Ўтмишнинг буюк мероси — маърифатли келажак пойдевори
  • 29 Ноябрь 2017

Ўтмишнинг буюк мероси — маърифатли келажак пойдевори

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида халқимизнинг бой ўтмиши, маданий меросини чуқур ўрганиш ва асраб-авайлаш, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллатлар ҳамда элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни ва юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Бинобарин, истиқлол туфайли халқимизнинг бой тарихи ва маданиятининг ажралмас қисмини ташкил этадиган, маънавий тараққиётимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган қадимий қўлёзмалар, санъат асарлари, осориатиқаларни сақлаш, уларни илмий тадқиқ қилиш, юртимиз ҳамда жаҳон жамоатчилиги ўртасида тарғиб этиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, бундай ноёб тарихий-маданий ашёлар нафақат халқимиз маданиятининг нодир дурдоналари, балки -жаҳон миқёсидаги йирик коллекциялар ҳисобланади.

Айни вақтда аҳоли, хусусан, ёшларимизни ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд қилиш, тарихимиз ва маданиятимизнинг номаълум саҳифаларини чуқур ўрганиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида ибратли ишлар олиб -борилаяпти.

Бу ҳақда кеча пойтахтимизда иш бошлаган “Ўзбекистон маданий мероси” мультимедиа лойиҳаси доирасида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси — маърифатли келажак пойдевори” мавзуидаги халқаро медиафорумнинг очилиш маросимида алоҳида таъкидланди.

Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилди.

Дунё илм-фанининг етакчи вакиллари, музейлар, кутубхоналар, илмий институтлар ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий олимлар ҳамда экспертлар қатнашаётган тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К. Оқилова, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Д. Бадарч ва бошқалар мазкур форумдан кўзда тутилган мақсад халқимизнинг бой маданий меросини кенг миқёсда тарғиб этишга қаратилганлиги -билан алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Лойиҳа доирасидаги янги туркум — “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари”нинг тақдимоти ўтказилди. Анжуманда Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти ҳамда Франция Миллий кутубхонасида сақланаётган бебаҳо қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга топшириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур қўлёзма нусхалари ўзига хос технологиялар асосида, қўл меҳнатидан фойдаланган ҳолда, махсус қоғоз ва ҳақиқий олтиндан тайёрланган. Шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси — дунё тўпламларида” туркумида нашр қилинган навбатдаги бешта китоб-альбом ҳамда мавзу доирасида тасвирга олинган ҳужжатли фильмлар тақдимоти ҳам ўтказилди. Шу муносабат билан 2500 дона китоб-альбомни мамлакатимиз ва жаҳондаги йирик кутубхоналар, музейлар, шунингдек, таълим муассасаларига беғараз асосда топшириш бўйича гуманитар акция уюштирилди.

Медиафорум доирасида Ўзбекистон мусиқа санъати оқшоми, қолаверса, ўзбек мусиқа санъатининг ХХ аср бошларида ёзиб олинган ва яқинда қайта тикланган илк аудиоёзувлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институтида сақланаётган, хусусан, Қуръони каримнинг Катта Лангар нусхаси, Ҳусайн Бойқаро девони сингари Ўзбекистонга оид бир қанча қўлёзмаларнинг бебаҳо факсимиле нусхалари Ўзбекистон ҳукуматига тақдим қилинди.

Икки кунга мўлжалланган халқаро медиафорум давомида санъат усталари, ўзбек миллий мумтоз мусиқаси ижрочилари иштирокидаги концерт дастурлари намойиш этилади, шунингдек, “Ўзбекистон мусиқий мероси” китоб-альбомининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Динара ЧИРКОВА олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn