И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети “Дўстлик” ордени билан тақдирланди
  • 06 Декабрь 2017

И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети “Дўстлик” ордени билан тақдирланди

 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилганининг ўн йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерациясининг вазирлик ва идоралари, нефть ҳамда газ саноатининг етакчи корхоналари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар қатнашди.

И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори Александр Максименко ҳамда бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг барча соҳасини, жумладан, нефть-газ тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган қулай сармоявий муҳит яратиш, мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, янги нефть ва газ конларини топиш ҳамда ўзлаштириш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Мазкур жараёнда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2007 йилда ташкил этилган ва самарали фаолият юритиб келаётган И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талаблар асосида мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан мамлакатимиз нефть-газ тармоғи учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қўшган катта ҳиссаси учун И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Тадбирда юксак мукофот Россиянинг етакчи олий таълим муассасаси байроғига қадаб қўйилди.

— Университетимизда геологик разведка технологияси, нефть ҳамда газ қудуқларини кавлаш, нефть қазиб олиш объектларидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш, газ қазиб олиш, газ конденсати ҳамда ер ости сақлаш объектларидан фойдаланиш, корхона ва ташкилотлар иқтисодиёти, трубопровод транспорти тизимидаги объектларни қуриш ҳамда таъмирлаш йўналишларида 730 нафардан ортиқ талабалар таълим олмоқда, — -дейди И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори ўринбосари — ижрочи директор Абдулла Магрупов. — Ўқув даргоҳимизда камолга етган кадрлар бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, “ЛУКОЙЛ Ўзбекистон Оперейтинг Компани” МЧЖ, “Uz-Kor Gas Chemical”, “Asia Trans Gas”, “Enter Engineering Pte. Ltd.”, “Eriell Group GmbH” каби миллий ҳамда халқаро компанияларда самарали меҳнат қилаяптилар. Филиал фаолиятини янада кенгайтириш бўйича ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳамда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва И. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ўртасидаги ўзаро англашув тўғрисидаги меморандумга мувофиқ, яқинда университетнинг Қашқадарё минтақавий бўлими очилди.

Тадбир доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А. Султонов сўзга чиқди.

Дилшод КАРИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn