Таълим соҳасидаги ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда
  • 10 Октябрь 2017

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таълим соҳасини ислоҳ қилиш, касб-ҳунар таълими тизимини янада ривожлантириш ва олий таълимнинг бакалавр йўналишига қабул бўйича тест синовларини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. 

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг қобилият ва истеъдодини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини юксалтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. 

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш борасида қатор вазифалар белгиланган. 

Ҳужжатда таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасалари қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш баробарида уларни замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган. 

2017 — 2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада замонавийлаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллиги босқичма-босқич ривожлантириб борилади. 

Кейинги бир йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг етмишга яқин Фармон, қарор ва фармойиши қабул қилинди. Бу том маънода таълим тизимидаги ўзгариш ва янгиланишлар жараёнини бошлаб берди. 

Ўрта махсус таълим тизимига жорий йилда 10-синфларга ўқувчилар қабул қилиш қайта йўлга қўйилди. Бу академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қабул жараёни билан баробар олиб борилди. Бунда ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинди. 

Президентимиз соҳада амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича ота-оналар ва ўқувчиларнинг фикрларини инобатга олиш, улар билан «очиқ эшиклар» куни каби тадбирлар ташкил қилиб, турли учрашувлар ўтказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

2016/2017 ўқув йилида умумтаълим мактабларини тамомлаган 466 мингдан ортиқ ўқувчиларнинг 288 минги, яъни 60 фоиздан зиёди 10-синфда ўқишни давом эттирмоқда. 

Йиғилишда ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, ўқувчиларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Бунда ёшларнинг улуғ аждодларимиз меросини ўрганиши, уларга муносиб авлод бўлиб вояга етиши муҳим аҳамият касб этади. 

Улуғ аждодимиз Муҳаммад Хоразмий номидаги чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид мактаб ташкил этилиши ҳам айнан ана шу вазифани амалга оширишдаги илк қадам бўлди. Мазкур мактаб фаолиятининг йўлга қўйилиши ушбу соҳаларда кадрларни ёшлигиданоқ тайёрлаб бориш, уларнинг етук ва замон талабларига жавоб берадиган мутахассислар бўлиб улғайишига замин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва «Астрономия ва аэронавтика» боғини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди. 

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти қошида математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқур ўргатишга -ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади. 

Ушбу мактабларнинг асосий вазифаси этиб юқори малакали ва билимдон ўқитувчи-педагоглар базасини шакллантириш билан бирга, чет тилини ўқитишга ҳам устувор аҳамият қаратиш зарурлиги белгиланган. Бу каби ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилаётгани ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. 

Йиғилишда ҳудудлар имконияти ва салоҳиятини ўрганган ҳолда, 8-9-синф ўқувчиларини касбга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу таълимнинг кейинги босқичида ўқувчиларнинг ҳунар эгаллашида янги имкониятлар яратади. Эндиликда умумтаълим мактабларида битирувчиларни 50 га яқин касбга ўргатиш йўлга -қўйилади. Бунинг учун касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари негизида замонавий жиҳозланган ўқув-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, баъзи касб-ҳунар коллежлари тегишли вазирлик ва идораларга, корхона-ташкилотларга бириктирилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда. Бу кадрлар тайёрлашда мазкур муассасаларнинг улушини ошириш ва кафолатланган иш ўринларини яратиш имконини беради. 

Президентимиз соҳа раҳбарларига бу борада жойларга чиқиб, қайси ҳудудга қандай соҳа бўйича мутахассислар зарурлигини ўрганиб чиқиш вазифасини топширди.

Йиғилишда таълим муассасалари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини -такомиллаштириш, ёшларга замонавий талаблар асосида таълим бериш бугунги куннинг асосий масалаларидан биридир. Бу борада олий таълим муассасаларига бўладиган тест синовларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. 

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга таълим тизими, хусусан, олий таълим муассасаларининг бакалавр йўналишига бўладиган тест синовларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, бунда ривожланган давлатларда синовдан ўтган энг илғор тажрибаларга алоҳида аҳамият қаратиш, тест синовларининг очиқлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди. 

ЎзА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn