Мактаб яратган олим
  • 13 Декабрь 2017

Мактаб яратган олим

 

Заковатли, матонатли, меҳр-оқибатли, феъл-атвори ибратли, қувваи ҳофизаси кенг қомусий олим, алломалар ўз касбининг моҳир устаси, фидойиси бўлганликлари учун ҳам амалга оширган эзгу ишлари боис мангуликка дахлдордирлар. Ана шундай азиз ва табаррук, нурли сиймолар сафида академик Восит Воҳидовнинг ўз ўрни бор.

Донишмандлардан бири “Тоғнинг салобати, кўрки, виқорини яхшироқ пайқамоқ учун унга бир оз узоқроқдан боқиш керак. Чунки улкан тоққа яқин турганингда унинг нечоғли буюк, юксаклигини тўлалигича ҳис эта олмайсан. Ундан озгина узоқлашганингда унутилмас лаҳзалар, воқеаларни эслаганинг сари у ўзининг бўй-басти, маҳобатию малоҳати билан аста-секин кўз ўнгингда намоён бўлаверади”, деган экан. Ўзбекистонда тиббиёт илми, соғлиқни сақлаш тизими равнақи, эл-юрт саломатлигини сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш учун ярим асрдан зиёд давр мобайнида фидокорона меҳнат қилган Восит Воҳидов сиймосига ҳам ана шундай узоқликдан, йиллар силсиласи орқали боқсак, унинг нечоғли буюк, шу билан бирга, беназир инсон бўлганлигини англаймиз.

1917 йилнинг 13 декабрида таваллуд топган В. Воҳидов 1934 йилда Ўрта Осиё давлат университети (САГУ)нинг тиббиёт факультетига ўқишга киради. 1939 йилда олий таълим муассасасини имтиёзли диплом билан тугатгач, шу даргоҳдаги терапия кафедрасида меҳнат фаолиятини бошлайди.

Урушдан кейинги йилларда ёш олим ўпка хирургияси масалалари, касалликка чалинган беморларни жарроҳлик йўли билан даволашга оид мақолалари билан ўша давр тиббиётининг салоҳиятли вакиллари эътиборига тушади. Хусусан, унинг 1959 йилда Москвадаги “Вестник хирургии” журналида чоп этилган, жигар ва ўт йўллари касалликларининг долзарб муаммолари ҳамда унинг ечимларига бағишланган долзарб илмий мақоласи катта шов-шувга сабаб бўлади. Ҳар дақиқани ғанимат билган, бир зум бўлсин, изланишдан чарчамаган, устозлари ўгитларига қатъий амал қилиб, олимликнинг чинакам заҳматини бошидан кечирган Восит Воҳидов 1962 йили докторлик диссертациясини муваффақиятли ёқлайди. Меҳнатлари самарасида эл-юрт эътиборини қозонган олим ўша йили ТошМИнинг даволаш факультети умумий жарроҳлик кафедраси мудирлигига сайланади. Қўли енгил жарроҳ, ташаббускор раҳбар, моҳир ташкилотчи сифатида ўзини намоён эта олган В. Воҳидов 1973 йилнинг декабрь ойида Бутуниттифоқ клиник ва экспериментал хирургия илмий-текшириш институтининг Тошкент филиалини ташкил қилишга бош-қош бўлади. Бу ерда унинг раҳбарлигида катта ташкилий ишлар амалга оширилади. Хусусан, ўпка, меъда-ичак йўллари хирургияси, анестезиология ва реаниматология, шунингдек, рентген, радиологик клиник ҳамда экспериментал лаборатория, юрак хирургияси, функционал диагностика, патологик анатомия, томирлар ва жигар хирургияси бўлимлари очилади.

Кардиология соҳасида мактаб яратган олим мураккаб тиббий асбоб-ускуналарни ишлатиш, беморларни интенсив усулда даволаш борасида дунёнинг бошқа минтақалари учун ҳам ибратли анъанани вужудга келтирган эди. Ёдимизда, ўша мустабид даврда ҳам Тошкентдаги мазкур тиббий муассаса жиҳозланган мукаммал аппаратлари, малакали мутахассислари борасида собиқ Иттифоқнинг бошқа жойларига ҳам намуна бўлган эди. Таниқли олим раҳбарлигида яратилган илмий ишланмалар ҳамда амалий қўлланмалар бугунги кунда ҳам муносиб издошлари томонидан ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Айтиш жоизки, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда аҳоли -соғлиғини асрашга алоҳида аҳамият қаратила бошланди. Ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, 1992 йил 14 августда мазкур клиникага Хирургия илмий маркази мақоми берилди. Натижада марказда мураккаб даволаш ишларини амалга ошириш кенгайди, жарроҳлар иш услуби замонавий тус олди. Жаҳондаги илғор тажрибалар ўзлаштирилиб, мутахассислар малакасини тобора ошириб боришга алоҳида ёндашила бошланди.

Устоз олим хирургиянинг долзарб муаммолари ҳисобланган ўпка, ўт йўллари, жигар, юрак, магистрал томирлар ва қорин бўшлиғидаги хирургик касалликлар бўйича 300 дан зиёд илмий мақолалар муаллифидир. Унинг бевосита илмий раҳбарлиги остида 30 дан зиёд фан докторлари, 100 га яқин фан номзодлари етишиб чиққан. В. Воҳидовнинг Бутунжаҳон хирурглар ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси, “Ўзбекистон тиббиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги хирургия бўйича илмий кенгаш раиси, шунингдек, республика хирурглар жамияти раиси сифатидаги қизғин фаолиятини ҳам бугун кўпчилик ёрқин хотиралар билан эслайди.

Дунё таниган салоҳиятли олим, имон-эътиқоди мустаҳкам, фозил бу инсоннинг эл-юрт олдидаги кўп йиллик самарали, фидокорона меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Хусусан, 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий марказига унинг асосчиси, фан арбоби, академик Восит Воҳидов номи берилди. 1996 йилдан буён бу мўътабар даргоҳда ҳар йили “Воҳидов ўқишлари” деб номланган республика ҳамда халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманлар ўтказилиши анъанага айланди. Энг қувонарлиси, бугун устознинг ибратли ҳаёти, иш фаолияти, илмий изланишлари, ихтиролари, эришган ютуқлари, ушалмаган орзу-умидларини бугун минглаб издошлари, шогирдлари муваффақиятли рўёбга чиқаришмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада учраётган муаммо ва камчиликларни бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўтган вақт мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ҳамда сифатини оширишга қа-ратилган ўнлаб Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Мазкур эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида академик Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик илмий маркази биносидаги кўпгина операция хоналарини техникавий жиҳатдан қайта таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, уларни Франция, Италия, Германиядан келтирилган замонавий асбоб-ускуналар, жиҳозлар, шунингдек, марказни мўътадил тоза ҳаво, иссиқ-совуқ сув, иситиш, совитиш, ҳаво алмаштириш мосламалари билан тўлиқ таъминлашга боғлиқ муаммоларни жадал ҳал этиш учун 12 миллиард сўм ажратилгани қувонарлидир. Бу хайрли ва савобли ишлар эса юртимизда аҳоли саломатлигини яхшилаш, ихтисослаштирилган тиббий хизмат сифатини ошириш, одамларнинг тиббиёт муассасаларидан рози бўлиши, дардига шифо топиши учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган. Таваллудининг муборак 100 йиллиги нишонланаётган устозимиз Восит Воҳидов интилган эзгу мақсад ҳам шу эди, аслида.

Миржамол ЗУФАРОВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор,

Искандар РАҲМОН,

Ўзбекистон Журналистлари

ижодий уюшмаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn