Инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойиллари устувор
  • 01 Декабрь 2017

Инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойиллари устувор

 

Пойтахтимизда Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган “Демократик ҳуқуқий давлат қуришда Конституциянинг роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Президентимизнинг шу йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро анжуманда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси аъзолари, Европа мамлакатлари конституциявий назорат органлари вакиллари, жами 20 дан зиёд давлатлар делегацияси ҳамда Ўзбекистонда -аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, шунингдек, республикамиз парламенти аъзолари, суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирликлар ва идоралар, илмий муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди -раиси Б. Мирбобоев, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Жон Макгрегор ва бошқалар томонидан таъкидланганидек, Асосий Қонунимиз демократик ҳуқуқий давлат ҳамда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни шакллантириш, халқимизнинг тинч ҳамда фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Ўтган 25 йил давомида халқимиз эришган улкан ютуқлар ҳам Конституциямизнинг нечоғли ҳаётийлигидан, унда мужассамлаштирилган принцип ва нормалар қанчалик пухта ўйланганидан дарак бериб турибди. Унда мамлакатимизнинг ўз олдига қўйган улкан мақсад ҳамда вазифалари, қайси моделга асосланиши, халқаро миқёсда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари устуворлиги, демократия тамойиллари ўз ифодасини топган. Мазкур конституциявий принцип ва нормалар ҳаётимиздан мустаҳкам жой олишида, шубҳасиз, Конституциявий суднинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Тадбирнинг биринчи кунида Индонезия Республикаси Конституциявий суди раиси Ориф Ҳидоят, Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Зуҳту Арслан, Тожикистон Республикаси Конституциявий суди раиси Маҳкам Маҳмудзода ҳамда бошқа хорижий мамлакатлар конституциявий судлари вакиллари сўзга чиқди.

Халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб маҳсули бўлган Конституциямизнинг олдимизга қўйган улкан мақсад ва вазифаларимизни амалга ошириш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашдаги роли ва аҳамиятини очиб бериш, шунингдек, ривожланган демократик давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганишга қаратилган конференцияда -хорижлик экспертлар Асосий Қонунимизнинг ҳаётимизда тутган ўрнини юксак баҳолади. Хусусан, улар Конституциямизнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига мослигини, унда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланганини ҳамда ҳар бир фуқаронинг маънавий камол топиши, ҳар жиҳатдан уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётганини қайд этишди.

— Ҳар қандай давлатнинг юзи ҳисобланадиган Конституция қанчалик ҳаётийлиги ва халқ иродасини нечоғли ифодалаши билан баҳоланади, — дейди Индонезия Конституциявий суди раиси Ориф Ҳидоят. — Шу маънода, юртингиз Бош ҳужжати эътирофга лойиқ. Унда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги белгиланган бўлиб, мазкур принципнинг рўёби йўлида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Масалан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси асосида халқ билан мулоқотнинг янги тизими йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдик. Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарининг самарали фаолияти бунга яққол мисолдир. Халқаро анжуман доирасида шулар хусусида батафсил маълумот олаяпмиз. Айни чоғда “Ҳуқуқий демократик давлат қуришда Конституциянинг роли ҳамда аҳамияти: Индонезия тажрибаси” мавзуидаги маърузам билан қатнашдим. Ўйлайманки, бундай тажриба алмашинуви иштирокчилар учун бирдек фойдалидир.

Конференцияда Конституциямиз асосида давлат ва жамият қурилиши тизимини янада такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини бугунги кун талаблари даражасида ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ва хавфсизлик ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ташқи сиёсатни фаоллаштириш йўналишларидаги ишлар хусусида ҳам батафсил сўз юритилди.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, шу жумладан, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимияти ягона органи — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил қилингани кўрсатиб ўтилди. Айни чоғда судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтаришдек одил судлов мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган амалиётга чек қўйилди. Ўз навбатида, судьялар ҳамжамияти органи — Судьялар олий кенгаши тузилгани хорижликларда катта қизиқиш уйғотди. Бу янгиланишлар, экспертларнинг фикрича, пировардида фуқаролар, жисмоний ҳамда юридик шахслар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини суд орқали муҳофаза этиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

— Юртингизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан яхши хабардорман, — дейди Тожикистон Республикаси Конституциявий суди раиси Маҳкам Маҳмудзода. — Айниқса, Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган ишлар эътиборлидир. Унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофазалаш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган бўлиб, бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил давом -эттирилаяпти. Халқаро анжуманда Тожикистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари билан иштирокчиларни таништириш баробарида, ён қўшнимиз Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасини чуқур ўрганаяпмиз. Суд-ҳуқуқ йўналишида ҳамкорлик алоқаларимиз мустаҳкамланишидан ҳар икки томон ҳам манфаатдор. Шу маънода, халқаро конференциянинг ўрни юқори бўлаётганлигини айтмоқчиман.

Тадбир қатнашчиларининг билдиришича, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституцивий Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, ишончли ҳимоясини таъминлаш, жамиятда қонун устуворлигини қарор топтиришда одил судловнинг ролини янада мустаҳкамлашга замин яратади. Чунки ушбу ҳужжатга биноан, Конституциявий судга қонунларни, қолаверса, халқаро шартномаларни ратификациялаш тўғрисидаги қонунларни мамлакат Президенти имзолагунига қадар Асосий Қонунга мувофиқлигини аниқлаш ваколати берилди.

Шунингдек, Конституциявий суд ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ваколатига эга бўлди. Бу Конституция устунлиги принципини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

— Бундай ҳужжатларнинг қабул қилиниши ҳар қандай жамият ҳаётида катта воқеа бўлиши табиий, — дейди Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Зуҳту Арслан. — Негаки, бу каби мустаҳкам ҳуқуқий асос Конституциявий суднинг асосий вазифалари, яъни унинг устунлигини, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари устуворлигига доир конституциявий принципларнинг рўёбга чиқарилишини таъминлашда алоҳида ўрин тутади. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар бизнинг мамлакатимизда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Биз, тадбир қатнашчилари, шулар билан яқиндан танишдик. Қолаверса, иштирокчи давлатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасини ўрганаяпмиз. Бундай ҳамкорлик фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш имконини беради.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn