Барқарор ривожланишнинг муҳим шарти нимада? 
  • 26 Октябрь 2017

Барқарор ривожланишнинг муҳим шарти нимада? 

Пойтахтимизда “Инновация — 2017” анъанавий халқаро илмий-амалий анжумани бошланди.

Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда бошқа қатор ташкилотлар томонидан уюштирилган тадбирда таълим, илм-фан соҳаси, саноат тармоқлари вакиллари, тадбиркорлар, ёшлар, шунингдек, Германия, Япония, Норвегия, Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларидан олимлар иштирок этмоқда.

Анжуманнинг очилишида сўзга чиққанлар инновациялар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни кучайтириш, янги саноат ва молиявий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳсулот сифатини ошириш ҳамда унинг рақобатбардошлигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. 

— Инновациялар давлатларнинг энг муҳим стратегик ресурсларидандир, — дейди Токио университети профессори Акира Уеда. — Шунга мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида юксак технологиялар самарали қўлланилаётгани, тадқиқотларга катта эътибор қаратилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу анжуман ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун қулай имконият яратди. Биз, Япония вакиллари “Орол инқирозининг флора ва фаунага салбий таъсири” мавзуида маърузалар қилдик.     

Стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази директори, профессор О.Қодировнинг айтишича, Ўзбекистонда инновацион тараққиёт йўлига ўтиш учун барча зарур шароит мавжуд. Мамлакатимиз бой интеллектуал, саноат ва ресурслар салоҳиятига эга. Бундан ташқари, ноёб фундаментал ва амалий тадқиқотлар, жумладан, инновацион лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган академик ва олий ўқув юртлари, илм-фаннинг ривожланган тармоғи мавжуд.

Мазкур халқаро илмий-амалий анжуман олимлар, саноат вакиллари, тадбиркорлар ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлашга қаратилгани билан долзарбдир. 

“Инновация — 2017” конференцияси ёшлар ва таълим масалалари, иқтисодиёт тармоқларида инновацион жараёнлар, табиий, минерал-хомашё ва ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоларини ҳал этишнинг усуллари, тоғ-кон иши ҳамда металлургия, технологик жараёнлар ҳамда объектларни бошқаришнинг автоматик ҳамда автоматлаштирилган тизимлари каби саккиз йўналишни қамраб олган.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn