Ёшларимизнинг иқболи ва келажаги
  • 03 Октябрь 2014

Ёшларимизнинг иқболи ва келажаги

таълим-тарбия жараёнига, ўқитувчи, устоз ва мураббийларнинг фидойилиги, ғайрат-шижоатига чамбарчас боғлиқ

Рағбат ва эътибор кишини жўшиб меҳнат қилишга, ибрат кўрсатиб ишлашга ундайди. Шу маънода, биз, ўқитувчи ва мураббийлар ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Негаки, ҳамиша эътибор ва эъзоздамиз. Президентимиз ташаббуси билан ёш авлодга таълим-тарбия берадиган соҳа вакилларининг хизматлари алоҳида қадрланаётгани фикримиз исботидир.

Мана, куни кеча касб байрамимиз кенг нишонланди. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини эшитиб, касбимиз масъулияти ва шарафини яна бир бор чуқур ҳис этдик. Бинобарин, табрикда таъкидланганидек, ўқитувчилик — фидойиликни талаб этадиган шарафли меҳнат. Тўғри-да, агар устоз намуна ва ибрат кўрсатса, ҳеч шубҳасиз, унинг бу фазилати шогирдлари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топади.

Дарвоқе, касб-ҳунар коллежимизнинг моддий-техник даражаси ҳам мақтаса арзигулик. Масалан, ҳозир 12 та йўналишда таҳсил олаётган ва ҳунар ўрганаётган ёшларга малакали ўқитувчи ҳамда ишлаб чиқариш усталари бириктирилган. Амалиёт машғулотларимиз учун зарур жиҳозлар ва етарли хом ашёга эгамиз. Хусусан,  ўқувчиларимиз пайвандлашни хориж технологияси  асосида ўрганади. Шунингдек, деярли барча дарс ва амалий машғулотларда мультимедиа дастурларидан фойдаланилмоқда. Ўзим пойтахтлик олимлар билан ҳамкорликда тикувчилик йўналишида миллий каштачиликни  енгил саноат амалиётида қўллаш  бўйича янги педтехнология яратдим. Ушбу ўқув дастури тез орада китоб ҳолида тарқатилиш -арафасида.

Коллежимиздаги мавжуд мутахассислик йўналишлари ҳудуд ва замон талабларига мос ҳолда ташкил этилган. Дейлик, бугунги кунда туманимизда  мобиль телефонлар ишлаб чиқараётган Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасида меҳнат қилаётган ёшларнинг аксарияти битирувчиларимиздир. Бир қатор фармацевтика саноати корхоналари учун мутахассислар эса биокимё йўналишимизда тайёрланмоқда. Шунингдек, битирувчилар чарм-пойабзал, вагонлар таъмири, компьютер технологияси сингари мураккаб ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги ёшларимиз орзу-истакларида шу юрт тараққиёти, манфаати учун хизмат қилиш, Ватанга муносиб фарзанд бўлиш иштиёқи устувор. Уларнинг камолини кўриш эса биз устозлар, ота-оналар ва умуман, бутун халқимиз учун энг улуғ саодатдир. 

 

Гулчеҳра ГАЙБУЛАЕВА, 

Сирдарё саноат касб-ҳунар коллежининг ишлаб чиқариш таълими устаси,

«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn