XS.UZ
Асосий мақсадимиз – мамлакатимизни янада тараққий эттириш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришдир Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ШҲТ: Тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда Ҳаракатлар стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир Соғлом турмуш тарзи тарғиботи «Юқори маошли ва обрўли ишга киришни хоҳлайман» Юртни мадҳ этган шоир Ғолиблар аниқланди Иқлим ўзгаришларига мослашиш экологик муаммоларнинг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади Ўзбек саҳнасида жаҳон классик мусиқасидан намуналар янгради Ўзбекистон Президенти Туркия ташқи ишлар вазирини қабул қилди Ўзбекистон Президенти АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондонини қабул қилди Мевлут Чавушўғлу: ҳамкорликнинг янги саҳифалари Очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Фаластин делегациясининг учрашувлари Оила юртдошларимиз учун олий қадрият ҳисобланади Имтиёз ва енгилликлар истиқболли лойиҳаларга йўл очмоқда Фракцияларда долзарб масалалар кўриб чиқилди Инсон хотираси боқий, қадр-қиммати улуғ Дастлабки чорак таҳлили Унутилмас кун қувончи Инновацион ва ижодий ғоялар намойиши Янги маслаҳатчилар ўз фаолиятларини бошлади «Ёш чегарачилар» беллашдилар «Энг намунали оила» республика танлови Қўшиқларга кўчган қалб туғёни 2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари Миллат ифтихори, фахр ва ғурури Ҳудудий саноат ярмаркалари
  • 09 Ноябрь 2016

Сайловчилар рўйхати — фуқаролар сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи барча сайлов округларида 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловга миллий қонунчилигимиз талаблари ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ, қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Хусусан, участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларнинг рўйхатини тузиш ишлари олиб борилаётир. Сайловларни ўтказиш даврида сайловчиларни рўйхатга олиш жараёнининг аҳамияти ниҳоятда катта. Ҳар бир мамлакатнинг сайловга оид қонун ҳужжатлари ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бу сайловчиларни рўйхатга олиш масаласига ҳам тааллуқлидир.

 “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида “Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин”лиги ҳақидаги қоида мустаҳкамлаб қўйилгани фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини, уларнинг ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ҳамда миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон амалиётида сайловчиларни рўйхатга олишнинг турли воситаларидан фойдаланилади. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг халқаро сайлов стандартлари ва сайловларни кузатишга доир ҳужжатларида асосан сайловчиларни рўйхатга олишнинг иккита тизими эътироф этилади. Буларнинг биринчиси, рўйхатга олишнинг фаол (маълум қилиш) тизими бўлиб, унда фуқаролар сайловчилар сифатида рўйхатдан ўтиш тўғрисида ўзлари мурожаат қилишлари талаб этилади. Демак, бу сайловчиларнинг ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтишидир.

Иккинчиси эса, сайловчиларни рўйхатга олишнинг пассив тизими бўлиб, бу тизимда сайловчиларнинг реестри аҳоли ёки фуқароларнинг реестрлари асосида ёки ҳисобга олишнинг бошқа шакллари асосида автоматик тарзда тузилади. Биз буни сайловчиларни мажбурий тарзда рўйхатга олиш деб айтишимиз ҳам мумкин. 

Халқаро ҳужжатларга асосан, тўлиқ, шаффоф, кенг қамровли ва сайловчиларнинг аниқ реестри таъминланган тақдирда у тизим ҳам, бу тизим ҳам мақбул ҳисобланади.

Хўш, бизнинг миллий сайлов қонунчилигимиз сайловчиларни рўйхатга олишнинг қандай тизимига асосланади?

Ўзбекистонда миллий сайлов қонунчилиги халқаро ҳужжатларда эътироф этилган сайловчиларни рўйхатга олишнинг пассив, яъни мажбурий тарзда рўйхатга олиш тизимига асосланади. Бироқ бу сайловчининг сайловга келиши мажбурий, дегани эмас. Чунки сайловчининг сайловда иштирок этиши унинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади. Фуқаронинг сайловга келиши ёки келмаслиги ихтиёрийдир. Айрим мамлакатларда фуқаролар сайловга келмаслиги маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишидан келиб чиқадиган бўлсак, миллий сайлов қонунчилигимиз демократик тамойилларга нечоғли мувофиқлигини кўришимиз мумкин.

Айниқса, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг халқаро сайлов стандартларида белгиланган сайловчилар рўйхатини аниқ ва тўғри тузишга оид талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комис-сиясининг 2015 йил 3 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси -Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда тегишли ҳудудда яшовчи сайловчилар тўғрисида маълумотлар олингач, участка сайлов комиссияси сайловчилар тўғрисида ҳокимликлар берган маълумотларнинг тўғрилигини уйларга бориш, яъни хонадонларни бирма-бир айланиб чиқиш орқали текширади ва сайловчилар рўйхатини аниқлаштириши белгилаб қўйилгани диққатга сазовор. Албатта, участка сайлов комиссияси томонидан бундай тадбирнинг ўтказилиши сайловчилар рўйхатининг тўғри ва аниқлигини, шунингдек, унинг ишончли бўлишини таъминлайди.

Ушбу тизим амалда барча сайловчиларни қамраб олади, уларнинг овоз бериш ҳуқуқини таъминлайди, сайлов куни овоз беришдаги сохталиклар ва суиистеъмолликларнинг олдини олиш имконини беради. Чунки ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди. Сайлов бюллетенларини тегишли сайлов комиссияси сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхати асосида паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат кўрсатилгач беради. Ҳар бир сайловчи сайлов бюллетени олгани ҳақида сайловчилар рўйхатидаги ўз фамилияси рўпарасига имзо қўяди. Бундан ташқари, сайловчилар рўйхати келгусида овозларни ҳисоблаб чиқиш ҳамда сайловнинг ўтган ёки ўтмаганлигини аниқлаш, сайловчиларнинг, умуман, мамлакат бўйича ва округлардаги сонини аниқ белгилаш имконини беради. Маълумки, сайлов, агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 33 (ўттиз уч) фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади.

Муайян миқдордаги сайлов бюллетенлари чоп этилиб, сайлов округлари ва участкаларига тақсимланишида ҳам сайловчилар рўйхати асосида аниқланган сайловчиларнинг сони ҳақидаги маълумотлар аҳамиятлидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайловчиларни рўйхатга олиш, аввало, фуқароларнинг фаол сайлов ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун амалга оширилади. Сайлаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларни сайловчилар рўйхатларига киритмаслик фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқаро участка сайлов комиссиясидан ўзини сайловчилар рўйхатига киритишни талаб қилишга ҳақлидир.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”. Яъни айбсизлик презумпцияси қатъий таъминланади. Ушбу қоида қамоқда сақлаш жойларида сақланаётган шахснинг айбдор эмаслигини белгилайди. Айнан ушбу конституциявий қоида талабларидан келиб чиқиб, сайлов қонунчилигига 2015 йил 29 декабрда киритилган ўзгартишларга асосан, қамоқда сақлаш жойларида ҳам овоз бериш ташкил этилиши мумкин. Қамоқда сақлаш жойларидаги шахсларнинг сайлаш бўйича конс-титуциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаришни назарда тутадиган ушбу қоидалар фуқаролар сайлов ҳуқуқларини амалда тўлиқ кафолатлашга хизмат қилади.

Шунинг учун “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлиги ва унинг 23-моддасида сайловчиларнинг рўйхатлари сайловдан ўн беш кун олдин, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторий ва дам олиш уйларида, касалхоналар ҳамда бошқа доимий ишлайдиган даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда, қамоқда сақлаш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловдан икки кун олдин ҳамманинг танишиб чиқиши учун тақдим этилиши белгилаб қўйилди.

Шуниси эътиборлики, фуқароларга участка сайлов комиссиясининг биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш ва унинг тўғри тузилганлигини текшириш имкони таъминланади.

Ҳар бир фуқаро рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек, рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлик хусусида шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бу масалага доир аризани участка сайлов комиссияси кечи билан йигирма тўрт соат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқиб, рўйхатга зарур тузатишлар киритиши ёки аризачига унинг талаби инобатга олинмаганлиги тўғрисидаги асослантирилган қарорнинг бир нусхасини бериши шарт. Комиссия қарори устидан туман (шаҳар) судига сайловдан кечи билан уч кун олдин шикоят қилиниши мумкин, туман (шаҳар) суди шикоятни йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқишга мажбур. Туман (шаҳар) судининг қарори қатъийдир. Участка сайлов комиссияси суднинг қарорига мувофиқ сайловчиларнинг рўйхатига дарҳол тузатиш киритади.

Сайлов қонунчилигимизда сайловчилар рўйхатини умумэътироф этилган демократик стандартларга мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тузилиши белгилаб қўйилгани фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш билан бир қаторда, юртимизда ҳар бир -фуқаронинг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини амалда намоён этади.

 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг

катта эксперти.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+