор аҳамият касб этмоқда.  

Кейинги йилларда механика масалаларига эътибор сусайган эди. Иншоотлар сейсмодинамикаси ва унинг натижаларидан зилзилабардош қурилиш амалиётида фойдаланиш, бинолар ва иншоотлар хавфсизлиги, сейсмик йўқотишларни баҳолаш ва камайтириш, аҳолини бўлажак зилзилага тайёрлаш муаммоларини ўрганиш талабга мос эмас эди. Булар фундаментал, минтақавий ва амалий муаммолардир. Мазкур муаммолар қаттиқ жисмлар механикаси, иншоотлар зилзилабардошлилиги қурилиш механикаси, назарий механика каби йўналишлар билан чамбарчас боғлиқ.

Шу маънода, янги қарорда илмий-тадқиқот масканимиз жаҳон эътирофини қозонган аввалги номда — Ўзбекистон Фанлар академияси М. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти деб аталиши барчамизни қувонтирди. Ушбу эътибор соҳа тажриба базаларини дунё андозаларига жавоб берадиган даражага чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Яна бир масала. Тизимда ҳайъатнинг фанлар бўйича бўлимлари ташкил этилади. Бундан мақсад, академиклар, профессорлар, фан докторлари ўртасида фанни ривожлантиришни таъминлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш муаммоларини демократик тарзда муҳокама қилишга имкон яратишдан иборатдир. Қисқаси, энди Фанлар академияси илмий тадқиқотлар ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашни мувофиқлаштиришни қўлга олиши, шубҳасиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев олимлар билан учрашувдаги фикр алмашувда “Ўзимиздаги муаммоларни ўзимиз ҳал қилишимиз керак, уларни биров четдан келиб ечиб бермайди”, дедилар. Биринчи навбатда шуғулланишимиз керак бўлган муаммоларни аниқлаш ва аҳволни ўнглаш кўпчиликнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли амалга ошади. Қолаверса, вақт кутиб турмайди. Янги қарор, унда амалга оширилиши лозим бўлган дадил ҳамда қатъиятли ҳаракатлар умумишимизнинг муваффақиятини таъминлайди.

Турсунбой РАШИДОВ,

ЎзР ФА академиги.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган