Тенги йўқ хазина
  • 02 Ноябрь 2017

Тенги йўқ хазина

Ҳар бир юрт, ҳар бир халқнинг тарихи, уларнинг ижтимоий, маънавий ҳаёти ҳақидаги аниқ маълумотларни билишда, ҳеч шубҳасиз, ёзма манбаларнинг ўрни беқиёс. Алоҳида қайд этиш керакки, юртимизда энг бой қўлёзма мерос жамланган бўлиб, уларнинг асосий қисми Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Мазкур қўлёзмалар фонди жаҳон миқёсида улкан аҳамиятга эга бўлиб, ноёб илмий ва маданий бойликлар сифатида 2000 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Институтда етмиш беш мингдан ортиқ қўлёзма, тошбосма асарлар, тарихий ҳужжатлар билан бир қаторда, республикамиздаги бошқа илмий-маърифий муассасалар, музейларда сақланаётган ёзма ёдгорликлар, қўлёзма, тошбосма асарларни ҳам чуқур тадқиқ этиб, илмий-амалий муомалага киритишга алоҳида эътибор берилаётир. Президентимизнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур эзгу саъй-ҳаракатга янгича шижоат бағишлади.

Ёзма манбалар бундан бир неча аср муқаддам битилгани боис, албатта, тегишли даражада сақланиши, реставрация қилиниши лозим. Бинобарин, ҳужжатда айни шу масалага алоҳида эътибор берилиб, бу муҳим жараённи замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар ёрдамида амалга ошириш, ушбу соҳа бўйича фаолият кўрсатаётган ходимларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш — ойлик иш ҳақига 30 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши белгиланган. Шу билан бир қаторда, Шарқшунослик институтида мавжуд фондни муттасил равишда бойитиб бориш масаласига ҳам аҳамият қаратилган. Зеро, мутахассисларга яхши маълумки, буюк аждодларимиз томонидан яратилган қимматбаҳо мероснинг маълум қисми турли сабабларга кўра хорижий юртларга олиб кетилган. Жумладан, Абу Мансур Мотуридий қаламига мансуб “Китоб ат-Тавҳид”нинг эҳтимол ягона қўлёзма нусхаси Буюк Британиянинг Кембриж университети қўлёзмалар фондида сақланади. Маҳмуд Замахшарийнинг фиқҳ илмига бағишланган “Руус ал-масоил фил фиқҳ” (“Фиқҳий масалаларнинг қаймоғи”) номли асарининг ноёб қўлёзмаси Ирландия пойтахти Дублин шаҳридаги таниқли коллекционер Честер Биттининг шахсий фондида турибди. Ана шу каби ноёб илмий-маънавий бойликларни юртимизга қайтариш, лоақал улардан нусха олиш айни муддаодир. 

Президентимиз қарорида илмий-маънавий, тарихий-маданий меросимиз намуналарини ҳар томонлама чуқур ўрганиб тадқиқ қилиш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон илм-фани ҳамда цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини юртимизда ҳам, хорижда ҳам тарғиб этиш кўрсатилган. Ёзма манбаларнинг тадқиқоти ва таржимаси нафақат ўзбек тилида, балки тегишли илмий изоҳлари билан биргаликда хорижий тилларда ҳам нашр этилиши, кенг кўламда илмий муомалага киритилиши асосий вазифалардан ҳисобланади.  

Бу каби хайрли ишларни амалга оширишда  давлатимиз раҳбари ташаббуси ва раҳнамолигида ташкил этилган Сурхондарёдаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қаршидаги Абу Муин Насафий илмий-тадқиқот маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази каби илмий муассасаларнинг ҳиссаси салмоқли бўлади, албатта.

Ўрни келганда яна бир муҳим жиҳатни айтиб ўтиш жоиз. Бундан минг йиллар олдин самарали фаолият кўрсатган, хусусан, диёримизда илм-фан ва маданият гуркираб ривожланган  IX — XII асрларда яшаб ижод қилган буюк алломаларимиз ҳамда мутафаккирларимиз ўз асарларини, асосан, ўша давр тақозосига кўра, араб тилида битганлар. Шундай экан, ҳозирги давр тадқиқотчиси ана шу қўлёзмаларни ўқиш ва уни замонавий талабларга жавоб берадиган даражада тадқиқ этиши учун ўрта асрларга хос араб тилини ҳам пухта билмоғи зарур. Демак,  Шарқ тиллари ўқитиладиган олий таълим даргоҳларининг масъулияти ҳам янада ошиши, шубҳасиз. 

Бобокалонларимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ва улар қолдирган бой маънавий меросни чуқур ўрганиш -Президентимиз қарорида таъкидланганидек, юртдошларимиз, энг аввало, ёш авлодимизни халқимизнинг буюк маънавий меросига ҳурмат, она-юртимизга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилгани билан ҳам долзарбдир.

Убайдулла УВАТОВ,

Имом Термизий халқаро

илмий-тадқиқот 

маркази директори, 

тарих фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn