АҚШда бўлиб ўтадиган халқаро танловда Ўзбекистон номидан қайси олий ўқув юрти қатнашади?
  • 08 Февраль 2018

АҚШда бўлиб ўтадиган халқаро танловда Ўзбекистон номидан қайси олий ўқув юрти қатнашади?

Жорий йилнинг апрель ойида АҚШнинг Вашингтон шаҳрида Филипп Жессоп номидаги халқаро ҳуқуқшунослар мусобақаси ўтказилади. Унда мамлакатимиз вакиллари ҳам иштирок этади. 

Юртимизда мазкур танловга қизиқиш юқори бўлганлиги сабабли 2018 йилда учта олий ўқув юрти — Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети унда қатнашиш истагини билдирган. Аммо мусобақа шартига биноан, Ўзбекистон номидан фақатгина битта олий ўқув юрти иштирок этади.

Шу муносабат билан кеча пойтахтимизда учала олий ўқув юрти талабалари ўртасида халқаро ҳуқуқшунослар танловининг миллий раунди бўлиб ўтди. Унинг ҳакамлар ҳайъати таркибига профессор-ўқитувчилар, ҳуқуқшунослар, хорижлик экспертлар ҳам таклиф этилди. 

— 1959 йилдан бери ташкил этиб келинаётган Филипп Жессоп танлови ҳуқуқшунослик соҳасида таҳсил олётган талабалар ўртасидаги энг нуфузли мусобақа саналади, — дейди танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси, польшалик таниқли ҳуқуқшунос, профессор Владислав Чаплинский. — Унинг шартлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро судида суд жараёнига ёрдам бериш асосида тузилган бўлиб, кўрик икки қисмдан, яъни меморандум ёзиш ва нутқ сўзлашдан иборат.

Миллий раунд тўлиқ инглиз тилида олиб борилди. Иштирокчиларга жаҳоннинг етакчи адвокатлари томонидан ишлаб чиқилган саволлар берилди. Унинг якунида Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети энг юқори балл тўплаб, ғолиб деб топилди ва АҚШда бўлиб ўтадиган халқаро танловда Ўзбекистон номидан қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Эслатма: Филипп Жессоп номидаги халқаро ҳуқуқшунослар мусобақасида ҳар йили жаҳонинг тўқсондан зиёд мамлакатидаги 700га яқин олий ўқув юртларидан ўртача 2500 нафар талаба қатнашади. 

О. ФАЙЗИЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn