Аҳоли талаб ва эҳтиёжлари эътиборга олинади
  • 09 Февраль 2018

Аҳоли талаб ва эҳтиёжлари эътиборга олинади

Мактабгача таълим тизими фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланади. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, унинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти жуда катта. Мамлакатимизда ушбу йўналишда туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани ўғил-қизларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишларида мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Вояга етмаганлар бўйича идоралараро комиссия билан ҳамкорликда “Мактабгача таълим: давлат талаблари, эҳтиёж, замонавий шакллар” мавзуида ташкил этилган семинарда шулар хусусида сўз юритилди. 

Таъкидланганидек, ўтган қисқа вақт мобайнида Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини, унинг бошқарувини тубдан  такомиллаштириш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармон ва қарорларида таълимнинг янги механизмларини жорий этиш белгиланди. Мазкур вазифалар, шунингдек, “йўл харитаси”га киритилган чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Бунда мактабгача таълим тизимига бўлган эҳтиёжнинг юқорилиги, соҳадаги туб ўзгаришлар, давлат ва хусусий секторнинг уйғунлашуви ҳисобга олингани айни муддао.  

Семинарда ўтган йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилгани, жорий йилда ҳам ушбу саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши қайд этилди. Чунончи, 2018 йил 1 январдан бошлаб, 5 йил давомида инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан “ноль” қийматида биноларнинг берилиши ҳамда хусусий инвесторларнинг ўзига тегишли бўлган биноларда ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг 2023 йил 1 январгача фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ хизматлари учун тўловнинг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан тўланиши кўзда тутилди.

Шунингдек, тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан жорий йилнинг январь ойида ҳудудларни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, болаларни боғчаларга тўла қамраб олишга доир ишлар ўрганилгани, бу борада айрим  муаммолар аниқлангани қайд этилди.

Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, мазкур масалада вилоят, шаҳар, туман мактабгача таълим бўлимлари масъулиятини ошириш,  нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини  ташкил этишда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Якунда нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш, мактабгача таълим муассасаларини аттестация ва аккредитация қилиш жараёнларини соддалаштириш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, жумладан, “Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn