Ўзаро ҳамкорлик ва илмий изланишлар
  • 05 Март 2016

Ўзаро ҳамкорлик ва илмий изланишлар

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида халқаро ҳамкорлик ва замонавий илмий изланиш мавзуига бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси ҳамда Британия Кенгаши ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуманда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, изланувчилар,  Буюк Британиянинг бир қатор олий ўқув юртлари мутахассислари, талаба-ёшлар қатнашди. 
Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда инновацион технологияларни кенг жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, олим ва тадқиқотчилар томонидан яратилаётган турли ишланмалар, инновацион ғоялар амалиётга татбиқ этилаётгани юксак самаралар бермоқда. Тизимдаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рўёбга чиқаришда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан бир қаторда, юртимизда фаолият юритаётган чет эл ташкилотлари, хусусан,  Британия Кенгаши ваколатхонасининг ҳам муҳим ўрни бор. 
Анжуманда эътироф этилганидек, айни пайтда Ўзбекистон ва Буюк Британия олий ўқув юртларида қатор йўналишларда тадқиқотчилар жамоалари шаклланди. Улар иштирокида республикамизда илмий-амалий анжуманлар, семинар-тренинглар ташкил этилди.  Икки давлат илмий доиралари ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик асосида “Истеъдод” жамғармаси орқали бир қатор олий таълим муассасалари, жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент тиббиёт академияси, Банк-молия академиясининг 18 нафар олим ва изланувчиси Буюк Британиянинг Бат, Лондон метрополитан ҳамда Бирмингем университетларида малака ошириш ва тадқиқотлар ўтказиш имконига эга бўлди.
Тадбирда ўқувчи-ёшлар, ишбилармон доиралар вакилларига инглиз тилини ўргатиш, изланувчиларнинг мақолаларини хорижнинг нуфузли илмий тўпламлари ҳамда  журналларида чоп этиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn