XS.UZ
Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Соғлом авлод — давлат ва жамият таянчи Аҳоли билан мулоқот ва амалий тажриба «Профилактика куни» тадбирлари бошланди Қулай инвестиция муҳити иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилмоқда «Олтин қалам»: Ижодий изланиш ва рағбат Тадбиркорларга янги имтиёз ва имкониятлар Журналистика соҳасида «Олтин қалам» XII Миллий мукофоти Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ободлик ва фаровонлик кўзгуси Омбудсман 2016 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотни депутатларга тақдим этди Ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг муҳим босқичи Дўстлик ва ҳамжиҳатлик тараннуми Мурожаатларга оид амалий қўлланма Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Президенти Россия Ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилди Ҳукуматлараро комиссия мажлиси Устувор вазифалар белгилаб олинди Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш Таълим-тарбия соҳасига янгича ёндашув — барқарор тараққиёт гарови Алломалар меросига юксак эҳтиром Ижодий ҳамкорлик ва  маданий учрашувлар Яхши сўз, хайрли ташаббус Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Улуғ шоирга эҳтиром Боқий қадриятлар эъзози «Бундай юксак ишончни, албатта, оқлаймиз!» Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш — давр талаби
  • 05 Декабрь 2016

Ватан тақдири учун дахлдорлик ва масъулият ифодаси

Жорий йил 4 декабрда мамлакатимизнинг барча ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган демократик принципларга тўлиқ мувофиқ ҳолда, очиқ-ошкора ва адолатли тарзда ўтказилди. Уларда юртдошларимиз ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан фаол иштирок этдилар.

Марказий сайлов комиссияси томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури асосида мамлакатимиз бўйлаб 125 мингдан зиёд кенг кўламли тарғибот тадбирлари олиб борилгани Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Президент сайловини уюшқоқлик билан ўтказишда муҳим омил бўлди.

— Мазкур сайлов халқимиз нечоғли аҳил ва ҳамжиҳат эканлигининг яна бир тасдиғи бўлди, — дейди Нукус туманидаги “Тарли” хусусий корхонаси раҳбари Бахтибой Ўтарбоев. — Ахир шу юрт — бизники! Унинг бугуни ва эртаси учун ҳар биримиз масъулмиз. Айни шу сабабдан 4 декабрь куни эрта тонгдан туманимиздаги “Саманбой” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 258-сайлов участкасига оиламиз аъзолари билан бордик. Бу ерда яратилган шарт-шароитни кўриб, кайфиятимиз янада кўтарилди. Сайлов участкаси аъзолари очиқ чеҳра билан кутиб олдилар. Овоз бериш кабиналари талаб даражасида экан. Она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари керакли жиҳозлар билан таъминланган. Мен ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, энг муносиб номзодга овоз бердим.

Андижон вилоятида ҳам овоз бериш жараёни фуқароларнинг юксак сиёсий фаоллигида ўтди.

— Мен, аввало, шу юрт фарзанди, қолаверса, тиббиёт соҳаси вакили сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида энг муносиб номзодга овоз бердим, — дейди Олтинкўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими шифокори Маҳкамжон Раҳимов. — Шифокор оиласида туғилиб, тиббиёт йўналишида хизмат қилаётганим учун соҳада эришилаётган ютуқлардан хабардорман ва бундан фахрланаман. Жаҳоннинг энг тараққий топган давлатлари мутахассислари билан тажриба алмашиб, мураккаб жарроҳлик амалиётларигача ўтказиш имконияти юртимизда мавжуд. Мана шундай мамлакатнинг эртаси бундан-да порлоқ бўлиши, инсон манфаатлари йўлидаги ислоҳотлар изчил давом этиши учун муносиб номзодга овоз бериш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Юртдошларим қатори мен ҳам сайловда фаол иштирок этишга ҳаракат қилдим.

Бухоро шаҳридаги 20-сайлов участкасидан ҳам эрта тонгдан кечга қадар сайловчилар қадами узилмади. Жорий йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари -совриндори, “Ўзбекистон ифтихори” унвони соҳиби Шаҳрам Fиёсовни шу ерда учратдик.

— Спортнинг бокс тури билан мунтазам шуғулланиб, мана шундай натижаларга эришдим, — дейди у. — Бразилиядан Олимпиада кумуш медали билан қайтдим. Ютуқларим замирида давлатимиз томонидан биз, ёшларнинг спорт билан шуғулланиб, ўз иқтидоримизни намоён этишимиз учун кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик мужассам. Шу боисдан мен минглаб тенгдошларим қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашдим. Конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб, ўзим маъқул деб билган номзодга овоз бердим. Менинг овозим юрт келажаги, Ватанимиз равнақига қўшилган кичик ҳисса бўлади. Бунга ишончим комил.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига юксак ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник даражада тайёргарлик кўрилгани, уни миллий сайлов қонунчилигимиз, демократик принципларга мувофиқ, очиқ-ошкора ва адолатли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилгани уни юқори савияда ўтказишда ҳал қилувчи роль ўйнади, — дейди Жиззах вилояти, Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Обид Шерқулов. — Асосий Қонунимизда фуқаролар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, хоҳиш-иродасини билдириш эркинлиги кафолатланган. Бўлиб ўтган Президент сайловида шундан келиб чиққан ҳолда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришга қодир номзодга овоз бердим.

Навоий вилояти сайловчилари ҳам ўз конституциявий ҳуқуқларидан муносиб фойдаландилар. Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мустақиллик йилларида қабул қилинган қонунларда белгиланганидек, жаҳон андозаларига мос ҳолда ўтказилди. Ушбу жараёнда зарафшонлик кончилар ҳам фаоллик кўрсатди.

— Ҳаётимизда ёрқин из қолдирадиган шундай муҳим кунда оилам билан бирга сайлов участкасига ошиқдик, — дейди Зарафшон шаҳридаги “Кончилар” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли, Навоий кон-металлургия комбинати Марказий кон бошқармаси ишчиси Иброҳим Сувонов. — У ердаги шарт-шароитлар ва қулайликларни кўриб, янада мамнун бўлдим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови очиқлик ва ошкоралик, адолат ва кўппартиявийлик тамойилларига мувофиқ ўтказилгани Наманган вилоятида ҳам овоз бериш жараёнини уюшқоқлик билан ташкил этиш имконини берди.

— Бу ерга келиб, кўнглимдаги ифтихор ҳисси янада юксалди, — дейди Наманган туманидаги 231-сайлов участкасида овоз берган ўқитувчи Фазлиддин Бозоров. — Боиси Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқимдан эмин-эркин фойдаланиб, муқобиллик асосида кўрсатилган номзодлардан бирини сайлаш орқали Ватанимиз равнақи, фарзандларимиз бахт-саодатига йўналтирилган эзгу ишлар изчиллигига бош қўшдим. Бу она юртимиз тақдирига дахлдорлигимнинг амалдаги исботидир. Умумэътироф этилган демократик тамойилларга мос ҳолда яратилган овоз бериш имкониятидан фойдаланиб, ўз қароримни сайлов бюллетенида ифодаладим.

— Самарқанд вилояти Ургут туманидаги чегара ҳудуд ҳисобланган “Чумчуқли” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси зич жойлашган, — дейди ушбу маҳалладаги 903-участка сайлов комиссияси аъзоси Дилором Бегимова. — Овоз бериш ҳуқуқига эга 3 минг нафар фуқаро сайловда фаол қатнашди. 90 нафар ўғил-қизимиз бунда илк бор иштирок этди. Сайлов участкасига келиш имконияти бўлмаган 25 киши учун эса овоз бериш улар яшаб турган жойларда ташкил этилди. Зарурат бўйича Тошкент шаҳрига кетаётган маҳалладошимиз Насиба Бобоқулова сайлов участкасига келиб, муддатидан олдин овоз берган. Умуман олганда, юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби бизнинг маҳаллада ҳам Президент сайлови миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган тамойиллар асосида, уюшқоқлик билан ўтказилди.

Кенг ва тенг имконият. Бу мамлакатимиз сайлов қонунчилигида белгиланган ва кафолатланган муҳим шартлардан бири ҳисобланади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида имконияти чекланган фуқароларимиз учун ҳам зарур қулайликлар яратилгани эътиборга молик.

— Сайловда фаол иштирок этиш фуқаронинг бурчи, деб биламан, — дейди Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридан Нишонбой Маткаримов. — Олдинги сайловларда бошқаларнинг кўмагида овоз берардим. Жорий йилда кўзи ожиз сайловчилар учун ҳам имкониятлар яратилганидан хурсандмиз. Турмуш ўртоғим билан эрта тонгда шаҳримиздаги 6-сайлов участкасига бордим. Участка сайлов комиссияси аъзолари бизни самимият билан кутиб олди. Фуқаролигимни тасдиқлайдиган ҳужжат ва сайлов таклифномаси билан танишгач, қўлимга Брайль алифбосидаги бюллетенни беришди. Бизга мўлжалланган овоз бериш кабинасида Ватанимизнинг янада жадал тараққиёти ва турмушимизнинг бундан-да фаровон, тинчлигимиз барқарор бўлишини ният қилиб, эмин-эркин овоз бердим.

— Сурхондарё вилояти бўйича 1 миллион 581 минг нафар сайловчи рўйхатга олинган, — дейди “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши раиси ўринбосари Эркин Қаршиев. — Улардан 37 минг 824 нафари биринчи марта сайловда иштирок этаётган йигит-қизлардир. Мен ҳам навқирон авлод вакилларидан бири сифатида 243-сайлов участкасига бориб, ўз конституциявий ҳуқуқимдан фойдаландим. Тенгдошларимизнинг ушбу муҳим сиёсий тадбирда фаол қатнашгани таҳсинга сазовор. Негаки, уларнинг овози Ватанимиз тақдирини белгилашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги “Рамадон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 845-сайлов участкасида ҳам барча шарт-шароит яратилгани сайловчилар учун айни муддао бўлди. Мазкур сайлов участкасида рўйхатга олинган сайловчилар орасида маҳалланинг Самарқанд кўчаси 333-уйда яшовчи Зоҳид бобо Давлатхонов ҳам бор. Тўқсон ёшдан ошган отахон фарзандларига бош бўлиб, сайловда фаоллик кўрсатди.

— Сайловларда кўп марта қатнашганман, — дейди Зоҳид бобо. — Яратганга шукр, юртимиз тинч. Қаранг, шаҳару қишлоқларимиз обод бўлиб, турмушимиз фаровонлашиб бормоқда. Бугун сайлаш ҳуқуқимдан фойдаланиб, тинчлик ва ободлик, қисқача айтганда, юртимиз тараққиёти учун муносиб номзодни қўлладим.

Мамлакатимиз бошқа ҳудудларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам юртдошларимиз сайлов жараёнида фаоллик кўрсатишди. Жумладан, Қува туманидаги 12-умумтаълим мактабида ташкил этилган 603-сайлов участкасини кузатиш асносида бунга амин бўлдик. Сайловчилар орасида турли соҳа эгалари — тадбиркорлар, шифокорлар, ўқитувчилар, фермерларни учратиш мумкин.

— Истиқлол йилларида фермер хўжаликларини ривожлантиришга давлат томонидан катта эътибор қаратилмоқда, — дейди “Омад — Сойкелди” фермер хўжалиги раҳбари Тўлқинжон Хожимуродов. — Фермер хўжаликларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва уларнинг қошида қўшимча тармоқларни йўлга қўйишда, энг аввало, давлатимизнинг ўзи ғамхўрлик қилмоқда. Пировардида ҳаётимиз тобора фаровонлашаётир. Бу борадаги ютуқларимиз янада салмоқли бўлиши Президент сайлови натижалари билан бевосита боғлиқ. Шу боис бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарадиган номзодни ёқлаб овоз бердим.

Хоразм вилоятида ҳам сайловчилар учун барча қулайлик яратилгани муҳим сиёсий тадбир жараёнида ўз самарасини берди. Хусусан, соғлиғи ва ёши туфайли сайлов участкасига кела олмайдиган юртдошларимиз учун ўз уйларида овоз бериш ташкил этилди.

— Участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзоси сайлов қутиси билан уйимга кириб келганида, қувониб кетдим, — дейди Урганч шаҳридаги 38-сайлов участкаси ҳудудида истиқомат қилувчи Йўлдош ота Тангрибердиев. — Юртимиз ҳаётидаги ушбу муҳим тадбирда қатнашиб, овоз берганимдан мамнунман. Шу ўринда мамлакатимизда нуронийлар ва ногиронларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга устувор аҳамият қаратилаётганини фахр билан айтиш мумкин. Шу маънода, сайловда иштирок этиш орқали ўз миннатдорлигимни ифода қилдим, деб ҳисоблайман.

Қашқадарё вилоятидаги 884 та сайлов участкасида ҳам овоз бериш очиқ ва ошкора, қонунчилик талаблари асосида ўтказилди. Жумладан, Қарши шаҳридаги 884-сайлов участкасида юртдошларимиз электорал маданиятини намойиш этди. Участка сайлов комиссияси раиси Нодир Авазовнинг таъкидлашича, бу ерда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига сайлов ҳуқуқларини рўёбга чиқариши учун ҳамма зарур шарт--шароит яратилди.

— Ҳарбий соҳа вакилларининг сайловда фаол қатнашиши юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, давлатимиз суверенитетини ҳимоя қилиш йўлидаги ватанпарварликнинг яққол намунасидир, — дейди Қарши шаҳридаги сержантлар тайёрлаш мактаби ўқитувчиси Маҳмарасул Бахтиёров. — Бинобарин, ушбу тадбир мамлакатимиз ҳаёти, келажаги ва тақдири учун муҳим ҳисобланган сиёсий воқеа бўлиб, ҳарбийларимиз ҳам унда фаол иштирок этдилар. Зеро, Президент сайловида қатнашиш ҳар бир фуқаро учун нафақат масъулият, айни чоғда фахрдир.

Ҳар бир инсон ҳаётида муҳим воқеалар, саналар кўп бўлади. Шулар орасида, шубҳасиз, биринчи бор сайловда иштирок этиш алоҳида ўрин тутади, десак, айни ҳақиқат. Кеча бўлиб ўтган сайловда биринчи марта овоз берган ёшларимизнинг юксак фаоллик кўрсатгани қувонарлидир.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 83-сайлов участкасига келган сайловчилар орасида ана шундай ёшлар талайгина эди. Улардан бири билан суҳбатлашдик.

— Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабасиман, — дейди Маъруфжон Равшанов. — Бу менинг ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бири бўлди. Президент сайловида иштирок этиб, ўзим учун маъқул бўлган номзодни танладим. Ушбу жараёнда иккиланиб қолганим йўқ. Негаки, сайловгача университетда ва маҳалламизда бўлиб ўтган тарғибот тадбирларида иштирок этгандим. Номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишгандим. Бу пировардида муносиб номзодни танлашимда қўл келди.

14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясидан маълум қилишларича, мавжуд 713 сайлов участкасида овоз бериш юқори даражада ўтди. Буни 

4 декабрь куни соат 15.00 га қадар сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 65,4 фоизи овоз бергани мисолида ҳам кўриш мумкин. Маълумки, мамлакатимизнинг чет давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган 44 сайлов участкаси ҳам 

14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган. Юртимизнинг Корея Республикасидаги элчихонасида тузилган 34-сайлов участкасида 500 нафардан ортиқ сайловчилар рўйхатга олинган. Кеча ушбу сайлов участкасида овоз берган юртдошларимиздан бири тадбиркор А. Саидовдир.

— Биз каби хорижда бўлган фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, овоз бериши учун барча шароит яратилган, — дейди у. — Фуқаролик бурчимизга амал қилиб, мамлакатимизнинг келажак тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшдик.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ҳам фаол иштирок этгани яна бир эътирофга лойиқ жиҳатдир. Улар юксак сиёсий фаоллик ва ҳуқуқий маданиятни намойиш қилишди. Сайлов арафасида фуқароларнинг сайлов кампаниясида фаол қатнашишини таъминлаш мақсадида миллий маданият марказлари томонидан “Ўзбекистон — умумий уйимиз” деб номланган акциялар ўтказилди.

— Ўзбекистонда яшаётганимдан ғурурланаман, — дейди корейс миллий маданият маркази фаоли Марина Кан. — Турмуш ўртоғим билан пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 

466-сайлов участкасига бориб, авваламбор, фарзандларимиз келажаги, миллатлараро тотувлик ва осойишталик учун овоз бердик. Сайлов кампанияси даврида барча миллат ва элат вакилларига ўз тилларида сайловга оид материаллар билан танишиб чиқиш имконияти яратиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги қамоқда сақлаш жойларида ташкил этилган 11 сайлов участкасида ҳам Президент сайлови қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолда ташкил этилди. Бу борада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар ўртасида сайлов қонунчилиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилгани муҳим ўрин тутди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизнинг барча ҳудудида миллий қонунчилик талаблари ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга мос равишда, халқимизнинг уюшқоқлигида бўлиб ўтди.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди.

Последнее изменение Понедельник, 05 Декабрь 2016 10:07
Rasmli statya qushish

Dolor donec sagittis sapien. Ante aptent feugiat adipisicing. Duis interdum sed arcu et nullam eu accumsan nam gravida vulputate sed. Dolor urna integer consectetuer. Quam duis ligula viverra. Vitae turpis elementum donec massa at vitae tortor. Eget vitae est sed.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган