Узлуксиз таълимнинг ҳуқуқий пойдевори
  • 07 Октябрь 2017

Узлуксиз таълимнинг ҳуқуқий пойдевори

Мактабгача таълим тизими келажак авлодни тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда асосий пойдевор вазифасини ўтайди. Бинобарин, мактабга боғчадан келган боланинг фикрлаши ҳамда дунёқарашида фарқ катта бўлишини кўп бора кузатганмиз.

Президентимизнинг  “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ўз вақтида қабул қилинган -муҳим ҳужжатдир.

Хўш, унинг долзарблиги нимада?

Фармонда қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоиздан зиёдроқ камайган бўлиб, бугунги кунда республика бўйича болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олиниши 30 фоизни ташкил қилади, холос. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси ҳам замонавий талабларга деярли жавоб бермайди.

Қолаверса, ҳудудларда мактабгача таълим муассасаларида кўпроқ ўрта махсус маълумотли кадрлар фаолият юритаётгани боис мактабга тайёрлов гуруҳларида машғулотлар етарлича ўтилмаётгани, кўплаб боғчалар бинолари талабга жавоб бермаслиги, айниқса, болалар қамрови туманлар кесимида олинганда, 18 — 20 фоизни ташкил этиши ҳеч кимга сир эмас.

Мазкур ҳужжатда соҳада ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялашда хорижий тажрибалардан кенг фойдаланиш, уларга шарт-шароитлар яратиш, болалар қамровини босқичма-босқич кенгайтириш, ёш авлодда китоб ўқишга қизиқиш уйғотиш, уларнинг соғлом ва тўғри овқатланишини ташкил қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш каби жуда долзарб масалалар қамраб олинган. Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ҳамда педагог ходимларининг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ҳам ўта муҳим масалалар сифатида кўрсатилгани, айниқса, эътиборга молик.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги тузилиши бу борадаги бошқарув тизимини такомиллаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Энди идоравий мансублигидан қатъи назар, давлат тасарруфидаги барча мактабгача таълим муассасаси мазкур вазирлик тизимига ўтказилади.

Вазирлик зиммасига бир қатор муҳим вазифалар юклатилди. Хусусан, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олиб, мактабгача ёшдаги болаларни ҳар жиҳатдан интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш, давлат ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳисобига фарзандларимизни мактабгача таълим муассасаларига босқичма-босқич тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш ана шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларини миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ҳамда ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш, тажрибали юқори малакали, касбий жиҳатдан пухта тайёрланган педагог кадрлар ва тарбиячиларни ўқув-тарбия жараёнига жалб қилиш кабилар ҳам вазирликнинг диққат-эътиборида бўлади.

Умуман, Фармон узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини саналмиш мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг давлат ҳамда нодавлат тармоғини кенгайтириш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлашда дастуриламалга айланади.

Биз, сенаторлар ана шу вазифалар ижроси йўлида бор куч-ғайратимизни ишга соламиз.

Гулчеҳра САТТОРОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn