Халқаро тажриба, янги ишланмалар ва амалиёт
  • 27 Октябрь 2017

Халқаро тажриба, янги ишланмалар ва амалиёт

Навоий шаҳрида “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.

Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи чоғида Зарафшон воҳаси салоҳияти, табиий бойликлари, хом ашё ресурслари хусусида сўз юритиб, мазкур ҳудуд имкониятларидан фойдаланишнинг барча чорасини кўриш, инновацион технологияларни жалб қилиш ҳамда ушбу мақсадлар рўёби йўлида халқаро конференция ўтказиш ғоясини илгари сурган эди. Шу асосда анжуманга пухта ҳозирлик кўрилди. Дунёнинг барча қитъасидаги кончилик, кимё технологиялари, машинасозлик, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги нуфузли илмий-тадқиқот институтлари, тармоқларнинг етакчи компанияларига таклифномалар юборилди. Мазкур нуфузли тадбирга тақдим этилган илмий ишланмалар ҳамда маърузалар мутахассислар томонидан саралаб олинди.

— 154 та маъруза танланиб, улар инглиз тилига таржима қилинди ва яхлит тўплам ҳолида нашр этилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бош илмий котиби Бахтиёр Ибрагимов. — Маърузаларни 19 мамлакатдан ташриф буюрган 60 нафарга яқин олимлар ҳамда етакчи компаниялар вакиллари ва мамлакатимизнинг халқаро даражада эътироф топган тадқиқотчилари тақдим қилаяптилар.

Халқаро анжуманнинг очилиш маросими ҳамда ялпи мажлисида саккиз нафар олим воҳанинг салоҳияти ва инновацион ёндашувга эҳтиёж сезилаётган тармоқлари, бу борада эришилган ютуқлар, муаммо ҳамда истиқболдаги вазифалар бўйича чиқиш қилди. Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Навоий давлат кончилик институти ректори, профессор Қувондиқ Санақулов ҳудуднинг кончилик, кимё, энергетика ва машинасозлик соҳасидаги салоҳиятига атрофлича тўхталиб, тармоқларда истиқлол йилларида жорий этилган инновацион ишланмалар, айниқса, кончилик саноатидаги модернизациялаш тадбирлари ҳамда йирик инвестицион дастурлар нодир металл ва минерал хом ашёлар ишлаб чиқаришда самарадорликни юксалтириш имконини берганлигини таъкидлади.

— Комбинатимиз тизимидаги биргина 2-гидрометаллургия заводига татбиқ қилинган инновацион ишланмалар корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини 1,9 баравар оширди, — деди Қ. Санақулов. — Кончилик — мураккаб соҳа. У доимий янгиланиш ҳамда ноанъанавий илмий ёндашувларни тақозо этади. Шу боис Юртбошимизнинг мазкур ташаббуси воҳада барча тармоқ равнақида янги даврни бошлаб бериши, шубҳасиз.

Конференцияда, шунингдек, Буюк Британиянинг Лидс, Австриянинг Линц университетлари, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси Фанлар академиясининг олимлари маъруза қилдилар. Улар ўз чиқишларида воҳанинг кончилик саноатида юксак технологияга асосланган бошқарувни жорий этиш бўйича ишланмалари, имкониятлар ҳамда уларни Зарафшонда қўллаш шароитлари, кончиликда бирламчи ва етакчи техникалар самарадорлигини кучайтиришнинг илмий янгиликлари, механизмлари бўйича синовдан ўтган лойиҳаларини тақдим қилдилар.

Тадбир доирасида матбуот анжумани ўтказилди. Унда конференциянинг дастлабки куни якунлари хусусида сўз борди.

— Мазкур анжуманда қатнашиб, ўз кашфиётлари туфайли халқаро миқёсда тан олинган нуфузли олимлар билан танишиш баробарида, дунёнинг етакчи илмий-тадқиқот институтларида тайёрланган инновацион ишланмалар билан ҳам танишаяпмиз, — дейди Австриянинг Линц университети профессори Андреас Мюллер. — Бу барчамиз учун ўта муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга тадбирдир.

Конференция беш шуъбага бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирмоқда.

Анжуманнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Қ. Турсунов иштирок этди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn