“Синфхоналар совуқ, болаларимиз шамоллаб қолмасмикан?” деган хавотирга ўрин қолмади
  • 13 Февраль 2018

“Синфхоналар совуқ, болаларимиз шамоллаб қолмасмикан?” деган хавотирга ўрин қолмади

Ҳар йили қиш мавсуми бошланиши билан Пайариқ тумани марказидаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчилари ва ота-оналарнинг кўнглига ғулғула тушади. “Синфхоналар совуқ, болаларимиз шамоллаб қолмасмикан?” деган хавотиру ғашлик кучаяди.

Туман, ҳатто вилоятдаги газ идораларига иссиқлик таъминотидаги муаммо бўйича йиллар давомида қилинган мурожаатлардан натижа бўлмади. 

— Ўтган йили 15 нафар ота-она Ўзбекистон Республикаси Президентининг Пайариқ туманидаги Халқ қабулхонасига ариза ёздик, — дейди фуқаро Фазилат Юсупова. — Шикоятимиз обдан ўрганиб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Мана, ҳозир синфхоналар иссиқ. Газ босими талаб даражасида. Фарзандларимиз енгил уст-бошда, қулай шароитларда дарсларда қатнашмоқда. Бундан устоз-мураббийлару ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам мамнунмиз. 

Таъкидлаш жоизки, 2018 йил январь ойида Пайариқ тумани Халқ қабулхонасига келиб тушган аризалар сони 159 тани ташкил этди. Шундан 35 таси қаноатлантирилиб, 57 тасига тушунтириш берилган. 65 та мурожаат эса ҳал қилиш учун тегишли ташкилотларга жўнатилган.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ /«Халқ сўзи»/

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn