Ўқувчиларимиз муваффақиятидан куч оламиз
  • 29 Сентябрь 2017

Ўқувчиларимиз муваффақиятидан куч оламиз

Бундан 25 йиллар муқаддам мактабнинг бошланғич синф партасида ўтирган ўғил-қизларимиз ҳозир турли соҳаларда фаол меҳнат қилишмоқда. Собиқ ўқувчиларимнинг муваффақиятини эшитганимда, ич-ичимдан қувонаман, чексиз фахрланиб кетаман. Бундай хушхабарлар ҳар қандай муаллимни яна янгидан-янги марралар сари чорлайди.

Кўп йиллик меҳнат фаолиятим давомида юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга бевосита гувоҳман. Масалан, бизнинг Қораўзак тумани мисолида айтадиган бўлсам, ҳудудимиздаги таълим масканлари кўркам қиёфа касб этаяпти, замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда.

Туманимиздаги 31-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ҳозирги кунда 184 нафар ўқувчи таҳсил олаяпти. Уларга кимё фанидан сабоқ бериб келмоқдаман.

Биласиз, кимё — мураккаб, аммо қизиқарли фан. Дарс жараёнида ўғил-қизларни мазкур фанга қизиқтириш учун “Муаммоли вазиятларни ҳосил қилиш”, “Кластер”, “7х7”, “Заковат соҳиби”, “Хотира машқи” каби ноанъанавий усуллардан фойдаланаман. Бу уларни изланишга ундайди, дунёқарашини бойитади.

Ўқувчиларимиз республика фан олимпиадаларида, “Билимлар беллашуви” танловида совринли ўринларни эгаллашмоқда. Менга алоҳида ғурур бағишлайдиган жиҳати, саккиз йилдирки, иш тажрибам Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида оммалаштирилаяпти. 

Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик санаси нишонланаётган кунларда яна бир ажойиб хушхабар мени қувонтирди. Давлатимиз раҳбари Фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони билан мукофотландим. Бундай эъзоздан бошим кўкка етди.

Олдинда ҳали яна улкан режаларимиз бор. Истагимиз, ўқувчиларимизнинг дунёқараши ўсиб, мустақил тафаккури бундан-да ривожланаверсин. 

Тамара БАЙМАНОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn