«Китоб 24» акцияси: Фаол мутолаа майдони
  • 23 Ноябрь 2017

«Китоб 24» акцияси: Фаол мутолаа майдони

 

Соҳибқирон Амир Темур ўз ўгитларида “Китоб — барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, дея таъкидлайди.

Дарҳақиқат, китоб нафақат билим манбаи, балки тафаккур қайроғи, ақл чироғи, кўнгил табиби, руҳият озиғидир. Мамлакатимизда мутолаа маданиятини янада юксалтириш масаласига давлат миқёсида эътибор қаратилаётгани жисмонан соғлом, маънан етук, билимли ҳамда мустақил фикрга эга авлодни камолга етказишдек эзгу саъй-ҳаракатларга камарбаста бўлмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳам бу борадаги ишларга муносиб ҳисса қўшиб келаяпти. Ташкилот томонидан ўтказилган “Китоб 24” акцияси ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири. Мазкур акция мамлакатимизда илк бор китобхонлар ўртасида бепул китоб алмашиш, дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятини туҳфа этди.

— Ушбу лойиҳа Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Гулчеҳра Ашурова. — Акция доирасида ташкилотимиз олдидаги майдонда ҳамкорларимиз билан биргаликда бежирим китоб жавони ташкил этдик. Бу ерга мутолаа учун зарур жиҳозлар келтирилди. Эътиборлиси, жавон куну тун очиқ бўлиб, китобхонлар исталган вақтда келишлари ҳамда ундан ўзлари хоҳлаган асарни олиб ўқишлари мумкин. Кўнгиллилар бу ерга китоб совға қилишмоқда. Лойиҳада китобхон ёшлар кечалари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, турли викториналар ўтказиш ҳам қамраб олинган.

Акция доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи аъзолари ҳамда кўнгиллилар томонидан уч юзга яқин китоблар жамланди. Бу ерда миллий ва жаҳон адабиётининг дурдона асарларини, илмий-оммабоп рисолаларни, турли журналларни учратиш мумкин.

Иштирокчилар жавондан ўзлари истаган китобни олиб ўқиб, уларни тенгдошларига ҳам тавсия қилишмоқда. Майдонга жойлаштирилган махсус қутича китобхонларнинг мазкур янгиликка муносабатини ўрганиш ҳамда лойиҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилаётир. Ўрнатилган махсус камера орқали ўқувчилар бошқаларга ўзларига керакли китобни сўраб мурожаат этиши ва китоб қолдирган инсонга миннатдорлик билдириши мумкин. Фикрлар ёзиб олинган лента “Менинг юртим” телеканали орқали эфирга узатиб борилади.

— Бугунги кунда “китоб сотиб олинг”, “китоб ўқинг” каби чақириқ, ундовлар билан китобхонлар сафини кенгайтириш қийин, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Моҳинисо Тиллаева. — Ушбу жараёнда ўқувчилар эътиборини тортадиган қизиқарли, замонавий тарғибот усулларини қўллаш кўзланган самарани беради. “Китоб 24” акцияси бу борада аҳолининг, айниқса, йигит-қизларнинг талаб ҳамда истакларига мос лойиҳадир. Бу ерда биз, китобхонлар учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Бепул ва ҳамма учун очиқ Wi-Fi ҳудуди ўқувчиларнинг электрон кутубхонадан фойдаланишида айни муддао бўлмоқда. Лойиҳа давомида ташкил этилаётган кўплаб тадбирлар эса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириш, билимларини бойитиш, ўзлари севган ижодкорлар билан самимий мулоқот олиб бориши учун имконият яратаётир.

Дилшод КАРИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn