Китобни дўст тутган қалб
  • 27 Октябрь 2017

Китобни дўст тутган қалб

Халқимизда: “Эзгулик эзгуликка йўл очади”, “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деган ҳикматли сўзлар бор. Зеро, эл-юрт манфаатини ўйлаб, ўз ҳузур-ҳаловатидан кечадиган фидойи одамларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати бошқалар учун ибрат вазифасини ўтайди. Бундай кишилар чин кўнгилдан ўзгаларга кўмак беришни ҳаётий шиорига айлантирган бўлса-да, бу борадаги мақсадларини билдирмасдан, сездирмасдан бажаришни хуш кўришади. Бироқ яхшилик барибир яхшилик-да: унинг самараси тез кўзга ташланади,  маҳалла-кўй, қўни-қўшни, жамоатчилик томонидан мамнуният билан қабул қилинади.

Риштон туманида яшовчи Дилшод Болтабоев ҳам ўзгаларга яхшилик қилишдек эзгу ниятнинг этагидан тутган юртдошларимиздан биридир. У оддий оиладан чиққан, аёли, икки нафар фарзанди бор. Ота-онаси ўқитувчи бўлишган, айни пайтда нафақада. Ўзи эса тадбиркорлик билан шуғулланади. Аммо, гап шундаки, у айримлардан фарқли ўлароқ, топган-тутганини данғиллама иморат кўтариш ёки замонавий машиналар учун эмас, одамларга яхшилик қилишга, кўмакка муҳтожларга ёрдам беришга сарфлашни хуш кўради, шундан завқланади.  

Куз-қиш мавсумида печка, қувур, ёзда эса, асосан, банка сотадиган бу йигитнинг даромади мақтангулик эмас, бироқ минг сўм топса, ёнига ўн минг сўм қўшиб, хаста ётган бирор қўшниси ёки танишининг ҳол-аҳволидан хабардор бўлишни канда қилмайди. Маҳалласида бирор муаммо туғилса, шуни бартараф этишга кўмаклашиш учун шошади. Қисқаси, ҳар қанча гапирсак, хислатларини эътироф этсак арзийдиган шу йигит яқинда бир ташаббусга қўл урди. 

Яъни Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрда имзоланган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори эълон қилингач, у анчадан бери ўйлаб юрган нияти — бозор ҳудудида бир кутубхона ташкил этиш ҳаракатига тушиб қолди. Бу ниятини ижтимоий тармоқлар орқали билдириб, бунинг учун унга босма китоблар юбориш мумкинлигини эълон қилди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 28 йил тўлган кунда Риштон шаҳри марказидаги деҳқон бозори ҳудудида 400 га яқин китобни жамлаган “Рошидоний” номидаги халқ кутубхонаси очилди. Катта китоб жавонини эса Дилшод ўз ҳисобидан ясаттирди.

— Давлатимиз раҳбари қаерда, қайси йиғилишда бўлмасин, албатта, китоб ҳақида гапиришларидан жуда таъсирландим, — дейди у. — Болаликдан китоб ўқишни яхши кўраман. Бир одамнинг қўлида китоб кўрсам, у билан танишгим, дўстлашгим келади. Президентимизнинг китобга бўлган юксак эътибори эса менга қанот бағишлади. Меҳр ва иштиёқ билан кутубхона ташкил этишга киришдик. Очиғи, 15 — 20 кунда бунчалик кўп китоб йиғилади, деб ўйламагандик. Жавонимизга баъзи китоблар сиғмай ҳам қолди. Таниқли ёзувчи ва шоирлар ўз асарларини юборишганида, айниқса, бошим осмонга етди. Китоб жўнатган маърифатпарвар юртдошларимизга раҳмат.

Янги иш бошлаган кутубхонанинг бошқаларидан фарқи шундаки, унга аъзо бўлиш шарт эмас. Бу ерда маърифий китоблардан тортиб, Алишер Навоий, Фёдор Достоевский, Александр Дюма, Чингиз Айтматов, Абдулла Қаҳҳор, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Орипов асарларигача мавжуд.

— Кутубхонадан фойдаланиш бепул, — дея сўзида давом этади Д. Болтабоев. — Истаган киши китобни олиб, ўқиши мумкин. Зиё масканимиз иш бошлаган куннинг ўзидаёқ бир неча киши келиб, китоблардан олиб кетди. Шу ерда ҳам ўқишаяпти. Кундан-кунга сафи ортиб бораётган, айрим асарлар учун навбат ёздириб кетаётган одамларни кўриб, кайфиятим янада кўтарилади. Чунки мутолаага ошно бўлган киши ҳар доим эзгуликни ўйлайди. Яхши асар қобилиятни чархлайди, зеҳнни ўткир қилиб, нафсни тарбиялайди. 

Ташаббускор йигит китоблар кўпайгач, яна бир ишга қўл урмоқчи. Имконияти чекланган ёки кам таъминланган оилалар фарзандлари учун уйма-уй, қишлоқма-қишлоқ юриб, китоб тарқатишни дилига туккан. 

Давлатимиз раҳбарининг қарорида “...жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она-Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда”, дея таъкидланган. Эзгу мақсад ва муддаолар билан фаолияти йўлга қўйилган янги кутубхона ҳам ана шундай улуғвор ўзгаришларнинг ўзига хос ифодасидир. 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn