Ўзбекистон илм-фани: инновацион янгиланишлар даври
  • 14 Ноябрь 2017

Ўзбекистон илм-фани: инновацион янгиланишлар даври

Илм-фан мамлакат тараққиёти ва фаровонлигининг асосидир. Айниқса, барча соҳада янгиликларга интилиш ҳамда рақобат кучайиб бораётган бугунги давр иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлаб бориш учун илғор илмий ишланмалар ва техникавий ютуқлардан самарали фойдаланишни талаб этмоқда.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида шу каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ҳамда инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ҳамда технопаркларни ташкил қилишга фан соҳасини тараққий топтиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилган.

Ўтган давр мобайнида юртимизда илм-фанни ривожлантириш, илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид 35 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар юртимиздаги илмий-тад-қиқот муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника ҳамда лаборатория-тажриба базасини мустаҳкамлаш, инновацион фаолиятни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.

— Фанлар академияси таркибидаги 9 та илмий-тадқиқот институти тикланди, қатор илмий муассасалар қайта тузилди, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов. — Ўзбекистон Фанлар академиясига янги аъзолар (академиклар)ни қабул қилиш бўйича сайлов ўтказилмоқда. Муассасамизнинг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши, Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси фаолияти ташкил қилинди. Фан ҳамда инновация соҳасида 6 та устувор йўналиш бўйича 40 дан зиёд тадбирларни ўз ичига олган 2017 — 2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

2018 — 2021 йилларда Фанлар академияси, бошқа вазирлик ҳамда идораларнинг илмий-тадқиқот муассасалари бино-иншоотларини реконструкциялаш, капитал таъмирлаш учун 116 млрд. сўмликдан зиёд, илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, зарур материаллар ҳамда бутловчи қисмлар билан таъминлаш мақсадида эса 32,2 млн. АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

— Иқтисодиётнинг инновация негизида тараққий этиши кўп жиҳатдан интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича яхши ривожланган ва изчил йўлга қўйилган тизимга боғлиқ, — дейди Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев. — Интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш бўйича берилган аризаларнинг сони ҳамда уларнинг рўйхатдан ўтказилиши давлатимизнинг илмий-техник салоҳиятини намоён этади ва бу омил унинг рақобатдошлигини ҳам белгилайди. Агентлигимиз хорижий ҳамда минтақавий ташкилотлар билан кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйган. Ривожланган давлатларнинг тегишли идоралари билан патент ҳужжатлари ва патент-ҳуқуқий адабиётлар алмашиш ишларини такомиллаштириш, бу соҳадаги хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда ундан фойдаланишни ташкил қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Табиий савол туғилади: соҳага сарфланаётган куч ва маблағ ўзини қай даражада оқламоқда? Олимларнинг илмий-техник ҳамда инновацион ишланмалари амалиётга қай даражада татбиқ этилаётир?

— Давлат илмий-техник дастурлари доирасида 1750 дан ортиқ фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот лойиҳалари мамлакатимиз иқтисодиётига татбиқ қилинмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директори Маҳмуджон Болтабоев. — Жумладан, Навоий кон-металлургия комбинати базасида кўп функцияли энергия тежовчи қурилмалардан самарали фойдаланилаётир. Саноат қурилмаларининг электр тизимини равон ишга туширишни таъминловчи бу қурилмалар электр қуввати сарфини 18 фоизгача иқтисод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида полимер материали — гидрогелдан фойдаланиш технологияси қўлланилаяпти. Бу материал суғоришда фойдаланиладиган сувни 15 — 20 фоиз тежайди. Наманган вилоятида ўтказилган дала синовлари шуни кўрсатмоқдаки, технология шарофати билан ўғит сарфи ҳам 25 фоизгача камайиб, пахта ҳосилдорлиги 35 фоиз ошади. Чорвачилик ва паррандачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида маҳаллий шароитга мослаштирилган янги “Амарант” ўсимлигини экиш ва ундан кенг фойдаланиш таклиф этилди. Бу ўсимлик таркибида кўп миқдорда оқсил ҳамда протеин мавжуд. Андижон вилояти шароитида ғалладан бўшаган майдонларда ушбу ўсимлик экилганда ҳар гектаридан 2500 центнер силос олинган.

Илм-фан тараққиётига ажратилган сармоя — келажакка сармоядир. Буни ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам исботлайди.

Д. КАРИМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn