XS.UZ
Мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноатининг экспорт салоҳияти Ўзбекистон — Туркия: Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам «Ўзбекистон янги марраларни кўзламоқда» Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Адлия вазирларининг бешинчи мажлиси тўғрисида ахборот Ёш халқаро шахмат устаси Жавоҳир Синдоровга Президентимиз совғаси топширилди Битим имзоланди Сўз ва амал уйғунлиги — улуғ фазилат Тил — миллат кўзгуси Корхона ривожи таъминланади Илм-фан фидойисига эҳтиром Ер — бебаҳо хазина Тафаккур дунёсига йўл Олтинкўлда ХVI-XVII асрларга тааллуқли тангалар топилди Замонавий шифохона Жаҳон чемпионати совриндори Нуфузли мусобақа арафасида Тажрибали рақибидан устун келди “Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ходимлари пахта йиғим-теримида фаол иштирок этмоқда Агрепина Шин Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ЕТТБ тадбиркорлик субъектлари учун кредитлар тақдим этади Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Инновацион ишланмалар нефтни қайта ишлаш соҳаси ривожини жадаллаштиради Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади Ҳарбийларимиз “Кембрия патрули” халқаро танловида совриндор бўлди «Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!» Мактабгача таълим соҳасида замонавий тизим яратилади Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари Юртимизда яратилаётган кенг имкониятлар Токиода муҳокама қилинди Фойдаландингизми, ҳақини ҳам тўланг Шавкат Мирзиёев Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
  • 05 Август 2017

Олий таълим ҳаётдан узилиб қолмаслиги керак

Мамлакат келажаги, тараққиёти таълим тизими ривожига бевосита боғлиқ. Соҳани ислоҳ қилмасдан, юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантирмасдан туриб кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш, жамият ҳаётини изчил янгилаш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигига эришиш мушкул вазифа ҳисобланади. Бугун таълим тизими сифатини тубдан юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар замирида ҳам мана шу ҳаётий ҳақиқат мужассам, десак, асло янглишмаймиз.

Биргина мисол, ўтган ҳафтанинг ўзида Президентимизнинг соҳага оид битта Фармони, учта қарори қабул қилинди. Албатта, буларнинг барчаси, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, яхши ҳаётдан бўлаётгани йўқ, аксинча, кундалик турмушда муаммолар кўплиги ва уларни ҳал этиш зарурати шуни тақозо қилмоқда. Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги мажлисида ушбу масалалар қизғин муҳокама этилди.

Иш берувчи таълим мазмунини белгилайди

БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича қўмитаси (UNESCO) ҳамда консалтинг ташкилоти (DGP Research & Consulting) ҳамкорлигида жалб қилинган нуфузли хорижий экспертлар гуруҳи томонидан 2017 йилнинг январь — июнь ойларида юртимиз таълим тизимини комплекс ўрганиш бўйича ўтказилган таҳлиллар натижаларининг хулосаларига кўра, олий таълим жараёнида назария ва амалиёт яхлитлиги таъминланмагани, талабаларнинг малакавий амалиётларини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказиш самарали ташкил этилмагани оқибатида айрим битирувчилар ишга жойлашгандан кейин ўз касбини, мутахассислигини қўшимча ўрганаётгани келтирилган. Шунингдек, таълим сифатининг назорати замонавий талабларга жавоб бермаслиги, таълим муассасаларида малакали педагог ва бошқарув кадрларининг етишмаслиги, хорижий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмаганлиги каби камчиликлар акс этган.

Мамлакат раҳбарининг шу йил 27 июлдаги қарори мазкур соҳадаги муаммоларни амалий ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қарорга мувофиқ, жорий ўқув йилидан олий таълим муассасалари талабаларининг тегишли таълим йўналишлари бўйича муайян ташкилотлар ҳамда -корхоналарда малакавий амалиётлари тизимли равишда ўтказилиши, шунингдек, уларнинг амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқаришда ташкиллаштириш ва битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидовнинг маълум қилишича, қарорда таълим мазмунини бугунги кундаги амалиётга мослаштириш талаби яққол акс этган. Яъни таълим мазмунини шакллантиришда буюртмачи — ишлаб чиқарувчи иштироки керак бўлади. Содда қилиб айтганда, иш берувчи қандай кадр кераклигини айтади, олий таълим муассасаси эса ўша талаб асосида ўқув жараёнини ташкил қилади.

 

Хорижда малака оширган мутахассис Ўзбекистонга қайтадими?

Бугунги глобаллашув жараёнида хориж тажрибасини ўрганиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларига юқори рақобатдош мутахассисларни етказиб беришнинг муҳим шартларидан бири — ёш кадрларнинг хорижий олий таълим муассасаларида, илмий марказларида ҳамда йирик ишлаб чиқариш компанияларида малака ошириши ҳисобланади. “Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, деганларидек истиқлолнинг дастлабки йилларида хорижга ўқишга юборилган ёшлар билан ишлаш яхши йўлга қўйилмагани, қолаверса, уларнинг аксарияти Ўзбекистонга қайтмаганини кўпчилик яхши билади. Хўш, давлатимиз раҳбари Фармони билан қайтадан тузилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш “Истеъдод” жамғармаси фаолиятида ушбу муаммога қандай ечим изланмоқда?

Мазкур жамғарма ижрочи директори Абдунаби Пардаевнинг айтишича, авваламбор, ташкилотнинг ҳуқуқий мақоми ўзгарди. Илгари у нодавлат нотижорат ташкилот сифатида фаолият юритган бўлса, эндиликда жамғарма давлат муассасаси мақомига эга. Айни пайтда унинг фаолият мазмуни ва кўлами ҳам кенгайди. Масалан олдин жамғарма фақат таълим йўналишида педагог кадрларнинг қисқа муддатли малака оширишларини таъминлаш билан шуғулланган бўлса, эндиликда малака муддатлари янада узайтирилди. Иқтисодиёт тармоқлари, давлат ва жамоат тузилмаларининг ҳозир ҳамда келажакда юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун танлов асосида саралаб олинган олий таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчиларини, шунингдек, республика иқтисодиёти тармоқларининг малакали кадрларини дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ҳамда PhD дастурлари бўйича тайёрлаш ташкил этилади. Бундан ташқари, олий таълим тизимидаги мақсадли дастурларга мувофиқ, келажакда 4000 га яқин педагог-ўқитувчи ҳамда илмий ходимларнинг малакаси оширилади.

Жамғарма фаолиятини самарали йўлга қўйишда асосий масала, албатта, маблағга бориб тақалади. Президентимиз Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ресурсларининг 10 фоиздан кам бўлмаган миқдоридаги маблағлари, шунингдек, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳомийлик ёрдамлари, халқаро молия институти ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳисобидан стипендиатларнинг чет эл таълим ҳамда илмий муассасаларида малака оширишлари, стажировка ўташлари ва таълим олишларини ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар қопланади. “Бизнинг 14 йиллик фаолиятимиз мобайнида тахминан 12 млрд. сўм атрофида маблағ сарфланган бўлса, ҳозир бир йиллик дастурни амалга ошириш учун тахминан 40 — 42 млрд. сўм ажратиш ҳақида гап бормоқда”, деди А. Пардаев.

Бундан ташқари, аввалги тажрибалардан хулоса қилган ҳолда, хорижда таҳсил олганлар Ўзбекистонга қайтганларидан кейин иш топиш муаммосига дуч келмасликлари учун улар ўқишга юборилмасдан олдин бу масала ҳал этилаяпти. Бунда хорижда ўқишга номзод ишлаб чиқариш бирлашмаси, корхона ёки фирма буюртмаси ва қайтиб келгач, унда ишлаши борасидаги аниқ режасига асосан юборилади.

 

Иккита олий таълим муассасаси: талаб ва эҳтиёж

Тошкент вилояти юксак иқтисодий салоҳияти, улкан табиий ва инсоний ресурслари, ривожланган транспорт коммуникациялари билан мамлакатимиз тараққиётида етакчи ўрин тутади. Ҳудудда кимё саноати, нефть-кимё, қора ва рангли металлургия, электротехника, машинасозлик ҳамда металлни қайта ишлаш каби замонавий саноат тармоқлари яхши ривожланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 

21-22 июль кунлари мазкур вилоятга ташрифи чоғида ҳудудда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалини ҳамда Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил қилиш таклифини билдирди. Орадан кўп ўтмай, ушбу масалаларда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжоновнинг қайд этишича, давлатимиз раҳбари вилоятдаги Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Бекобод металлургия комбинати, “Ангрен” эркин иқтисодий зонасидаги ўнлаб ишлаб чиқариш корхоналарини юқори малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Биргина Ангрендаги резина-техника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхона учун 1200 нафарга яқин муҳандис-техник кадрларга зарурат бор.

Навоий давлат кончилик институтида кундузги таълимни олаётган 300 нафар талаба филиалга кўчирилади, шунингдек, қарорга мувофиқ, махсус сиртқи ҳамда кечки таълим шаклида кадрлар тайёрлаш амалга оширилади. Яъни ишлаб чиқариш корхоналарида ҳозирги кунда фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотга эга ҳамда касб-ҳунар коллежларини битирган мутахассислар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда филиалда таҳсил олишлари мумкин. Бунда 75 нафар кечки, 75 нафар сиртқи таълим шаклларида қабул квоталари белгиланди. 

Албатта, кўпчилик Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил қилишга қандай зарурат бор эди, деган савол туғилиши табиий. Бугунги кунда Тошкент вилояти халқ таълими тизимида 1348 та таълим муассасаси, жумладан, 406 та мактабгача таълим муассасаси, 871 умумий ўрта таълим мактаби, 2 та Меҳрибонлик уйи, 31 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 19 та “Баркамол авлод” маркази, 19 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори вилоятдаги мактабгача, мактаб ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасаларининг тарбиячилар, бошланғич синф ўқитувчилари, айниқса, аниқ фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжини қондириш, туманлар ҳамда қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлашни яхшилаш мақсадида қабул қилинди. Мазкур олий таълим муассасаси Халқ таълими вазирлигига бўйсунади. 

Халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаевнинг айтишича, институтга 2017/2018 ўқув йили учун 750 та қабул квотаси ажратилди. Мазкур институтга 1 август тест синовлари ўтказилмаганини ҳисобга олганда, бу  масала қарорда ўз аксини топганини кўришимиз мумкин. Яъни талабалар контингенти Тошкент вилоятида доимий яшаётган Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа турдош олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, тўлов-контракт квоталари доирасига тушмаган абитуриентлар ҳисобидан шаклланади. Бунда вилоят туманлари таълим муассасалари эҳтиёжлари инобатга олинади. Келгуси ўқув йилидан бошқа олий таълим муассасалари сингари одатдаги -тартибда қабул амалга оширилади. Институтда 18 та йўналишда таълим олинади.

Халқаро пресс-клуб мажлисида, шунингдек, 1 август куни бўлиб ўтган тест синовлари, 11 йиллик ўрта таълим тизимини жорий этишга тайёргарлик ва бошқа масалалар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган