Таълим тизимига янгича ёндашувлар жорий қилинмоқда
Таълим тизимига янгича ёндашувлар жорий қилинмоқда Milliy tiklanish
  • 30 Ноябрь 2017

Таълим тизимига янгича ёндашувлар жорий қилинмоқда

Таълимнинг инсон ҳаётидаги ўрни беқиёс. Айни ушбу омил турмушимиз учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Зеро, билим олиш жараёни инсон дунёқарашини шакллантириб, кўп жиҳатдан унинг келажагини белгилайди. Давлат миқёсида айнан таълим тизимининг муваффақияти ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий тараққиётни таъминлашда катта аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистон фуқароларининг таълим олиш ҳуқуқи Конституциямиз билан кафолатлаб қўйилган.

Давлат фуқароларнинг ўқиши учун кенг имкониятлар тақдим этиш орқали таълим олиш ҳуқуқини таъминлайди. Ҳаракатлар стратегиясида ҳам таълим соҳасини ривожлантириш ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Хусусан, узлуксиз таълим тизимини такомиллаштириш, таълим хизматлари сифати ва мақбуллигини тубдан ошириш, меҳнат бозорининг ҳозирги талабига мос равишда юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича аниқ вазифалар кўзда тутилган.

Республикамизни ривожлантиришнинг янги босқичида бу соҳадаги аниқ чора-тадбир-ларни ишлаб чиқиш учун жойлардаги ишлар аҳволи, одамлар фикри, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳар томонлама ўрганиш асос вазифасини ўтаётир.

Биргина жорий йилда туб ислоҳотлар таълимнинг барча босқичини қамраб олди. -Масалан, ҳозирги пайтгача болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш 30 фоиздан ошмасди. Шундан келиб чиқиб, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш “йўл харитаси” қабул қилиниб, жадаллик билан рўёбга чиқарилаяпти. Президентимиз Фармонига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифаси мактабгача таълим соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришдан иборат, деб белгиланди.

Болалар боғчаларининг моддий-техника негизи мустаҳкамланмоқда. Педагог кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг янги тизими яратилди, таълим дастурлари қайта кўриб чиқилмоқда. Айни чоғда 2018 йил 1 январдан Тошкент ҳамда Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида тажриба тариқасида давлат-хусусий ҳамкорлик асосидаги янги мактабгача таълим муассасалари иш бошлайди.

ЮНЕСКОнинг яқинда эълон қилинган “Таълимдаги ҳисобдорлик: мажбуриятларнинг бажарилиши” деб номланган маърузасида қайд этилганидек, дунё бўйлаб мактаб ёшидаги 264 миллион нафар болалар ҳамда ўсмирлар мактабга бормайди. Мамлакатимизда эса вазият бутунлай бошқача. Яъни юртимизда 9600 дан ортиқ мактаблар бўлиб, 7 дан 16 ёшгача бўлган ўғил-қизлар мактаб таълими билан 100 фоиз қамраб олинган. Шу билан бирга, 9-синфни тамомлаган ҳар бир йигит-қиз академик лицей, касб-хунар коллежида ўқишни давом эттиради. Шу йилдан бошлаб ўсмирлар мактабнинг 10 ва 11-синфларида умумтаълим мактаблари ҳамда ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ўзаро интеграциялашуви асосида ўқиш имконига эга бўлди.

Бугунги кунда республикамиз таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий қилинмоқда. Мактабларда чет тилларини ўқитиш самарадорлигини юксалтириш, касбга йўналтиришни яхшилаш бўйича комплекс чоралар рўёбга чиқарилаётир. Асосийси, замонавий ўқув дастурлари ўқувчиларни умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият ҳамда инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалби ва онгида мустақиллик ғояларини янада мустаҳкамлаш, ёт ғоя ҳамда мафкураларга қарши иммунитетини кучайтиришга йўналтирилган.

Олий таълим тизимини такомиллаштириш орқали, аввало, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг муҳим тармоқлари учун юқори малакали, энг замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш мақсад қилинган. Олий таълим мазмуни ҳам тубдан ўзгармоқда. Жорий йилда олий ўқув юртларига қабул қилиш жараёнида бакалаврлар ҳамда магистрлар учун умумий квота 14 фоиз кўпайтирилди. Абитуриентларни саралаш тизими бугунги кун талаблари асосида такомиллаштирилаяпти. Жумладан, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган қарорига асосан, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул бўйича тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлиб ўтади. Натижани абитуриентлар эртаси куниёқ билиб олади.

Маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ҳамда жисмоний тарбия соҳаларида таълим йўналишлари бўйича қабул абитуриентлардан алоҳида қобилиятни талаб этади ва шу боисдан келгуси йилдан эътиборан мазкур йўналишларга кириш ижодий имтиҳонлар натижаларига кўра, тест синовларисиз амалга ошириладики, бу истеъдодли ёшлар учун катта қулайликдир. Бугун ҳудудларда ҳам олий таълим муассасалари очилмоқда. Бундан ташқари, таълим соҳасини ривожлантириш ташқи сиёсатни фаоллаштиришнинг устувор йўналишларидан бирига айланаяпти. Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий олий ўқув юртлари филиаллари яна иккитага кўпаяди. Булар Вебстер университети (АҚШ) ҳамда “Yeoju Institute of Technology” (Корея Республикаси) филиаллари бўлиб, улар юртимиз ёшлари учун 2018 йилдан бошлаб ўз эшикларини очади.

Умуман, мамлакатимизда таълим соҳасини модернизация қилиш меҳнат ресурслари сифатини ошириш, жамият ҳаётининг барча жабҳаси тараққиётини таъминлаш, сиёсий тизимни демократлаштириш ва ҳуқуқий маданиятни мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бинобарин, сифатли таълим баркамол шахсни шакллантириш -гаровидир.

Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт 

масалалари қўмитаси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn