Тошкент ахборот технологиялари университетида очиқ мулоқот
  • 05 Декабрь 2017

Тошкент ахборот технологиялари университетида очиқ мулоқот

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда вазирлик тизимидаги ташкилотлар, компанияларда меҳнат қилаётган, шунингдек, олий таълим муассасаларида таълим олаётган 1,5 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. Соҳанинг ҳудудларда фаолият кўрсатаётган муассасалари видеоконференцалоқа орқали уланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш. Шерматов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари К. Бекназаров ҳамда бошқалар жаҳон миқёсида кучли рақобат, ғоявий қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олаётган бугунги даврда Ўзбекистоннинг улкан бойлиги ҳисобланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаётда ўз ўрнини эгаллашларига кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.

Бугунги кунда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган 30 минг нафардан зиёд ходимларнинг 70 фоизга яқинини ўттиз ёшгача бўлганлар ташкил этади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан мазкур қатламнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш, илғор ғоя-ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш, ҳалол ва самарали меҳнат, илмий-ижодий ютуқларга эга йигит-қизлардан иборат раҳбар кадрлар захирасини тайёрлаш юзасидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Соҳада халқаро ҳамкорликнинг кучайтирилаётгани ёш кадрлар салоҳиятини юксалтиришга, уларнинг ахборот технологиялари билан шуғулланувчи жаҳонга машҳур компания ҳамда ташкилотларда тажриба алмашишига имконият яратаётир.

Тадбирда таъкидланганидек, вазирлик соҳа ёшларининг ташаббуслари ва ҳаракатларини, жамиятимиз учун фойдали лойиҳаларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга доимо тайёр.

Мулоқотда фаол қатнашган ёшларга “Uzmobile” миллий операторининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, иштирокчиларга махсус “Ёшлар” тариф режасига уланиш имкони яратиб берилди.

Дилшод КАРИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn