Конституциянинг янги нашри
Конституциянинг янги нашри ЎзА сурати
  • 01 Декабрь 2017

Конституциянинг янги нашри

1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди.

Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Асосий Қонунимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Ўтган давр мобайнида Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар негизида миллий қонунчилик тизими барпо этилди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳасида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлди.

Фуқароларимиз ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишда ҳам Конституциянинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир.

Ўтган даврда қабул қилинган 400 дан ортиқ қонунлар ҳаётимизнинг барча соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши Асосий Қонунимизга бўлган юксак эътибор намунаси бўлиши билан бирга, уни янада пухта ўрганиш, тарғиб этишга оид ишларни янги босқичга кўтарди, деб ёзади ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг «Ўзбекистон» нашриёти томонидан янгидан нашрдан чиқарилгани Асосий Қонунимизнинг 25 йиллик айёмига муносиб туҳфа бўлди. Конституциянинг янги нашрида сўнгги йилларда Асосий Қонунимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ўз ифодасини топган.

Китоб ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида кўп минг нусхада чоп этилди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn