Таълим тизими юксак мезонлар асосида ривожлантирилади
  • 06 Октябрь 2017

Таълим тизими юксак мезонлар асосида ривожлантирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизни барқарор тараққий топтириш ҳамда модернизация қилиш шароитида кадрлар тайёрлашнинг ҳозирги ҳолати, 11 йиллик таълимни жорий қилиш, коллежларда таълимни ислоҳ этиш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Сиёсий партиялар фракциялари вакиллари, олий ва ўрта махсус таълим ҳамда халқ таълими вазирлари, соҳа мутасаддилари қатнашган йиғилишда Ҳаракатлар стратегиясида таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, хусусан, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида кўзда тутилган вазифалар ижросининг бориши, умуман, тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалалари депутатлар эътиборида бўлди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан умумий ўрта таълимда 11 йиллик таълим тизими жорий этилгани, касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантиришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилаётгани, олий таълим тизимида ҳам малакали кадрлар тайёрлаш масаласи тубдан қайта кўриб чиқилиб, бир қатор янги олий ўқув юртлари ташкил қилингани тараққиётимизнинг бугунги даврида энг тўғри ҳамда одилона қарордир. Жойлардаги учрашувлар давомида мазкур амалий саъй-ҳаракатлар аҳоли, хусусан, ота-оналар томонидан тўла қўллаб-қувватланаётгани эътиборга молик.

Йиғилишда жорий ўқув йилида олий таълим муассасаларига қабулнинг янги шакллари ҳисобига ўтган йиллардагига нисбатан яна 8 мингдан ортиқ ёшларнинг таълим олишига шароит яратилгани, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқ, махсус таълим йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, халқ таълими тизимида болаларнинг иқтидоридан келиб чиқиб, деярли барча ҳудудда ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш, давлат таълими билан бир қаторда, нодавлат таълим тизимини равнақ топтиришга жиддий аҳамият қаратилмоқда. Бу, айтиб ўтилганидек, фарзандларимизнинг сифатли таълим олишини кафолатлаш баробарида, уларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳам янада кенгайтиради.

Депутатлар соҳада рўёбга чиқарилаётган юмушлар хусусида фикр билдириб, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширишда соҳага оид қонунларни инвентаризация қилиб бориш, қонунчиликни тизимдаги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда такомиллаштириш лозимлигини таъкидладилар. Айни чоғда, Президентимизнинг ушбу йўналишга оид Фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда изчил бажарилишини таъминлаш, жойларда юзага келаётган масалаларни вазирликлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ҳал этиш чоралари юзасидан аниқ таклифлар билдирдилар.

Якунда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn