Устоз сабоқлари
  • 28 Сентябрь 2017

Устоз сабоқлари

Инсон феъл-атвори унинг ҳуснихатида ҳам намоён бўлади. Бу — тадқиқотчилар хулосаси. Боёвут туманидаги 4-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Матлуба Тошпўлатова эса ушбу фикрга қўшилмайди. Яъни ёзувнинг қанчалик чиройли бўлиши, аввало, педагог маҳоратига боғлиқ.

Муаллим шогирдларининг партада тўғри ўтиришидан тортиб, дафтарини хиёл қиялатиб жойлаштириши, саҳифага керакли даражада нур тушишию ручкани икки бармоғи билан тутишигача — барча-барчасига жиддий эътибор қаратса, шубҳасиз, ҳар бир инсон чиройли ҳуснихат эгасига айланади. Жамоадошларининг айтишича, юқори синф ўқувчиларининг қайсилари бошланғич таълимни Матлуба Тошпўлатовадан олганлигини уларнинг ёзувига қараб ҳам билиш мумкин.

Матлуба опа ўттиз йиллик иш тажрибасига эга. Шунга қарамай, ҳар тўрт йилда ўзини худди янгидан фаолият бошлаётгандек ҳис этади. Негаки, ушбу муддат мобайнида таълим берган ўқувчиларини кейинги босқичга кузатиб, биринчи синфга келган ўғил-қизларни қабул қилиб олади. Шу боис мактабга илк бор қадам қўйган болажонларга дарс ўтиш унга ҳар доим ана шундай юксак масъулият юклайди.

Муаллима дастлабки сабоқларданоқ шогирдларида ўзига нисбатан яқинлик уйғонишига интилади. Уларнинг руҳиятига мос муомалада бўлади. Ҳатто бу жараёнда овоз оҳангининг ёқимли бўлишигача эътибор беради. Қарабсизки, кўп ўтмай, болажонларнинг қадрдон меҳрибонига айланади. Бу — тажрибали педагог фаолиятидаги ютуқларнинг дастлабки сири. Чунки айни шу услуб биринчи синф ўқувчиларининг келгусида барча дарсни муваффақиятли ўзлаштириши, машғулотларга қизиқиши ортиши учун мустаҳкам кўприк бўлади. Яъни улар мактаб ўз уйларидек қадрдон маскан эканлигини биринчи ўқитувчилари тимсолида кўрадилар.

— Болаларда хотира қобилиятини шакллантириш ҳам таълимда муҳим саналади, — дейди М. Тошпўлатова. — Бунда, албатта, уларнинг қизиқишларига мос услубларни қўллаш лозим. Масалан, болалик ўйинқароқлигидан фойдаланиш таълим самарадорлигини ошириш омилидир. Мен дарсларимда ана шу усулни кенг қўллайман. Шу билан бирга, ўрганилаётган сўзнинг нечта ҳарф ва бўғиндан иборат эканлигини ёдда сақлаб қолишларига аҳамият қаратаман.

Ўқувчиларни миллий қадриятларимиз, масъулият ҳамда бурч каби тушунчалар билан чуқур таништириб бориш ҳам Матлуба опанинг диққат-эътиборида. Айни чоғда бундай инсоний фазилатлардан машғулотлар чоғида унумли фойдалана олади ҳам. Айтайлик, бирор ўқувчи матн ёки шеърни ёд олмаган бўлса, “Нега дарс тайёрлаб келмадинг?” демайди, балки “Болам, сен мендан қарз бўлиб қолдинг”, дейди. Албатта, бундан олдин шогирдлари қарз ва қарздорлик ҳамда қарзни узмоқлик инсоний бурч эканлиги хусусида атрофлича маълумотга эга бўладилар. Бу орқали болага ҳам ҳаётий тарбия берилади, ҳам дарс самарадорлиги ошади.

— Матлуба опа ўзидаги масъулият ҳиссини ўқувчиларига ҳам ўтказа оладиган фидойи ўқитувчи, — дейди мазкур мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳасан Ҳайдаров. — Шу боис синфида давомат ҳар доим тўлиқ кўрсаткичда. Опанинг касбига юксак садоқати ва масъулияти биз, ҳамкасблари, айниқса, ёш ўқитувчилар учун ибрат бўлиб келаётир.

Матлуба Тошпўлатованинг ўрганса арзигулик яна бир тажрибаси бор: у барча ота-оналар билан тез-тез мулоқотда бўлади. Шу боис ўқувчиси оиласининг ҳам яқин кишисига айланади. Аммо дарсни ўзлаштиришда ортда қолаётган ёки тарбияси оғирроқ боланинг ота-онасига ҳеч қачон “Фарзандингиз ёмон”, демайди. Муаммони ётиғи билан тушунтиради, ечими бўйича улар билан ҳамкорликда ҳаракат қилади. Қолаверса, “Кундалик”лар орқали ота-оналарнинг фарзанди таълим-тарбиясига нечоғли эътибор бераётганлигини мунтазам кузатиб боради. Айни сабабдан кўпчилик ўғил ёки қизларини биринчи синфга етаклаб бораркан, унинг биринчи муаллими айнан Матлуба Тошпўлатова бўлишини истайди.

— Бошланғич синфларда Матлуба опадан таълим олганман, — дейди шу мактаб ўқитувчиси Сирожиддин Худойқулов. — Ҳозир ҳам у киши маслаҳатларини аямайди. Устоз ҳар бир дарсда барча ўқувчисига эътибор қаратишга улгуради. Ҳатто синфида бошқа ҳамкасблари томонидан ўтиладиган мусиқа, жисмоний тарбия ва меҳнат таълими машғулотларини ҳам бевосита ўзи кузатиб боради.

...Мактаб фойеси деворига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Дўстлик” ордени соҳибаси Матлуба Тошпўлатованинг самарали меҳнатларини эътироф этувчи кўркам лавҳа осилган. Назаримизда, жамоанинг ҳамкасбига бўлган ушбу юксак ҳурмат-эътибори ҳам ўқувчиларга ибрат олса арзигулик ҳаёт мактаби сифатида сабоқ бераётгандек гўё.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn