XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирини қабул қилди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиалини ташкил этиш тўғрисида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак Мудофаа вазирлигида учрашув «Кейинги бекат»да ҳаёт манзаралари Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон Инновация имкониятлари кенгаяди Ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарур Ички туризм истиқболлари Экспортчи корхоналар сони кўпаяди Бу галги ҳашар аввалгиларидан фарқ қилади Ноёб ва сара навлар Мирзачўл қовунлари довруғини дунёга ёймоқда Ёш оилалар ва қизлар билан ишлашда янгича ёндашув Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида 2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди Ижод аҳлига юксак эътибор Мусиқий таълимда ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди Болалик олами Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари ҳеч қачон унутилмайди Бағрикенглик — тинчлик ва тараққиёт асоси Судьяларга холис баҳо берилади Қаҳрамонлар — орамизда «Ўз билимим билан ўқишга кирдим» Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини
  • 02 Август 2017

Кенг имконият, имтиёз ва ўзгаришлар

Кеча мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида тест синовлари бўлиб ўтди.

Бугун мамлакатимизда ёшлар учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилмоқда. Изланган, интилган, мутолаага ошно тутинган фарзандларимизнинг эзгу орзу-мақсадлари эса бир олам. Касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларни битириб, ўзлари танлаган олий таълим муассасасининг талабаси бўлиш истагида юрганлар ана шулар жумласидандир.

Президентимизнинг 2017 йил 5 май куни имзоланган “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори эса кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Чунки у аввалги йилларда эълон қилинган шу мазмундаги ҳужжатлардан анча фарқ қилади. Яъни мазкур қарорга кўра, қабул квоталари кўпайди. Хусусан, бакалавр таълим йўналишига 66 минг 316 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган. Улардан 18194 нафари давлат гранти ва 48122 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади. Агар ўтган йилдаги кўрсаткичлар билан таққосласак, жорий йилги квоталар сони 8 минг 409 тага кўпайган.

Олий таълим муассасалари магистратурасига 5000 талаба, шундан 1556 нафари давлат гранти, 3444 нафари тўлов-контракт бўйича ўқишга қабул қилинади. Магистратурада умумий квоталар ўтган йилдагига нисбатан ўзгармаган.

Бундан ташқари, жорий йилдан киритилган энг катта ўзгариш, бу — тест синовларидан ўта олмаган абитуриентлар тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси эвазига талабаликка қабул қилиниши мумкинлигидир. 

Биз кеча мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган тест синовлари жараёни билан танишиш мақсадида Тошкент давлат юридик университетида бўлдик. Бу ерда тест синовлари янгича шакл ва усулда ташкил этилгани билан нафақат абитуриентлар ҳамда ота-оналар, умуман, кенг жамоатчилик вакилларида катта таассурот қолдирди. Хусусан, тест синовлари олий таълимнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, очиқлик, адолат ва жамоатчилик назорати тамойиллари асосида ўтказилди.

Синов тариқасида жорий этилган мазкур янгилик Президентимизнинг шу йил 28 апрелдаги “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилиб, ўтган даврда бу йўналишда кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди.

Тест синовлари “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасининг павильонларида ўтказилди. Бундан кўзланган асосий мақсад абитуриентларга тенг шарт-шароит яратиш, жараён устидан бир хил даражада кузатув ўрнатиш ҳамда вақтга амал қилинишини таъминлашдан иборат бўлиб, ушбу тажриба амалда ўзини тўла оқлади.

Абитуриентлар ўзлари учун ажратилган аудиторияларга кириб келгунга қадар уч босқичли текширувдан ўтказилиб, уларнинг шахсини аниқлашдан ташқари, тақиқланган алоқа воситалари ёки бошқа қурилмалар бор-йўқлиги кўздан кечирилди. Бу борада назорат-кириш жойларига ўрнатилган металл детекторлари қўл келди. 

— Тест синови адолатли бўлди, — дейди Андижон вилоятидан келган Музаффар Ҳусанов. — Буни қоидабузарлик қилган абитуриентлар синовга қўйилмагани мисолида ҳам кўриш мумкин. Муҳими, жараёнлар боришини видеоназорат камераларига уланган мониторлар орқали кузатиб турдик. Ўйлайманки, бу битта мени эмас, барча ота-оналарни қувонтирди. Фарзандим Афзалбекнинг шу нуфузли олий ўқув юртига киришига бўлган ишончим янада ошди. Ахир у қанча вақт пухта тайёргарлик кўрди. Шундай экан, ҳар томонлама билимли ёшларимизнинг ушбу муассаса талабалигига қабул қилиниши адолатдан, деб ўйлайман.

Фарзандларини қўллаб-қувватлашга келган ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари учун ҳам барча зарур шароит яратилган: шинам ўриндиқлар, соя-салқин манзиллар, енгил тамадди қилиб олишлари учун кўчма шохобчалар, қулай жойларга ўрнатилган мониторлар. 

...Ниҳоят, тест синовини топшириб бўлган абитуриентлар бирин-кетин чиқиб кела бошлади.

— Бизга шунча қулайликлар яратиб берган ташкилотчилардан миннатдормиз, — дейди абитуриент Муҳриддин Йўлдошев. — Ҳаммага бир хил шароит. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, Қарши шаҳрида ҳарбий хизматни имтиёзли асосда ўтаб қайтганимдан кейин ўқишга, билимларимни мустаҳкамлашга киришдим. Синов чоғида бу фойда берди. Саволларга жавоб топишда кўп қийналмадим. Насиб этса, Тошкент давлат юридик университети талабаси бўлиб, келгусида Ватанимиз тараққиёти йўлида хизмат қиладиган малакали кадр бўлиб етишишга астойдил интиламан.

Навбатдаги манзилимиз Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети бўлди. Маълумотларга қараганда, 2017/2018 ўқув йилида ЎзМУнинг бакалаврлар тайёрлаш бўйича 36 та таълим йўналишига жами 1395 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Улардан 399 нафари давлат гранти ва 996 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади.

Магистратура босқичига 68 та таълим йўналиши бўйича 391 нафар йигит-қиз ўқишга қабул қилинади. Улардан 138 нафари давлат гранти ва 253 нафари тўлов-контракт бўйича билим эгаллайди.

— Бу йил абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратдик, — дейди ЎзМУ қабул комиссияси масъул котиби Расул Раҳмонов. — Ҳужжатларни қабул қилишда онлайн режимини ҳам татбиқ этдик. Муассасамизга келганлар интернетдан эркин фойдалана олиши учун “wi-fi” ҳудуди ташкил қилинди. Бу йил кириш имтиҳонларининг шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Олий ўқув юртлари учун тест ўтказиладиган биноларга ўрнатилган камералар орқали узатилган тасвирлар аудиториядан ташқарига ўрнатилган мониторларда намойиш этилди. Натижада ота-оналар тест имтиҳони жараёнини бевосита кузатиб боришди. 

— Қизим Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетига ҳужжатларини топширган, — дейди Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи Норали Ҳамидов. — Мактабда ҳам, коллежда ҳам яхши ўқиган. Салкам бир йилдан бери тайёргарлик кўрди. Ўзига бўлган ишончи катта. Биз ҳам унинг талаба бўлишига ишонамиз. Негаки, Президентимиз ҳар бир жабҳада ёшларга юксак ғамхўрлик кўрсатаяптилар. Билими бор, мустақил фикрловчи ўғил-қизларимизга кенг йўл очилаётганидан жуда хурсандмиз. 

Ўзлари танлаган олий таълим муассасаси талабаси бўлиш истагида юрганлар учун бу йилдан эътиборан қатор янгиликлар жорий этилгани уларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини янада оширди. Бундай ўзгаришлардан бири ҳужжатларни қабул қилиш муддатига татбиқ этилди. Маълумки, аввалги йилларда абитуриентлар олий таълим муассасаларига ҳужжатларини 20 июндан 20 июлгача тақдим этишар эди. Жорий йилдан бошлаб бу жараён 15 июндан 15 июлгача давом этди. Бунинг ўзига хос бир неча сабаби бор. Аввало, абитуриентлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораяпти. Бу эса улар учун тест ўтказиладиган аудиторияларни тайёрлаш, жиҳозлаш, тест материалларини етказиб бериш каби муҳим ишларда муайян вақтни талаб этади. Тошкент давлат техника университети олдида тўпланган ота-оналар, мутахассисларнинг таъкидлашича, сал эртароқ ҳужжат топширган ёшлар синовгача бўлган муддатда фанлардан олган билимларини такрорлаб, салоҳиятларини мустаҳкамлашларига имконият яратилди. 

— Ўғлим Фахриддин Сулаймонов кончилик соҳасига жуда қизиқади, — дейди Навоий вилояти, Кармана туманида яшовчи Комил Турсунбоев. — Шу боис унинг ҳужжатларини Тошкент давлат техника университетининг геология ва кончилик йўналишига топширдик. Бир ой олдин келиб, университетнинг шарт-шароитлари билан танишдик. Фарзандларимиз учун барча қулайлик яратилганидан қувондик. Ўзига, иқтидорига ишонган авлод учун ўқийдиган, ишлайдиган давр келди. Уларга ҳавас қиламиз, омад тилаймиз. 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Шомурот ШАРАПОВ,

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган