XS.UZ
Тадбиркорликни ривожлантириш, имкониятлардан тўла фойдаланиш халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифати тубдан яхшиланади Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда Маҳалла — халқчил институт Ҳаракатлар стратегияси: жамоатчилик ва оавнинг иштироки Фуқаролар осойишталиги кафолатларини кучайтириш — замон талаби Муаммоларни ҳал этишнинг самарали омили Барқарорлик пойдевори Ёшлар гиёҳвандликка қарши «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат асносида Шарқнинг ҳақиқий гўзалликларини кашф этасиз» Мўъжизакор ўсимлик Китобга боғланган кўнгил Полвонларимиз муваффақияти Ўн минг йиллик битиклар Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари Истиқлол саодати ва шукрона Кичик бизнес салоҳияти рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда яққол намоён бўлмоқда ЎзХДП қатъий позициясини белгилаб олди Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш қамрови янада кенгаяди Ўзбекистонлик ишбилармонлар Швейцарияда Оқибати аянчли иллат Хусусий сектор ривожига сармоялар Молиявий саводхонлик нима? Яхши ниятлар, эзгу амаллар Фарҳодбек — жаҳон чемпиони Спортда мухлисларни қувонтирадиган натижалар бўлади Олдини олган афзал Ипак саноатининг довруғи қачон тикланади? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат
  • 16 Февраль 2017

Таълим-тарбия соҳасига янгича ёндашув — барқарор тараққиёт гарови

Мустақиллик йилларида юртимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилди. Соҳага оид қабул қилинган қатор давлат дастурларига биноан кўплаб таълим муассасалари янгидан қурилди, энг замонавий ўқув анжомлари билан таъминланди. Бу борадаги ишлар бугунги кунда янада жадал тус олмоқда. Дунё тараққиёти шиддати барча соҳа каби таълим-тарбия жараёнига ҳам янгича ёндашувни, инновацион технологияларни татбиқ қилишни тақозо этаяпти. 

Халқ таълими тизими олдига қўйилаётган шу каби вазифаларни тўлақонли бажариш, амалий натижаларни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган  ишлар хусусида мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Улуғбек ИНОЯТОВ билан суҳбатлашди.

— Таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини таъминлашда педагог-тарбиячиларнинг касбий маҳорати муҳим ўрин тутади. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида педагогларнинг савиясини ошириш, таълим-тарбия тизимини комплекс ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Айни пайтда халқ таълими тизимида педагогларнинг касбий ва маънавий савиясини янада юксалтириш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Дарҳақиқат, ёш авлодга замон талаблари асосида билим бериш учун, табиийки, ўқитувчи-педагоглар малакаси ва маҳорати юксак бўлмоғи лозим. Айниқса, бугун ёшлар жуда илғор фикрламоқда. Дарсларни уларнинг талабига мос,  юқори даражада ташкил этиш учун ўқитувчи мунтазам равишда ҳар бир машғулотга алоҳида тайёргарлик кўриши зарур. Шу нуқтаи назардан, халқ таълими тизимига янги ва замонавий таълим технологияларини, ўқув дастурларини жорий этиш билан бирга, педагогларнинг касбий маҳоратини изчил ошириб бориш мақсадга мувофиқдир.

 Бугунги кунда халқ таълими тизимида 4916 та мактабгача таълим муассасаси, 9692 та умумий ўрта таълим мактаби, 301  болалар мусиқа ва санъат мактаби, 211 “Баркамол авлод” маркази, 225 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 4 та давлат педагогика -институти фаолият кўрсатмоқда.

Тизимда раҳбар ва педагог кадрларнинг масофадан малака ошириши бўйича замонавий методлар жорий этилган. Биргина 2016 йилда 93 мингдан ортиқ раҳбар ва педагоглар 140 та малака тоифаси асосида ўз маҳоратини оширди. 

Ҳозирги кунда юртимиздаги умумтаълим мактабларида 389 минг 740 нафар педагог фаолият юритади. Педагог кадрлар таркиби мунтазам ўрганилиб, уларнинг билими, маҳорати аттестация ва синовлардан ўтказиб борилаётир. Жумладан, шу йилнинг 3 — 12 январь кунлари инглиз тили ўқитувчиларининг касбий маҳорати ҳамда билим даражасини ўрганиш бўйича синовлар ўтказилди. Жами 20 минг 119 нафар ўқитувчидан 17250 (89,5 фоизи) нафари синовдан муваффақиятли ўтган. Қолган 2869 нафар ўқитувчининг навбатдан ташқари малака ошириш курсларидан ўтиши режалаштирилди.

— Шу йил 14 январда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида давлатимиз раҳбари таълим-тарбия тизимида ўқув режа ва дастурларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини қайд этди. Бу борадаги вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қандай ишлар олиб борилаяпти?

— Албатта, таълим муассасаларида дарсларни самарали ташкил этишда, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, етук кадрлар билан бир қаторда таълимга доир меъёрий ҳужжатлар, ўқув-методик таъминотнинг ўрни ҳам бениҳоят аҳамиятлидир. Президентимиз томонидан ўқитишнинг замонавий методологиясини яратиш ва амалиётга жорий этиш, ўқувчиларнинг онгли равишда касб-ҳунар танлаш иштиёқини кучайтириш, дарсликларни яратишга бутунлай янгича ёндашиш каби долзарб вазифалар айнан шу мақсаддан келиб чиқилган ҳолда қўйилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, глобаллашув жараёнининг жадаллашуви ўқув дастурларимизни тубдан қайта кўриб чиқишни, кенг билимга эга бўлган, мантиқий фикрлай оладиган ёшларни вояга етказишга хизмат қиладиган, такомиллашган меъёрий ҳужжатлар, ўқув-методик мажмуаларни яратишни тақозо этмоқда.

Ўтган йилларда ўқувчи шахсини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамда миллий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, соҳавий ёндашувга асосланган 18 та умумтаълим фани бўйича узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳалари тайёрланиб, 75 та мактаб, 39 та касб-ҳунар коллежи ҳамда 28 та академик лицейда тажриба-синовдан ўтказилди. Шу асосда ўқувчиларнинг ёш ва психо-физиологик хусусиятларига мос, узлуксиз ҳамда узвийлаштирилган, назарий билимларни амалда қўллай олиш имконини берадиган янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳаси тайёрланди. 

Методик хизматнинг ўқитувчи эҳтиёжига асосланган янги шаклларини яратиш, таълим сифатини баҳолаш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш ҳам муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.

Бу каби ишларнинг йўлга қўйилиши, ўйлайманки, айни пайтда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган бир қатор муаммолар, жумладан, ўқув муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнидаги камчиликларнинг барҳам топишига хизмат қилади.

— Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида тизимда ота-оналар ҳамда педагоглар ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал этиш масалалари қандай амалга оширилади?

— Халқ таълими вазирлиги жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳар бир фуқаронинг ахборот олишга бўлган қонуний ҳуқуқларини таъминлаш масаласига доимий эътибор қаратиб келмоқда. Вазирлик фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг соҳага оид таклиф, мулоҳаза ҳамда аризаларини зудлик билан кўриб чиқиш, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида 10-06 қисқа рақамли “Ишонч телефони”дан ташқари, 2016 йилнинг 28 ноябридан эътиборан халқ таълими вазирининг виртуал қабулхонаси (http://www.uzedu.uz/Xtv/contact) ишга туширилди. 

Халқ таълими вазирлигига, хусусан, виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатлар амалдаги қонун талаблари асосида қабул қилиниб, ўрнатилган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилмоқда. Рақамларни таҳлил этадиган бўлсак, 2016 йилда вазирликка фуқаролардан 5,5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.

Уларнинг мазмуни таҳлил этилиб, энг кўп ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушаётган масалалар — иш билан таъминлаш, таълим муассасасига ўқишга кириш ва жойлаштириш, мактабгача таълим муассасалари фаолияти, таълим-тарбия мазмунини такомиллаштириш, мактабларда дарс тақсимоти бўйича муаммоларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, мурожаатлар нисбатан кўп келиб тушаётган ҳудудларда қабул кунлари, очиқ эшиклар куни ўтказилаяпти. 

— Президентимизнинг яқинда “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ота-оналарни, бутун халқимизни мамнун этди. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.

— Бугун боғча ёшидаги болаларнинг зийраклиги, ахборот технологияларини ўзлаштириб олаётгани мактабгача таълим муассасаларида ўқув-тарбия дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштиришни талаб этмоқда. Мамлакатимиз раҳбари қарорига кўра, 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган кенг кўламли комплекс тадбирлардан иборат дастур замирида ҳам  болаларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун барча шарт-шароитни яратиш мақсади мужассамдир. Дастурга биноан, 2 минг 200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, зарур инвентар, жиҳозлар, ўқув-методик қўлланма ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш режалаштирилган. 

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг амалга оширилиши натижасида болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш 1,5 баробар ортади. 2021 йилга бориб, республикамизда мактабгача таълим муассасалари 1 миллион 109 минг нафардан ортиқ болаларни қамраб олиш имкониятига эга бўлади.

Дастурда тарбиячи-педагоглар салоҳияти, малакаси ва тажрибасини оширишга ҳам эътибор қаратилган. Мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда улар малакасини оширишда, биринчи навбатда, ўқув режа ва дастурлар илғор педагогик технология ҳамда методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади. Бугунги кунда тизимда фаолият олиб бораётган 55 мингдан зиёд педагог ходимларнинг малакаси замонавий ўқув режа ва дастурлар асосида босқичма-босқич оширилади.

Илғор хорижий мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиб, 2017 йилда мактабгача таълим-тарбия тизими учун муқобил дастурларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ қиламиз. Янгиланган дастурлар болаларни мактабга янада сифатли тайёрлаш, уларнинг интеллектуал қобилияти ва мантиқий фикрлаш салоҳиятини юксалтириш, олдингидан фарқли ўлароқ, ёзиш ҳамда ўқишни жадал ўрганишига хизмат қилади.

— Дарвоқе, чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида амалиётга йўналтирилган янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари самарадорлиги қандай? 

— Таъкидлаш керакки, бугунги кунда болалар чет тилларни шу соҳага оид янги давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурларига мос дарсликлар асосида катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Айни пайтда 1 — 4-синф ўқувчилари учун замонавий дарслик-мажмуалар ишлаб чиқилиб, ўқувчи ва ўқитувчилар дарсликлар билан юз фоиз бепул таъминланган. Чет тили таълими самарадорлигини ошириш мақсадида мактабларга барча зарур жиҳоз ва инвентар етказиб берилган.

“Kids’ English” дарслиги бошланғич синфлар учун ягона концептуал методика ҳамда тамойиллар асосида яратилган. Чет тиллар бўйича янги давлат таълим стандартлари асосида таълим олаётган 4-синф ўқувчилари 2017/2018 ўқув йилида 5-синфда ўқишни давом эттиради. Бу жараён билан боғлиқ равишда амалдаги инглиз, француз ва немис тили дарсликлари ҳам янги талаблар асосида, 1 — 4-синф чет тили дарсликларининг мантиқий давоми сифатида қайта ишланмоқда. Айни пайтда мажмуалар жойлардаги бир нечта мактабда тажриба-синовдан ўтказилаётир. 2013 — 2016 йиллар давомида чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида олий таълим муассасаларининг шу йўналишда таҳсил олган 6 минг 133 нафар битирувчиси умумтаълим мактабларига ишга жалб қилинган. Жорий ўқув йилида чет тили ўқитувчиларини тайёрловчи 

18 та олий таълим муассасасининг 1 минг 421 нафар битирувчиси ишга қабул қилинди. Сўнгги уч йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги 47 та туманда чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида олий таълим муассасаларининг чет тили йўналишига 652 нафар абитуриент имтиёзли қабул қилинди.

Эътиборлиси, мактаб ўқувчиларига чет тилини ўргатиш борасида ўзига хос ёндашувлар танланди. Хусусан, болалар тил ўрганиш баробарида, миллий қадрият ва анъаналаримизга солиштирган ҳолда тили ўрганилаётган халқ маданияти билан танишади. Дарсликларга ўзбек ҳамда жаҳон адабиёти ижодкорлари ижодидан намуналар ҳам киритилганки, бу болаларда мутолаа маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.

— Китобхонлик маданияти халқнинг маънавий қиёфасини белгилайди. Шу боис бугун юртимизда аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда...

— Гап шу ҳақда борар экан, Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ёш авлод қалбида китобга меҳр уйғотиш, комил инсонни тарбиялаш борасида жуда муҳим қадам бўлганини айтиш жоиз. Бундан кўринадики, мазкур йўналишда зиммамиздаги масъулият ва вазифалар янада ортди. 

Бугунги кунда 9 минг 576 та мактаб кутубхонаси ҳамда ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, тизимда 12 вилоят ва 199 туман (шаҳар) ахборот-ресурс марказлари мавжуд. Ушбу муассасалардаги китоб фонди 23 миллиондан ошган. Яъни 4,8 миллион ўқувчининг ҳар бирига ўртача 4,7 донадан китоб тўғри келади. Тизим фондидаги китобларнинг 5 миллион нусхаси (21,7 фоизи) болалар адабиёти ҳисобланади. Улар ҳар бир ўқувчига деярли 1 донадан тўғри келади. Мактаб кутубхоналарида ўртача 50 — 60 номдаги 500 тадан 1500 донагача бадиий адабиётлар бор.

Соҳа мутахассисларининг хулосасига кўра, кутубхоналар фонди ҳар йили камида 15 — 20 номдаги янги адабиётлар билан тўлдирилиши мақсадга мувофиқ. Вазирлик томонидан мактаб кутубхоналари фондини болалар бадиий адабиётлари билан бойитиш мақсадида 2014/2015 ўқув йилида 1 — 4-синф ўқувчилари учун бюджет маблағлари ҳисобидан 5,6 миллиард сўмлик 27 номдаги бадиий адабиётлар етказиб берилди. Жорий ўқув йилида мактаб кутубхоналари 5 — 9-синф ўқувчилари учун 7,6 миллиард сўмлик 28 номдаги бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.

Шунингдек, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида таълим муассасаларида “Китоб тақдимоти”, “Адабиёт кунлари”, “Китобим — офтобим” номли маърифий тадбирлар, ота-оналар иштирокида “Бир фарзандга — уч китоб” акциялари ва “Энг яхши китобхон ўқувчи” ҳамда “Китобхон мактаб” танловларини ўтказиш йўлга қўйилган.

Мактаб кутубхоналари ва ахборот-ресурс марказларида миллий ҳамда жаҳон болалар адабиётларига, замонамиз қаҳрамонлари образи очиб берилган ёшларбоп янги асарларга эҳтиёж катта. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ўқувчиларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда кўзда тутилган тадбирлар, албатта, бадиий диди ҳамда савияси юқори, чин инсоний фазилатларга, кенг дунёқараш ва юксак маънавиятга эга авлодни тарбиялашга замин яратади.  

Умуман, давлат ҳамда жамият равнақи ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти, интилиши, шижоати билан узвий боғлиқ. Шунга кўра, таълим-тарбияни замон талаблари асосида такомиллаштиришга мамлакатимиз барқарор ривожининг муҳим шарти сифатида ёндашилаётгани айни муддаодир. Зеро, она Ватанга садоқатли, билимли, чинакам комил инсонларни вояга етказиш бугун барчамизнинг улуғвор мақсадимизга айланган.

«Халқ сўзи» мухбири

Омонулла ФАЙЗИЕВ

суҳбатлашди.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган