Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси барқарор тараққиётнинг муҳим асосидир
  • 30 Ноябрь 2017

Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси барқарор тараққиётнинг муҳим асосидир

 

Сурхондарё замини қимматбаҳо хом ашё захираларига бой. Нефть, газ, кўмир, мармар, кварцит, гранит, калий ва ош тузи, оҳак ҳамда цемент, доломит, қўрғошин, рух, мис, кумуш, олтин... Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Жуда танқис бўлган йод ва бром ҳамда уларнинг бирикмаларини ҳам айнан ушбу ҳудуддан қазиб олиш имконияти мавжуд. Бошқача айтганда, Сурхон заминида Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элемент учрайди.

Булардан давлатимиз иқтисодий тараққиёти йўлида фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида илм-фанни равнақ топтириш, инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар халқ хўжалигининг турли жабҳаларини ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда мустаҳкам замин яратаётир.

Тўполанг гидроэлектростанцияси, Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш заводи, “Шарғун кўмир” ҳамда “Хўжаикон туз” акциядорлик жамиятлари, “Хонжиза” кон-бойитиш мажмуаси каби йирик корхоналар нафақат вилоят, балки республикамиз саноати ривожида ҳам муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи одамлар ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларни янги босқичда давом эттиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Яъни бунда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ!” деган ғоя бош мақсад қилиб белгиланган. Бу воҳаликларни ҳам янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Термиз давлат университети профессор-олимлари ҳамда тадқиқотчи талабалари ҳам илмий фаолият билан астойдил шуғулланишга, жамият равнақига хизмат қилувчи инновацион лойиҳа ва ишланмаларни яратиш, уни амалиётга татбиқ этишга интилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 ноябрдаги “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Мазкур қарорда илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни илмий тадқиқот ишларига кенгроқ жалб қилиш, улар учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, хусусан, докторантурада ўқишлари учун мақсадли квоталар ажратишни ташкил этиш, илмий фаолият ҳамда таълим жараёни интегра-циялашувини янада чуқурлаштириш, илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходим ва мутахассисларини олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига кенг жалб қилиш, магистрлик диссертацияларининг дастлабки ҳимоясини амалиёт ўталган муассасаларда ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, таълим, илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, унинг натижасида инновацион ишланмалар яратиш, улардан мамлакатимизнинг илмий-технологик салоҳиятини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётимизни равнақ топтириш йўлида фойдаланиш бўйича Термиз давлат университети олимлари ҳам саъй-ҳаракатлар олиб боришмоқда.

Жумладан, университетимиз олимлари томонидан “Замонавий ядро-физикавий методлар ёрдамида гидрометаллургия корхоналари чиқинди эритмалари таркибидаги нодир металларни концентратлаш ва ажратиш” мавзуида давлат амалий-тадқиқот дастурлари доирасидаги давлат гранти бўйича илмий тадқиқот ишлари давом эттирилмоқда. Изланишлар якунида республикамиз гидрометаллургия корхоналари чиқиндилари таркибидаги жуда кам миқдордаги қимматбаҳо металларни бойитиш ҳамда уларни ажратиб олиш методлари ишлаб чиқилди. Айни пайтда уни амалиётга татбиқ қилиш мақсадида инновацион ишланмалар яратилаётир.

Барчамизга маълумки, йод ва унинг бирикмалари аҳоли саломатлигини муҳофазалашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, айни шу эҳтиёжни тўлдириш ҳамон долзарб муаммолардан бири саналади. Чунки мамлакатимиз йод манбаи ҳисобланган денгиз ҳамда океанлардан узоқ масофада жойлашган. Бундан ташқари, Марказий Осиё ҳудудида атроф-муҳит ҳароратининг жуда юқори бўлиши ҳатто тупроқ таркибидаги йод моддасининг ҳам буғланиб кетишига олиб келади. Натижада йод ўсимликлар ва озиқ--овқат маҳсулотлари орқали инсон организмига етарли миқдорда қабул қилинмайди. Бу эса турли касалликлар, хусусан, эндемик буқоқ касаллигининг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Шу боис олимларимиз мазкур муаммонинг ечимини топиш учун 2018 — 2020 йилларга мўлжалланган давлат мақсадли амалий тадқиқотлар танловига Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан таклиф этилган “Сурхондарё вилоятида ер ости шўр сувлари таркибидаги йод ва унинг бирикмаларини ажратиб олиш” мавзуидаги лойиҳани бажариш устида иш олиб бораяптилар. Бу тадқиқот натижасида вилоятимиздаги қаттиқ, водород сульфидли, таркибида йод бўлган Ховдак, Какайди ҳамда Лалмикор ҳудудларидаги ер ости шўр сувлари таркибидаги йод ва унинг бирикмалари миқдори аниқланади ҳамда ажратиб олинади. Бу эса, ўз навбатида, республикамиз халқ хўжалигининг йод ва унинг бирикмаларига бўлган эҳтиёжини қисман қондириш имкониятини яратади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, илм-фан ривожини таъминлаш, интеллектуал ресурслардан самарали фойдаланиш халқ хўжалигининг барча тармоғини -ривожлантириш, мамлакат тараққиётини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда энг муҳим омиллардан бири саналади. Бу эса илм аҳли зиммасига катта масъулият юклаб, уларни янада фаолликка ундаши табиий.

Ҳайит ТЎРАЕВ,

Термиз давлат университети профессори,

кимё фанлари доктори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn