Srart up асосчиси ўз тажрибасини IUT талабаларига сўзлаб берди
  • 01 Декабрь 2017

Srart up асосчиси ўз тажрибасини IUT талабаларига сўзлаб берди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ҳамда АҚШнинг “Openbucks” корпорацияси Ўзбекистонда биринчи маротаба “Silicon Valley Talks” лойиҳаси доирасида маъруза ташкиллаштирди.

Айтиб ўтиш жоизки, IUT ва АҚШнинг “Openbucks” корпорацияси 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасида ўзаро англашув Меморандумини имзолаган эди.

Ушбу ҳужжатга кўра, IUT ва “Openbucks” IT-таълим соҳасида ҳамкорлик қилишни режалаштирган. Жумладан, томонлар “Silicon Valley Talks” шаклидаги старт-аплар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантириш мақсадида маърузалар ўқиш ҳамда энг яхши амалиёт ва маълумотлар алмашиш учун АҚШнинг етакчи экспертларини таклиф қилади. “Silicon Valley Talks” тадбири доимий асосда ўтказилиб, ташкилотчилар Кремний водийсидаги турли компанияларнинг вакилларини таклиф қилишни кўзда тутишган.

“Silicon Valley Talks”нинг биринчи меҳмони сифатида “Openbucks” корпорациясининг Бош директори Марк Рочман таклиф этилди.

Марк Рочман Кремний водийсидаги старт-ап, “Openbucks” компаниясининг асосчиси ҳисобланади. Мазкур сервис фойдаланувчиларга банк карточкаларидан фойдаланмаган ҳолда тўловларни амалга ошириш имконини беради. Пластик карточкалар технологияси соҳасида мутахассис бўлгани сабабли, у пластик карточкалар (банк, совға, телефон ва ҳоказо) ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “CardUSA” компаниясига асос солди.

Марк Рочман Франциядан АҚШдаги Кремний водийсига кўчиб ўтгандан кейинги старт-ап лойиҳаларини ривожлантиришдаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

У старт-апларни амалга оширишда қандай қилиб муваффақиятга эришиш мумкинлиги тўғрисида гапириб берди. Марк Рочманнинг таъкидлашича, лойиҳанинг муваффақиятида жамоанинг ўрни муҳим экан. Яъни старт-апларни якка тартибда эмас, жамоа бўлиб амалга ошириш лозим.

Унинг айтишича, кенгроқ фикрлаб, кичикроқ старт-апдан бошлаб, дадил ҳаракат қилиш лозим. Инновацион ғояни амалга ошириш, кейин синаб кўриш ва ўзгартириш киритиш ҳамда уни ривожлантириш керак.

Тадбирда “Openbucks” компанияси асосчиси “Silicon Valley Talks” маърузаси қатнашчиларининг ҳамда талабаларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn