"Microsoft" корпорациясининг МДҲ мамлакатларидаги бош директори Рональд Бинкофски Ўзбекистонда
  • 08 Ноябрь 2017

"Microsoft" корпорациясининг МДҲ мамлакатларидаги бош директори Рональд Бинкофски Ўзбекистонда

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида "Microsoft" корпорациясининг МДҲ мамлакатларидаги бош директори Рональд Бинкофски билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, давлат бошқарувида булутли технологияларни, юридик ва жисмоний шахслар учун "Microsoft" ечимларини жорий қилиш, "Microsoft" дастурий маҳсулотларини легаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар таълим тизимидаги ҳамкорлик, хусусан талабалар ва аҳолини ўқитиш тизимини ташкил этишда "Microsoft" сервис ва маҳсулотларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди.

"Microsoft" делегацияси ташрифи доирасида семинар ташкил этилди. Унда корпорациянинг Европа бош офисидан келган юқори малакали экспертлар электрон ҳукумат яратиш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди. Жумладан, жорий этилаётган тизимларнинг архитектураси, ёндашуви, бошқа мамлакатлар тажрибаси, электрон ҳукумат концепциясини амалга оширишда давлат дата-марказларидан фойдаланиш вариантлари ҳақида сўз борди.

Маълумот учун: 1975 йилда асос солинган "Microsoft" корпорацияси дастурий таъминот ишлаб чиқариш, инсонларнинг салоҳиятини намойиш этишга хизмат қиладиган инновацион хизмат ва ечимларни ишлаб чиқаришда жаҳонда етакчи ҳисобланади.

Корпорация корпоратив ва индивидуал фойдаланувчилар учун кенг қамровли асбоб-ускуналар ва хизматларни тақдим этади, бутун дунёдаги инсонларга иш жойида ва уйида янги имкониятлар яратади. Қурилмалари ва хизматларига иш ўрни ва тармоқ амалий тизимлари, мижоз-сервер муҳитлари учун сервер иловалари, фойдаланувчилар учун бизнес-иловалар ва офис иловалари, интерактив дастур ва ўйинлар, дастурлаш воситалари ва интернет тармоғида ишлаш учун воситалар киради. Бундан ташқари, "Microsoft" интерактив (онлайн) хизматлар тақдим этади, компьютер мавзуларида китоблар нашр этади, компьютерлар учун периферик ускуналар ишлаб чиқаради, янги компьютер технологияларини тадқиқ этиш ва ривожлантириш билан шуғилланади.

Корпорация 190 давлатда фаолият олиб боради. Унинг маҳсулотларини аксарият персонал компьютерлар қўллаб-қувватлайди ва жаҳоннинг 45 тилига таржима қилинади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn