Хорижда ўқиш учун қулай имконият 
  • 13 Ноябрь 2017

Хорижда ўқиш учун қулай имконият 

Пойтахтимизда “Таълим ва мутахассислик 2017” XIV халқаро   кўргазмаси  бошланди. 

Бугунги глобаллашув шароитида ёшларнинг замонавий билим ва салоҳиятларини намоён этишлари хорижий тилларни мукаммал эгаллашлари, келажакда ўз касбининг чинакам усталари бўлиб камолга етишишларида муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Негаки, сифатли таълим мамлакат келажаги кафолатидир. Мазкур кўргазма мамлакатимиз ҳамда дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларида мавжуд бўлган касб ва мутахассислик йўналишлари билан ёшларни таништириш, касб танлашга кўмаклашиш, ҳукуматимиз томонидан таълим соҳасида навқирон авлод учун яратилаётган имкониятларни тарғиб қилишга хизмат қилади. 

 “Таълим ва мутахассислик” халқаро кўргазмасида Россия, Швейцария, Малайзия, Жанубий Корея, Белоруссия, Австралия, Бирлашган Араб амирликлари, Туркия,  Буюк Британия, Канада, Қозоғистон сингари  йигирмадан ортиқ давлатларнинг элликдан зиёд олий таълим муассасаларидан вакиллар таклиф қилинган. Эътиборлиси, кўргазмада бугунги бозор шароитида энг кўп талабга эга бўлган мутахассисликлар билан таништирувчи ўзига хос таълим дастурлари, интенсив асосда хорижий давлатларда тил ўрганиш марказлари  хизмати ҳам тақдим этилган. 

Кўргазмадан кўзланган асосий мақсад, ёшларимизни юртимиз ҳамда  хорижий мамлакатлар таълим тизимининг замонавий усуллари билан яқиндан таништириш, ўқув муассасалари ўртасида ўзаро тажриба алмашишга кўмаклашишдир. 

— Келажакда ахборот технологияси соҳасида таҳсил олишни мақсад қилганман,  — дейди Тошкент ирригация ва мелиорация институти қошидаги “Интерхаус” академик лицей ўқувчиси Даврон Пўлатов. — Бу ерда Буюк Британия ўқув муассасалари таклифи менга маъқул келди. Инглиз тилини мукаммал билганим эса хорижда таҳсил олишимда менга қўл келиши, шубҳасиз. 

—Хорижда, хусусан, Швейцарияда билим олиш истагида бўлган ёшларни ушбу мамлакат олий ўқув юртлари, уларнинг турли давлатлардаги филиаллари, ушбу ўқув масканларида  хорижлик талабалар учун яратилган имконият, шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан таништиряпмиз, —дейди Швейцария туризм  менежменти ва меҳмонхона иши халқаро институтининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича консультанти Фарида Жолтаева.  —  Суҳбат давомида англаяпмизки, ўзбекистонлик ёшлар нафақат интилувчан, билимга чанқоқ, шунинг баробарида хориж тилларини мукаммал билиши, мустақил фиклаши билан эътиборимизни тортди.

“Таълим ва мутахассислик 2017” халқаро кўргазмаси 17 ноябрга қадар Фарғона, Самарқанд ҳамда  Бухорода шаҳарларида бўлиб ўтади.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn