Тафаккур дунёсига йўл
  • 21 Октябрь 2017

Тафаккур дунёсига йўл

Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини -ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори маънавий ҳаётимизни юксалтиришда улкан аҳамиятга эга. Жумладан, мазкур -ҳужжат китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш каби кўплаб масалаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Мутолаа маданиятини оширишга ҳар қачонгидан-да кўпроқ эътибор қаратилаётган бугунги кунда зиё масканларида ҳам диққатга сазовор ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, тизимда -муаммога дуч келаётган маърифат масканлари ҳам йўқ эмас. Хўш, бугун Тошкент вилояти -“Турон” ахборот-кутубхона маркази давр талабларига қай даражада жавоб беради?

Маърифатпарвар Абдулла Авлоний ташаббуси билан бундан юз йил муқаддам ташкил этилган ушбу зиё маскани айни пайтда Тошкент вилояти “Турон” ахборот-кутубхона маркази сифатида фаолият юритади. Марказда 400 мингга яқин нодир адабиётлар жамланган. 1943 йилда кутубхона ўзининг Шарқ тилларидаги 13 минг нусха ноёб адабиётини Беруний номидаги Шарқшунослик институтига топширган. Шунга қарамай, ҳозир бу ерда тўрт ярим минг нусха нодир нашрлар мавжуд. Бу рўйхатга 1918 йилдан буён чоп қилинаётган газета-журналлар жамламасини, 97 номдаги даврий нашрлар тўпламини киритиш мумкин. Китоблар фондида 1816 — 1850 йилларда чоп этилган асарлар ҳам сақланади.

Бир оила аъзолари кўчса, қанча ташвиш туғилади. Захираси 400 минг китобдан иборат зиё маскани кўчса-чи? Кутубхонани бир манзилдан бошқа жойга кўчириш ниҳоятда машаққатли иш. Гап фақатгина жисмоний меҳнат ҳақида кетаётгани йўқ. Бу жараёнда ноёб адабиётларнинг сифати бузилади, йўқотишларга йўл қўйилади. Қарангки, кейинги йигирма йил орасида “Турон” ахборот-кутубхона марказининг манзили тўрт марта ўзгарди. 2006 йилда пойтахтнинг Эски шаҳар мавзеи, Маҳсидўзлик кўчасидаги 25-уйдан Хадра майдонидаги ўқувчи ёшлар саройига кўчирилди. Орадан уч йил ўтар-ўтмас, Матбуотчилар кўчасидаги 32-уйга жойлаштирилди. Сўнгра Қўйлиқ мавзеидаги саноатлашган ҳудуд ҳисобланган Қурувчилар кўчасидаги 1-уйга кўчиб ўтди. Вилоят кутубхонаси шу асно пойтахтнинг “Бинокор”, “Ўрта масжид” каби маҳаллаларига ҳамда 206, 212, 23-мактаб ўқувчиларига хизмат кўрсата бошлади.

Эндиликда марказ жамоасини “кўчиш” деган навбатдаги синов кутиб турганлиги аниқ. Чунки Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Республика ахборот-кутубхона маркази директорининг 2017 йил 19 сентябрдаги буйруғида вилоят ҳудудий бўлими раҳбариятига “Турон” ахборот-кутубхона марказига янги бино ажратиш учун Тошкент вилояти ҳокимлигига таклиф -тайёрлаш вазифаси юклатилган.

Буни адолатли ечим сифатида баҳолаш мумкин. Чунки мазкур кутубхона жойлашган ҳозирги ҳудуд ўқувчилар сонини кескин камайтириб юборди. Гарчи марказ маъмурияти томонидан юқори ташкилотларга тақдим қилинаётган ҳисоботларда муассасанинг тўлақонли фаолияти акс эттирилган бўлса-да, марказ директори ўринбосари Наргиза Қўзибоева билан бирга ўқув залларига кириб бирорта ҳам китобхонни учратмадик.

Бир пайтлар “Турон”да ўтказилган бири-биридан мазмунли тадбирларни, китобхонларга хизмат кўрсатиш маданиятини адабиётга ошно бўлган ўрта ва кекса авлод вакиллари ҳанузгача унутишмаган. Ҳозир эса вилоятдаги мавжуд 102 та ахборот-ресурс маркази билан бўлган алоқаларда ҳам муаммолар бор.

— Яқинда марказ томонидан ўтказилган бир ҳафталик семинар жуда фойдали бўлди. Фақатгина бу масканга келиб-кетишнинг қийинлиги ҳисобга олинмаса, барчасини ижобий баҳолаш мумкин, — дейди Қибрай туманидаги Чингелди маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ахборот-ресурс маркази раҳбари Дилдора Қосимова.

“Турон” ахборот-кутубхона марказининг вилоят ижтимоий, маънавий-маданий ҳаётида ўз ўрни бўлиши шарт, деб ҳисоблайдилар бу ердаги мутахассислар. Афсуски, марказда ташкил этилган кўргазмали тарғибот воситаларида вилоят ҳаётига оид жараённи кузатмадик. Маҳаллийчиликка йўймасдан, вилоятда туғилиб ижод қилган ёзувчилар ҳақида ёки “Дўрмон” ижод уйи фаолиятига оид кўргазма ҳамда стендлар тайёрлаш мумкин эди-ку?

Марказнинг вилоят ҳаётидан бир оз узоқлашиб қолганлигини қуйидаги далиллар ҳам исботлайди. Ахборот-кутубхона марказида фуқаролардан тушган оғзаки ва ёзма мурожаатларни қайд этиш дафтарида жорий йилнинг 9 ойи давомида биргина мурожаат келиб тушганлиги битилган, холос. Олти мингга яқин аъзолари бор (вилоятда салкам 3 миллион аҳоли истиқомат қилади) кутубхона учун бу кўрсаткич бугунги аҳволни аниқ кўрсатиб турибди.

Кўп бўлгани йўқ: “Тошкент ҳақиқати” газетасида китобхонликка бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди. Марказ директори Дилдора Абдуазизовадан мутахассис сифатида ушбу мақолага муносабатини сўраганимизда “Биз вилоят газетасини олмаймиз”, деган жавобни эшитдик. Ажабо, вилоятнинг бош зиё масканида вилоят газеталарининг бўлмаслигини қандай изоҳлаш мумкин?

Шаҳар, туман ҳокимликлари, йирик корхоналар маъмурияти муассислигида вилоятда 30 га яқин газеталар нашр қилинади. Бу ерда кўплаб матбаа корхоналари мавжуд. Вилоят босма оммавий ахборот воситаларини олиш, жамлаш ҳамда ўқувчиларга тақдим этиш учун республика юқори ташкилотларининг кўрсатмасини кутиб ўтириш шарт бўлмаса керак.

Ахборот-кутубхона марказининг нодир ва ноёб бойликларидан вилоят аҳли, мамлакатимиз аҳолиси бирдек баҳраманд бўлиши лозим. Бунинг учун марказ фаолиятини намунали йўлга қўйишга етарлича шарт-шароитлар яратиб берилиши тақозо қилинади. Афсуски бугунги шарт-шароит, мавжуд техника воситалари талабга жавоб бермайди. Компьютерлар эскирган, малакали мутахассислар етишмайди. Шу боис кўпгина муштарийлар “Турон”ни пойтахт вилоятининг янгидан бунёд этилаётган маъмурий марказига кўчириш ҳақидаги ҳақли таклифни ўртага ташламоқдалар.

Янги қурилаётган Нурафшон шаҳрининг энг кўркам биноси пештоқига “Турон” ахборот-кутубхона маркази” деб ёзилса, қандай хайрли иш бўлар эди. Бу билан унинг вақтинчалик мавжуд муаммоларига ҳам ечим топилар, энг муҳими эса, нодир ҳамда ноёб адабиётлардан -фойдаланаётганлар сони кескин кўпаярди. Зеро, зиё масканлари ишлаши керак, унга “ором” ярашмайди.

 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn