Ўзбекистонда илк бор “Дастурлаш соати” деб номланган бутунжаҳон таълим акцияси ўтказилади
  • 01 Декабрь 2017

Ўзбекистонда илк бор “Дастурлаш соати” деб номланган бутунжаҳон таълим акцияси ўтказилади

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистонда илк бор компьютерлар ва дастурлашни ўрганишга ёшларни жалб этиш мақсадида “Дастурлаш соати” глобал ҳаракати ўтказилади.

“Дастурлаш соати” акцияси дунё бўйлаб одамларни дастурлаш асосларини ўрганишга бир соат вақт сарфлашга чақиради. 2017 йил 10 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида глобал ҳаракат доирасида бир соатлик дастурлаш дарслари бўлиб ўтади.  Лойиҳа “Microsoft” корпорацияси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва “CodeCraft” лойиҳаси иштирокида ташкил этилган.

Тадбир доирасида 8 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун уч турдаги дарс машғулотлари ўтказилади. Иштирокчиларни рўйхатга олиш http://codecraft.uz/minecraft/ сайтида амалга оширилади ва 2017 йил 8 декабрга қадар давом этади.

Мазкур ташаббусни ҳар йили 180 дан ортиқ мамлакатлар қўллаб-қувватлайди. “Дастурлаш соати” —  ҳар бир ўқувчи ва талабанинг ўз қобилиятларини намойиш этишлари, АТ соҳасида бошланғич билимларни олишлари, дастурларнинг асосларини ўрганишлари ва келажакда қайси касб танлашга қарор қилишлари учун имкониятдир. Ўқитувчилар, ўз навбатида, ўқитишда янги интерактив технологияларни қўллаш имкониятига эга бўлиб, шу орқали ўқувчиларнинг ўз фанларига бўлган қизиқишларини оширадилар.

“Microsoft” компанияси “Дастурлаш соати”га бағишлаб, машҳур “Minecraft” ўйинига асосланган “Hero`s Journey” (“Қаҳрамон йўли”) деб номланган ўйин қўлланмасини чоп этди. Қўлланма мактаб машғулотлари, синфлар ва уй дарслари давомида компьютер фанининг асосларини содда ҳамда қизиқарли тарзда ўрганиш учун мўлжалланган. Муаллифлар, ижодий ёндашган ҳолда Агентлар, яъни қизиқарли қаҳрамонлар ёрдамида ўқувчиларга дастурлашнинг асосий тушунчалари ва принципларини тақдим этадилар. Хоҳиши бўлган ҳар қандай таълим муассасаси мазкур акцияга қўшилиши мумкин.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn