Илм-фан ютуқлари — ишлаб чиқаришга
  • 24 Ноябрь 2015

Илм-фан ютуқлари — ишлаб чиқаришга

Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни муфовиқлаштириш қўмитаси, Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда Навоий давлат кончилик институти ҳамкорлигида “Кон-металлургия мажмуаси: ютуқлар, муаммолар ва ривожлантириш истиқболлари” мавзуида VIII Халқаро илмий-техникавий конференция бўлиб ўтди.

Унда бир қатор хорижий давлатлар ҳамда мамлакатимизнинг илмий тадқиқот муассасалари олим ва мутахассислари, тегишли олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Маълумки, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигига эришиш муваффақиятлар омилидир. Шу боис бугунги кунда юртимизда корхоналарни илғор технологиялар асосида модернизация қилиш, илмий-техник салоҳиятдан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишларни жадаллаштиришда олимларнинг ишланмалари, электрон мослама ва қурилмалар, айниқса, муҳим аҳамият касб этаётир. Металлургия, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, экология, кимё саноатида улардан кенг фойдаланилаётгани эса ўз самарасини бераяпти.
— Анжуманда илмий тадқиқот ва илмий-техникавий ишланмаларимизни иқтисодиётнинг турли соҳаларига татбиқ этиш юзасидан фикр алмашиш баробарида, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кенгайтириш юзасидан бажарилган тадбирлар натижаларини ҳам муҳокама қилдик, — дейди Навоий давлат кончилик институти проректори Б. Муҳиддинов. — Қувонарлиси, ҳозирги кунда бизнинг илмий лойиҳаларимиз Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, Навоий иссиқлик электр станцияси, “Аммофос-Максам” сингари саноат корхоналарида қўлланилмоқда.
— Тадбир давомида Навоий давлат кончилик институтида бажарилаётган фундаментал, илмий-амалий ва инновацион ишланмалар билан ҳам яқиндан танишдик, — дейди Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Андреа Де Марки. — Бундай илмий учрашув ҳамда тадбирлар ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эгадир.
Конференцияда иштирокчилар кон-металлургия саноатининг турли йўналишларига оид маърузалар тинглашди, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида саноат корхоналари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn