«Таълим ва мутахассислик»
  • 29 Сентябрь 2017

«Таълим ва мутахассислик»

Ёшлар ижод саройида бошланган шу номдаги халқаро кўргазмада йигит-қизлар ўзлари қизиққан соҳалар бўйича батафсил маълумот олишмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларнинг кўплаб олий ўқув юртлари, чет тилларини ўқитиш марказлари, йирик корхоналар, бандликка кўмаклашиш марказлари иштирок этмоқда.

Кўргазманинг очилиш маросимида мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Мазкур анжуман ҳам юртимиз ёшларининг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига кўмаклашиш, ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тадбирга ташриф буюрганлар орасида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ота-оналар, уюшмаган ёшларни кўришимиз мумкин. Ташкилотчиларнинг билдиришича, шу кунгача бўлиб ўтган “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаларида 350 мингдан зиёд ўғил-қизлар фаол иштирок этган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилги халқаро форумда мамлакатимизнинг 35 дан ортиқ олий ўқув юртлари, 40 дан зиёд ўқув марказлари, шунингдек, АҚШ, Германия, Россия, Франция, Латвия, Буюк Британия, Хитой, Япония, Ҳиндистон каби қатор давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, турли марказлар вакиллари, иш берувчилар қатнашмоқда.

...Ёшлар ижод саройидаги ҳар бир стендни томоша қиламиз. Кимдир таълимнинг кейинги босқичини чет элда давом эттириш, яна биров хорижий тилларни пухта ўргатувчи марказлар фаолияти билан танишиш, уюшмаган ёшлар бўш иш ўринларини кўздан кечириш, қизлар эса ўқув марказларида билим ҳамда тажриба тўплаш пайида.

— Мени Ўзбекистонга илк бор келишим, — дейди Конкордия Чикаго университети (АҚШ)нинг Марказий Осиё бўйича вакили Мира Станова. — Бу ерда ўзбек ёшларининг салоҳияти, ҳақиқатан ҳам, юқорилигига гувоҳ бўлдим. Улар инглиз тилини ҳам оғзаки, ҳам ёзма тарафдан юқори даражада билишаркан. Шу сабабдан йигит-қизларингизга университетимизда бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича таҳсил олишни -таклиф қилаяпмиз.

Пойтахтимизда фаолият юритаётган “Let‘s animate” компьютер графикаси маркази — навқирон авлод вакилларига энг замонавий билим ҳамда кўникмаларни ўзлаштиришни таклиф этаётган муассасалардан бири.

— Масканимизда “Мен — фотографман”, “Дизайн интерьери”, “График ва полиграфик дизайн” ҳамда “3D ёрдамида моделлаштириш” тўгараклари мавжуд, — дейди марказ вакили Гулнора Нурметова. — Кўргазма қатнашчилари орасида умумтаълим мактабларининг ўқувчилари фаолиятимизга, айниқса, катта қизиқиш билдиришаётганидан хурсандмиз.

“Таълим ва мутахассислик” 17-халқаро кўргазмаси 30 сентябрь куни ўз ниҳоясига етади.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn