XS.UZ
Асосий мақсадимиз – мамлакатимизни янада тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришдир Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир Соғлом турмуш тарзи тарғиботи «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман» Юртни мадҳ этган шоир Ғолиблар аниқланди Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради Ўзбекистон Президенти Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди Ўзбекистон Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди Мевлут Чавушўғлу: ҳамкорликнинг янги саҳифалари Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Фаластин делегациясининг учрашувлари Оила юртдошларимиз учун олий қадрият ҳисобланади Имтиёз ва енгилликлар истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ Дастлабки чорак таҳлили Унутилмас кун қувончи Инновацион ва ижодий ғоялар намойиши Янги маслаҳатчилар ўз фаолиятларини бошлади «Ёш чегарачилар» беллашдилар «Энг намунали оила» республика танлови Қўшиқларга кўчган қалб туғёни 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Миллат ифтихори, фахр ва ғурури Ҳудудий саноат ярмаркалари
  • 06 Декабрь 2016

Халқаро андозалар ва қонунчилик талаблари асосида

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтган, деб ҳисобланади”. Шу йилнинг 5 декабрь куни сайловда иштирок этган барча халқаро ташкилот миссиялари ва хорижлик кузатувчилар шундай баёнот берди.

Маълумки, сайлов кампанияси бошланиши биланоқ Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган қарорлардан бири мамлакатимизга сайлов жараёнини кузатиш учун дунёнинг 46 давлатидан ҳамда бешта нуфузли халқаро ташкилотдан 600 нафарга яқин кузатувчилар таклиф этилгани бўлди. Айни кунларда халқаро ва хорижлик кузатувчилар ўз фаолияти якунлари бўйича брифинглар ўтказмоқда.

5 декабрь куни кузатувчилар журналистлар, сиёсий партиялар ҳамда бошқа мамлакатлар кузатувчиларига сайлов жараёнининг мониторинги дастлабки натижалари бўйича ўз хулосаларини баён қилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар миссияси оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказди.

— Жорий йилда ШҲТ кузатувчилар миссияси таркиби бирмунча кенгайгани бизга мумкин қадар кўпроқ сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиш имконини берди, — деди миссия раҳбари, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов. — Миссиямиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатнинг сайлов тўғрисидаги қонунлари ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари талабларига тўла мувофиқ ўтказилди, деб ҳисоблайди. Миссия томонидан сайловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатлар қайд этилмади. Миссия сайловни очиқ, эркин ва демократик принциплар асосида ўтказилди, деб эътироф этади.

Брифингда Президент сайлови Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим қадам бўлгани қайд этилди. Миссия раҳбари Ўзбекистон халқини сайловнинг юксак савияда ўтказилгани билан табриклаб, сайловда ғалаба қозонган давлат раҳбарига мамлакатнинг мустақиллиги ва суверенитетини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий -ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш ҳамда жамият ҳаёти барча жабҳасида янги марраларни қўлга киритишда муваффақиятлар тилади.

Рашид Алимов ШҲТ миссиясининг эркин ва очиқ фаолияти учун кенг имконият яратиб берган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа ташкилот ҳамда муассасаларга миннатдорлик билдирди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилар миссияси брифингида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси боришининг узоқ ва қисқа муддатли кузатуви материаллари асосида тайёрланган дастлабки баёноти тақдим қилинди.

МДҲ кузатувчилар миссияси раҳбари Сергей Лебедевнинг маълум қилишича, Ҳамдўстликнинг 8 та мамлакати вакилларидан иборат бўлган кузатувчилар Ўзбекистоннинг қарийб барча ҳудудидаги 700 дан ортиқ сайлов участкаларида бўлишди.

— Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши таъминланганини алоҳида қайд этамиз, — деди С. Лебедев. — Сайлов жараёни очиқ ва ошкора ўтди. Президентликка номзодларга ўз сайловолди дастурларини оммавий ахборот воситалари орқали ташвиқот қилиш учун тенг имкониятлар яратиб берилди. Қамоқда сақлаш жойларида овоз бериш учун зарур шароитлар яратилгани ҳам диққатга сазовордир. Биз кузатув давомида Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилигида кўзда тутилган сайловларнинг очиқлиги ва эркинлиги кафолатлари амалда тўлиқ рўёбга чиқарилганига амин бўлдик.

Брифингда қайд этилганидек, сайлов жараёнида кексалар, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг сайлаш ҳуқуқини таъминлаш чоралари ҳам кўрилган. Ногиронлар учун махсус кабиналар, сайлов участкаларида ўрнатилган пандуслар, кўзи ожиз фуқаролар овоз бериши учун Брайль алифбосида чоп этилган сайлов бюллетенлари шу ғамхўрлик ифодасидир. Бу эса уларга ўз ҳуқуқларини эркин амалга ошириш имконини берди. Участка сайлов комиссиялари аъзолари ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ билади, сайловчиларга, айниқса, ногиронлар ва хаста кишиларга алоҳида эътибор билан қарашди.

МДҲ кузатувчилар миссияси сайлов жараёни барча иштирокчиси — сайлов комиссиялари аъзолари, сайловчилар томонидан мазкур сиёсий тадбирга юқори даражада тайёргарлик кўрилганига аҳамият қаратишди. Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича тадбирлар дастури бунда муҳим ўрин тутди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови эркинлик, шаффофлик ва сиёсий рақобат муҳитида бўлиб ўтди. Ушбу муҳим воқеа фуқаролик жамиятининг сиёсий етуклигини намоён этиб, Ўзбекистоннинг тараққиёт ва бунёдкорлик салоҳияти янада юксалишига, янги демократик ўзгаришлар сари дадил одимлашига хизмат қилади.

Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясининг брифинги бўлиб ўтди. Миссия раҳбари, Корея Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси Бош котиби Ким Ёнг Хи журналистларни кузатув натижалари билан таништирди.

Қайд этилганидек, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси Америка, Европа, Осиё, Африканинг 106 мамлакати сайлов органларини бирлаштириб, сайлов тизимларининг халқаро ҳамкорлигига кўмаклашиб келади.

Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси кузатувчилари Ўзбекистонга Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан ташриф буюрди. 4 декабрь куни кузатувчилар миссияси аъзолари Тошкент ва Бухородаги сайлов участкаларида овоз беришнинг бориши, овозларни санаб чиқиш жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлди. Таъкидланганидек, сайлов участкалари овоз беришга пухта ҳозирланган. Овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнида ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолати кузатилмади. Умуман, сайлов комиссиялари аъзолари тажрибали кишилардан иборат бўлиб, сайлов жараёни ҳақида катта билим ва кўникмага эга эканлиги овоз беришни юксак савияда ташкил қилиш имконини берди.

Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси кузатувчилар миссияси билдиришича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнини самарали ташкил қилди. Ўзбекистон сайлов тизими қонун талабларига тўла мувофиқ ҳолда иш олиб борди.

Шу куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилар миссияси раҳбари Петер Тейлер Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш юзасидан матбуот анжумани ўтказиб, миссиянинг дастлабки хулосалари ҳақида баёнот берди.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси сайловчиларнинг юксак сиёсий фаоллигини, сайлов жараёни шаффофлиги ва ошкоралигини эътироф этди. Миссия ўз фаолиятини 2 ноябрь куни бошлади, орадан беш кун ўтиб, мамлакатимизга узоқ муддатли кузатувчилари, сайлов арафасида эса 150 нафар эксперти ташриф буюрди. Баёнотда қайд этилганидек, миссия томонидан сайлов кампаниясидаги барча жараённинг комплекс кузатуви олиб борилди. Кузатувчилар самарали фаолияти учун сайлов комиссияларида, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида зарур ахборотларни олиш имконияти ҳамда сайлов жараёнининг ҳамма босқичи очиқлиги таъминланди.

Марказий сайлов комиссияси томонидан давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари орқали сайловчилар учун кенг кўламли сайлов кампанияси, хусусан, бошқаларнинг овоз бериши каби салбий ҳолатлар олдини олиш мақсадида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилган. Сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича тадбирлар дастури қабул қилингани ва унинг самарали бўлгани эътироф этилиб, ушбу йўналишдаги ишларни давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

4 декабрь куни сайлов байрамона кайфиятда бўлиб ўтди, сайлов участкалари қонун талабларида белгиланган тартибда очилди, уларда фуқаролар овоз бериши учун зарур шароит яратилган. Сиёсий партиялар ва халқаро кузатувчилар сайлов жараёнининг барча босқичини кузатиш имконига эга бўлишди. Кузатув материаллари умумлаштирилиб, таҳлил қилинади ҳамда якуний ҳисобот тайёрланади ва тавсиялар берилади.

“Сайловга ташкилий жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган, аммо янада кўпроқ ишларни қилиш талаб этилади. Бу ҳақда бизнинг баёнотимизда маълум қилинган”, деди элчи Петер Тейлер матбуот анжуманида.

Хитой Халқ Республикаси кузатувчилар делегацияси раҳбари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказди. Унинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан, шу йилнинг 2 — 5 декабрь кунлари ХХР кузатувчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни кузатувини амалга оширди. Улар мамлакат суверенитетини ҳурмат қилиш ва ички ишларига аралашмаслик тамойилига риоя қилган ҳолда иш олиб боришди.

4 декабрь куни кузатувчилар мамлакатимиздаги 71 сайлов участкасида овоз бериш ва овозларни санаб чиқиш жараёнида қатнашди. Таъкидланганидек, сайлов комиссиялари сайловчиларга қонун ҳужжатлари талабларини тушунтириш бўйича тизимли иш олиб борди. Оммавий ахборот воситалари овоз бериш жараёнини очиқ ва тезкор ёритиб борди.

— ХХР кузатувчилар делегациясининг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакат сайлов қонунчилиги талабларига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига тўла мувофиқ ўтди, — деб қайд этди делегация раҳбари Гао Юйшен. — Сайлов қонуний, демократик талаблар асосида очиқ ва адолатли ўтказилди. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши тўлиқ таъминланди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+