Педагоглар малака оширишди
  • 28 Август 2014

Педагоглар малака оширишди

Чирчиқ шаҳрида “Тиббиёт коллежларида малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш сифатини оширишнинг самарали йўллари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими” мавзуида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Республика Соғлиқни сақлаш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги кичик тиббиёт ходимлари тайёрлашга ихтисослаштирилган 80 га яқин ўрта махсус, касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, касбий таълим йўналиши бўйича мутасаддилар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди.
— Коллежимизда 1200 нафардан ортиқ ўғил-қиз таҳсил олади, — дейди Чирчиқ тиббиёт коллежи директори Муҳаббат Диловарова. — Янги ўқув йили олдидан бундай йирик семинарнинг ташкил этилиши барчамиз учун соҳага оид янгиликлар билан танишиш, таълим жараёнида илғор педагогик технологиялардан кенг фойдаланиш, шунингдек, давомат, битирувчилар бандлигини таъминлаш каби муҳим ва кундалик вазифаларимизни амалга оширишимизда жуда фойдали бўлди.
Ўқув-семинарнинг эркин ва самимий руҳда ўтган шўъба йиғилишлари, айниқса, мунозараларга бой кечди. Уларда жойларда мавзуга доир янги тажрибалар, таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Хусусан, ўқувчиларнинг пухта амалий малака ва кўникма ҳосил қилишида Тошкент, Андижон, Наманган ва Марғилон шаҳарларидаги таълим муассасаларида амалиётга татбиқ этилаётган тажрибалар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn