Термизда Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази очилади
  • 16 Ноябрь 2017

Термизда Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази очилади

Термиз туманида Афғонистон фуқароларини олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва кадрларни қайта тайёрлаш дастурлари бўйича ўқитиш маркази очилади.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамаси 13 ноябрь куни шу ҳақдаги қарорни имзолаган

Сурхондарё вилоятининг Афғонистон билан чегарадош Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи биносида фаолият кўрсатувчи марказ гуманитар, педагогик ва муҳандислик-техник йўналишларда олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича кадрларни тайёрлаш, шунингдек, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.

Таълим Афғонистон томонининг аризасига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасдиқлаган ўқув режалари ва дастурлари асосида кундузги ёки сиртқи шаклларда амалга оширилади. Ўқиш муддати тезлаштирилган шаклда бўлиши мумкин. Академик гуруҳлар белгиланган мақсад, миллий-маданий ўзига хосликлар ва таълим тилига боғлиқ равишда турлича шакллантирилиши мумкин. 

Афғонистон Ислом Республикасининг фуқаролари ўкиш учун тўловни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида ўқиётган чет эл фуқаролари учун назарда тутилган таълим қийматининг 50 фоизи миқдорида юбораётган томон маблағлари ҳисобидан тўлайди, тўловнинг қолган қисми “Ўзбекистон темир йуллари” АЖ маблағлари ҳисобидан қопланади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn