XS.UZ
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди Ижод аҳлига юксак эътибор Мусиқий таълимда ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди Болалик олами Биринчи Президентимизнинг эл-юртимиз равнақи йўлидаги буюк тарихий хизматлари ҳеч қачон унутилмайди Бағрикенглик — тинчлик ва тараққиёт асоси Судьяларга холис баҳо берилади Қаҳрамонлар — орамизда «Ўз билимим билан ўқишга кирдим» Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 50000 сўм бўлган пул белгиларини муомалага чиқариш тўғрисида Одамларни ҳаётдан рози қилиш —  ислоҳотларнинг асосий мезони Бир-бирлари томон ташланган навбатдаги муҳим қадам Ўзбекистон — Жанубий Корея: АКТ соҳасидаги алоқалар ривожланмоқда Қонун лойиҳалари муҳокамасида асосли таклифларга эътибор қаратилмоқда Бухоро — Лебап: Дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи Банкоматлардан нақд пул олиш имконияти яратилди Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл Юртдан-юртга, дилдан-дилга ўтгувчи мўъжиза, бу — санъат Ўзбекистон — чемпионлар Ватани Мактаб ярмаркалари Мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишида муҳим қадам Марказий Осиё – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида Ҳудудларни ривожлантиришда янгича ёндашув Тошкент шаҳри туманларида халқ депутатлари Кенгашлари ташкил этилади Сиёсий партиялар ғояларини қуйи бўғиндан олмоқда Одил судловга хизмат қилади
  • 02 Ноябрь 2016

Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш – барқарор тараққиёт кафолатидир

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузаси

Ҳурматли съезд қатнашчилари!

Сизлар билан бугунги муҳим сиёсий тадбирда кўришиб турганимиздан ғоят мамнунман.

Фурсатдан фойдаланиб, менга юксак ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод сифатида кўрсатганингиз учун Сиз, муҳтарам партиядошларимга, бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимизга ўзимнинг чексиз ҳурматимни ва самимий миннатдорлигимни билдираман.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўзининг олдига қўйган мақсад ва дастурлари, ташаббус ва амалий ҳаракатлари билан доимо халқимизнинг дарду ташвишлари ва муаммоларини ечишга, юртимиз фаровонлигини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб, Ватанимизда кундан-кунга катта обрў-эътиборга эришиб бормоқда.

Бугунги кунда ўз сафларида 250 мингдан зиёд аъзони бирлаштирган сиёсий партиямиз мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳиятини, юртимиз тинчлиги ва осо­йишталиги, халқимиз фаровонлигини ­таъминлашда қудратли кучга айланмоқда.

Ишонаманки, келажакда ҳам партиямиз юртимизнинг гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшадиган етакчи сиёсий партиялардан бири бўлиб қолади.

Қадрли юртдошлар!

Замонамизнинг буюк давлат арбоби, мамлакатимиз ва халқимизнинг тақдири, бахту саодати йўлида ўз ҳаётини бағишлаган улуғ Йўлбошчимиз Ислом Абдуғаниевич ­Каримовнинг вафоти барчамиз учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудолик бўлди.

Бутун дунёда таҳликали вазият, миллатлараро тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий инқирозлар ҳамда турли хавф-хатарлар авж олган даврда Ислом Каримовнинг мамлакатимизга раҳбарлик қилганлари Яратганнинг халқимизга кўрсатган бебаҳо марҳамати бўлди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг букилмас иродаси, фидойилиги, мардлиги ва ватанпарварлиги, узоқни кўриш ва стратегик фикр­лаш қобилияти ватандош­ларимизни ягона мақсад сари бирлаштирди.

Натижада мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўлида кўплаб қийинчилик ва синовлардан ўтиб, тарихан қисқа даврда жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини ­эгаллади.

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг босиб ўтган умр йўллари, мустақиллигимизни ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш борасидаги тарихий хизматлари барчамиз учун, шу жумладан, мен учун ҳам энг ёрқин ибрат намунаси ва катта ҳаёт мактаби бўлиб қолади.

Буюк устозимизнинг сиёсий мероси, у киши белгилаб берган тараққиётимизнинг асосий тамойиллари, устувор йўналишлар, мақсад ва вазифаларни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш — биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Бу улкан масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, азиз Юртбошимиз Ислом ­Абдуғаниевич Каримовнинг ғояларини амалга ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган давлат сиёсатини изчил ­давом эттириш, олдимизда турган стратегик вазифаларни оғишмай бажаришни халқимиз олдидаги ўзимнинг асосий бурчим, деб биламан.

Барчамизга маълумки, жаҳондаги эркин ривожланаётган, суверен, ҳуқуқий демократик давлатлар томонидан эътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиш, шунингдек, ­халқимизнинг миллий манфаатлари, менталитети ва анъаналарини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этиш бўйича тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ана шу кўп қиррали сиёсатнинг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда бу борада 70 дан ортиқ халқаро ҳужжат, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10 та асосий ҳужжати ратификация қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Фуқаролик жамиятини барпо этиш, юртдошларимизнинг эркинлик ва ташаббусларини, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш келгусида ҳам Ўзбекистон сиёсий тизимини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши бўлиб қолади.

Давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлис палаталари ролини кучайтириш, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати бўйича муҳим вазифаларни ҳал этиш, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилишда парламентнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Биз юртимизда кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаб, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда партияларнинг ролини оширишга кўмаклашамиз.

Қачонки, сиёсий партияларнинг фаоллиги ошиб, парламент фаолияти доирасида улар ўртасида соғлом рақобат ва баҳс-мунозара муҳити шаклланса, шундагина вакиллик ҳокимияти органлари ҳам самарали ­фаолият кўрсатади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия гуруҳларининг ваколати ва ролини ошириш, айниқса, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш ­борасидаги таъсирини янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Ҳурматли дўстлар!

Биз бошимиздан кечираётган ҳозирги глобаллашув даври ўта шиддат билан ўзгараётгани ва турли таҳдидлар кўплиги билан олдимизга ҳал этишни кечиктириб бўлмайдиган ғоят мураккаб вазифаларни ­қўймоқда.

Шу сабабли Ўзбекистоннинг барқарор ривожига хавф туғдириши мумкин бўлган таҳдидлар, ўз ечимини кутаётган энг муҳим муаммоли масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Биринчидан, геосиёсий ман­фаатлар тўқнашуви халқаро алоқаларда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муносабатларига путур етишига, қарама-қаршилик ва носоғлом рақобат кучайишига сабаб бўлмоқда.

Иккинчидан, жаҳон иқтисодий инқирози, дунё бозорларидаги беқарорлик, энергия ресурслари нархларининг пасайиши деярли барча давлатларнинг иқтисодий ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Табиий ресурслар учун кураш қатор давлатларда ҳарбий-сиёсий аҳволнинг кескинлашувига олиб келмоқда. Айрим мамлакатларни хом ашё базаси ва сифатсиз маҳсулотлар бозорига айлантиришга интилаётган кучлар ҳам йўқ эмас.

Учинчидан, жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва баъзи минтақаларда юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса жиноятчилик, одам савдоси, террорчилик, экстремизм, наркотрафик каби иллатларнинг ҳамда ўта хавфли юқумли касалликларнинг кўпа­йишига олиб келмоқда.

Тўртинчидан, ахборот-коммуникация тизимларининг кенг қўлланиши, давлат ­бошқарувининг электрон шаклда ташкил этилаётгани, ўз навбатида, ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда.

Бешинчидан, коррупция, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар ­давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорлик ­ривожига ­жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Олтинчидан, “оммавий маданият” балоси кўплаб ёшларни ўз домига тортиб, миллат ва юрт учун бутунлай бегона бўлган салбий таъсирлар кириб келишига сабаб бўлмоқда.

Ҳурматли партиядошлар!

Давримизнинг даъвати сифатида пайдо бўлган “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” деган теран маъноли сўзларни биз ҳамиша ёдимизда сақлашимиз лозим.

Бизнинг энг асосий ютуғимиз — кўп миллатли халқимизнинг вужудга келаётган қийинчилик ва синовларни енгишга қодирлиги, уларнинг замонавий ­дунёқараши, сиёсий онги ва ижтимоий фаоллигининг юксалиб бораётгани, атрофимиздаги воқеаларга бепарво бўлмасдан, аксинча, дахлдорлик туй­ғуси билан яшаётганидир.

Марказий Осиё минтақасида ва бутун ­дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм ­хавфи тобора ортиб бораётган бугунги ша­роитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш хавфсизлик ва барқарорликни, халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолати эканини барчамиз яхши ­англаймиз.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув ҳаёт кечираётгани — истиқлол даврида эришган энг муҳим ютуқларимиздан биридир, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз. Миллатлараро тотувликни таъминлашда мамлакатимизда фаолият юритаётган 137 та миллий маданий марказнинг ўрни беқиёс.

Айнан шу нуқтаи назардан келгусида ҳам миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонда ­давлат ­сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенглик муҳити туфайли мамлакатимизда 2 минг 200 дан ортиқ турли диний ташкилотлар фаолият юритмоқда.

Турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларни ривожлантириш, қайси дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш бундан буён ҳам энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Биз муқаддас динимизни нотўғри тал­қин этаётган ва уни ниқоб қилиб, бизни орқага, ўрта асрлар ҳаётига қайтаришга уринаётган бузғунчи кучларга қарши кескин курашиб келдик ва бундан кейин ҳам қатъий кураш олиб борамиз.

Халқимизни ишонтириб айтаман: мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига рахна солишга уринадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига қарши биз кескин зарба беришга қодирмиз. Бунга ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак.

Қадрли анжуман иштирокчилари!

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш — амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарадорлигига эришиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, мамлакатда тинчлик, тотувлик ва барқарор вазиятни таъминлашнинг асосий кафолатидир.

Шу сабабли суд-ҳуқуқ тизими фаолияти тўғрисида гапирар эканмиз, амалга оширилган кенг қамровли ишлар билан бир қаторда, соҳада ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар мавжудлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим, деб ҳисоблайман.

Одамлар биздан нимани кутаяпти? Энг аввало, давлат идораларига қилган мурожаатлари ўз вақтида, холисона ва қонуний ҳал этилишини кутмоқда. Лекин, айрим раҳбарларнинг аҳоли ариза ва шикоятларини кўриб чиқишда сансалорлик, масъулиятсизлик, ортиқча расмиятчиликка йўл қўяётгани одамларни бездирмоқда.

Биргина жорий йилнинг 9 ойида Бош прокуратурага 137 минг, Олий судга 67 минг, Адлия вазирлигига 52 мингдан зиёд келиб тушган мурожаатларнинг ­салкам 30 фоизи бевосита тергов-суд фаолияти ва суд қарорлари ижроси соҳасидаги масалалар билан боғлиқ.

Энг ачинарлиси шундаки, мансабдор ­шахсларнинг ҳаракатсизлиги оқибатида такрорий мурожаатлар сони ортиб бормоқда.

Қани, айтингчи, бу аҳволда аҳолининг умуман суд-ҳуқуқ тизимига ишончи ва уни мустаҳкамлаш тўғрисида гапириш мумкинми ўзи?

Ўйлайманки, барчангиз бу масаланинг нечоғли муҳим эканини яхши тушунасиз. Хўш, вазиятни ўнглаш учун нима қилиш ­керак?

Биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлар билан ишлашга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш керак.

Одамлар билан уларнинг тилида гаплашиш, дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишнинг самарали усулларини жорий этиш устида жиддий бош қотиришимиз зарур.

Ўйлайманки, бу масаланинг жуда муҳимлигини инобатга олиб, уни давлат сиёсатининг устувор вазифалари даражасига кўтариш пайти келди.

Муҳтарам Биринчи Президентимиз “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди”, деб такрор ва такрор таъкидлар эдилар.

Аммо, бугунги кунда судларда ишларни кўриб чиқишда юз бераётган оворагарчилик жойларда фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Айнан шу нуқтаи назардан, қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг асосли, адолатли ва қонуний бўлишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш асосий масаладир.

Энг ачинарлиси, кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми ­чиқарилмаган.

Бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми? Йўқ, албатта.

Бундан ташқари, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз ­кечиш вақти келди.

Суд ёки оқлов, ёки қоралов ҳукмини чиқариши керак.

Шунинг учун судьяларнинг ваколат муддатларини узайтириш орқали судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Одил судловнинг муҳим шарти бўлган томонлар тенглиги принципини тўлиқ ишлатиш учун адвокатура соҳасини ҳам ислоҳ қилиш алоҳида ўрин тутади.

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, адвокат энг нуфузли, обрўли ва ишончли касб эгаси ҳисобланади. Миллий қонунчилигимизда ҳам адвокатларнинг самарали фаолият юритиши учун барча асослар яратилган бўлса-да, амалиётда бу нормалар мутлақо ишламаётганини афсус ­билан қайд этишимиз лозим.

Шу билан бирга, суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, адвокат ваколатларини кенгайтириш бўйича бир қатор қўшимча ва самарали чора-тадбирларни амалга оширишимиз ­зарур бўлади.

Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш мақсадида: биринчидан, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш; иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш; учинчидан, одил судлов кафолатларини кучайтиришга қаратилган масалалар бўйича фармон лойиҳаси тайёрлан­моқда.

Бугунги кундаги яна бир устувор вазифамиз — мамлакатимиз ривожига тўсиқ бўлаётган ёвуз иллат, яъни коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ­бузарликнинг олдини олиш масалаларини самарали ҳал этишдан ­иборат.

Эътибор беринг, биргина жорий йилнинг 9 ойида 61 мингдан ортиқ жиноят ва 2,5 миллиондан ортиқ ҳуқуқбузарликлар қайд этилган.

Бу рақамлар жамият тақдири учун жавобгарликни ҳис қилган ҳар бир инсонни ўйлантирмасдан қўймайди, албатта. Чунки улар кимгадир фарзанд, ота-она ёки қариндош, қолаверса, шу юртнинг фуқаро­ларидир.

Жиноят учун жазо муқаррар, албатта. Лекин, ўзимизга бир савол берайлик — ­фуқароларимиз жиноят йўлига кириб қолмаслиги учун шахсан ҳар биримиз нима иш қилаяпмиз?

Шу нуқтаи назардан, фаолиятимиз, биринчи навбатда, айбдор шахсни жавобгарликка тортиб, унга “судланган” деган там­ғани босишга эмас, аксинча, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва ­профилактикасига қаратилиши зарур.

Афсуски, жойларда бу масалада маҳалла раиси, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар ўз масъ­улиятини мутлақо ҳис этмаяпти, десак, тўғри бўлади.

Шунинг учун жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳар қандай жиноятга адолатли баҳо беришга қаратилган ишларимиз кескин ­кучайтирилади.

Ҳар бир ҳолат ва вазият бўйича ҳоким, ички ишлар бўлими бошлиғи ва прокурорнинг аҳоли вакиллари олдида ҳисобот беришини кўзда тутадиган янги тизим жорий этилади.

Халқнинг дарди ва ташвишларини писанд қилмайдиган, эл-юртимиз осойишталиги ва жамоат тартибини сақлашга, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қурби етмайдиган ҳар қандай даражадаги раҳбарларга нисбатан жиддий чоралар кўрилади. Лўнда қилиб айтганда, бундай лоқайд ва бефарқ шахсларга раҳбарлик лавозимларида мутлақо ўрин йўқ.

Профилактик тадбирларни ташкил этишда маҳалла имкониятларидан самарали фойдаланиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтириш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда фаол қатнашаётган ­инсонларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Олдимизда турган улкан мақсад ва вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун давлат бошқарув тизими ва унинг ­аппарати самарали фаолият юритиши зарур, албатта.

Бироқ, холисона айтганда, бугун аксарият давлат идораларининг иш услуби давр талабига тўлиқ жавоб бермайди. Айрим вазирлик ва идоралар аҳоли муаммоларини ҳал этишда расмиятчиликка йўл қўймоқда, улар кўпинча қуруқ рақам ва маълумотлар тўплаш билан овора.

Вазирлик ва идораларда улар масъул бўлган соҳалардаги аҳволни чуқур таҳлил қилиб, камчиликларни тизимли равишда аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган фаолият етарли даражада йўлга қўйилмаган.

Шу билан бирга, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасида маҳаллий ҳокимликларнинг вазифа ва ваколатларини ҳам такомиллаштиришни даврнинг ўзи тақозо эт­моқда.

Шу ўринда ҳокимлик идораларининг моддий-техника базасини тубдан мустаҳкамлаш, уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини мутлақо қайта кўриб чиқиш зарурлигини қайд этмоқчиман.

Ушбу камчиликларни бартараф этиш ва бутун бошқарув тизимида аниқ тартиб ва қатъий интизомни таъминлаш мақсадида фақат жорий йилда Бош вазирнинг 2 та ўринбосари, 22 та вазир ва идоралар раҳбарлари, Тошкент вилояти, Жиззах, Қарши ва Термиз шаҳарлари ҳамда 21 та туман ҳокимлари лавозимларидан озод этилди. Ишни жамоа бўлиб бажарсак ҳам, унинг натижаси учун ҳар биримиз шахсан ­жавоб беришимиз шарт.

Муаммоларнинг асосий сабаби — кадрларни танлаш, тарбиялаш ва жой-жойига қўйиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор ­бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди.

Давлат идоралари фаолиятини ташкил этишда барчамиз муҳим бир ҳақиқатни ­чуқур англаб олишимизни истардим.

Содда қилиб айтганда, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт келди.

Афсуски, ҳаётда бунинг аксини кўрсатадиган баъзи бир рақамларга сизнинг эътиборингизни қаратмоқчиман. Шу йилнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасига, вазирлик ва идораларга, барча даражадаги ҳокимликларга тушган мурожаатларнинг умумий сони 338 мингтани ташкил этди. Улардан 200 минг­дан ортиғи ёки 60 фоизи туман ва шаҳарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу рақамлар жойларда одамларнинг дарду ташвишлари билан ҳеч бир мутасадди раҳбар астойдил шуғулланмаётганини кўрсатади.

Ишга жойлаштириш, ер участкалари ажратиш, иш ҳақи ва пенсияларни ўз вақтида тўлаш масалалари бўйича мурожаатлар сони кўпайган. Айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига доир мурожаатларнинг ошгани ишимиздаги камчиликлардан далолат беради. Шулар қаторида аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан бўлган эътирозлари ҳам талайгина.

Раҳбарларнинг масъулиятсизлиги, баъзан одамларнинг эҳтиёжлари ва ҳақли ­талабларига бефарқлиги, уларнинг мурожаатларига панжа орасидан қарашлари туфайли Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келаётган шикоятларнинг оқими доимий ­равишда ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, Бош вазирнинг яқинда Интернет тармоғида ташкил этилган виртуал, яъни электрон қабулхонасига ўтган 3 ҳафта ичида 50 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Бундай масъулиятсиз ва совуққон муносабатга қатъиян чек қўйишимиз шарт. ­Фуқароларнинг ҳар қандай муаммоларини ҳал этиш давлатнинг халққа нисбатан ­асосий мажбуриятларидан бири эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шунинг учун раҳбарлар мунтазам равишда халқ орасида бўлиб, шахсий қабуллар ташкил этишлари, жойлардаги муаммоларни ҳал қилишлари зарур.

Бундан кейин жойлардаги раҳбарлар фао­лиятига биринчи навбатда улар бошқараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган ­мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичида юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ­ечимига қараб баҳо берилади. Қисқа қилиб айтганда, раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо ­беради.

Шу билан бирга, кўплаб давлат хизматчиларининг зиммасига катта масъулият юкланганига қарамасдан, уларнинг иш куни ва иш ҳафтаси аниқ меъёрга солинмагани ҳеч кимга сир эмас.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ­давлат хизматчиларига юксак талаблар қўйишдан олдин уларнинг ҳуқуқларини ­кафолатлаш ва ҳимоя тизими билан ­мустаҳкамлаш даркор.

Масаланинг ўта долзарблигини эътиборга олиб, давлат хизмати бўйича қонун қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари алоҳида ўрин эгаллайди.

Шу боис жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш мақсадида зарур чораларни кўришимиз керак. Бу борада “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” концепция­сини изчил давом эттириш энг устувор ­вазифаларимиз қаторига киради.

Маълумки, дунёда ноёб, ўхшаши йўқ ­маҳалла тизими мустақиллик йилларида аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айланди.

Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм сурмоқда, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмаяпти.

Шуларнинг барчасини эътиборга олиб, биз бу тузилмани янада қўллаб-қувватлашимиз ва ҳар томонлама ривожлантиришимиз зарур.

Биринчи навбатда, маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган раҳбар ва ходимларнинг малакаси ва савиясини мунтазам ошириб бориш лозим бўлади.

Маҳалла институтининг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Яна бир муҳим масала — ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш билан боғлиқ. Ахборот соҳасини ривожлантириш борасида ўтган даврда катта ишлар қилинди. Келгусида журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий асослари ва моддий базасини янада мустаҳкамлашга қаратилган ишларимиз изчил давом эттирилади.

Азиз дўстлар!

Давлатимиз раҳбари “Иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб, сиёсий мустақилликни таъминлаб бўлмайди” деган эдилар. Мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарийб 6 баробар ўсди. Унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга ошди. Охирги 11 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиши 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда. Фаол инвестиция сиёсати амалга оширилмоқда.

Лекин, ҳаммамизга аёнки, ўсиш суръатлари — бу шунчаки бир мақсад эмас. Бундай ўсиш аввало халқимизга, ҳар бир фуқарога қандай наф етказиши, унинг дастурхонида, кундалик ҳаётида акс этиши биз учун муҳим масаладир.

Айни шу нуқтаи назардан, биз келгусида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида асосий диққат-эътиборни қуйидаги стратегик йўналишларга қаратишни зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва кейинги йилларда эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш. Шунингдек, миллий валютамиз, ички бозордаги нарх-наво бар­қарорлигини таъминлаш.

Молиявий соҳада эса — тармоқ ва ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш ҳисобидан маҳаллий бюджетнинг даромад базасини кенгайтириш лозим бўлади.

Туман ва шаҳарларда маҳаллий бюджетлар имкониятларининг кенгайиши — шу ҳудудларда яшайдиган аҳолининг турмуш даражаси ва шароитлари яхшиланишига, умуман барқарорлик ва осо­йишталикка ­хизмат қилиши лозим.

Агар биз шаҳар ва туман бюджетларининг даромадлар базасини кенгайтирмасак, ҳеч қачон ушбу ҳудудларни жадал ривожлантириш мумкин эмаслигини яхши англашимиз керак.

Иккинчидан, иқтисодиётимизнинг жа­ҳон бозоридаги рақобатдошлигини янада ошириш, унинг соҳа ва тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилишдир.

Бизнинг олдимизда 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича ўта муҳим вазифалар турибди.

Шу мақсадда яқинда кимё саноатини, рангли ва нодир металлар, углеводород хом ашёсини қайта ишлаш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, мева-сабзавот маҳсулотлари ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича 8 та ­махсус дастур қабул қилинди.

Ана шу дастурлар доирасида яқин беш йил ичида умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойи­ҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Натижада саноат маҳсулотлари ­ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробар ортади.

Ҳозирги вақтда маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилди. Мазкур дастур қиймати 2 миллиард 300 миллион доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутади. Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ­ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар ошади.

Яна бир муҳим масала. Арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида бугун биз аҳолимиздан қарздормиз ва ўйлайманки, бу қарзни узиш вақти келди.

Айни пайтда биз тиббиёт ходимлари томонидан беморларга қиммат дориларни асоссиз равишда тайинлашга, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетишига йўл қўймайдиган энг қатъий чораларни кўрамиз. Давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилиши таъминланади.

Бу борада тасдиқланган дастурдаги ва ҳудудий 100 дан ортиқ лойиҳаларнинг амалга оширилиши 162 та янги, ҳозирги вақтда четдан олиб келинаётган дори воситаларини ўзимизда ишлаб чиқариш ва уларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини беради.

Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги вақтда Навоий, Жиззах ва Ангрен ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Берилган имтиёзлар корхоналар томонидан инновацион лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ­имкон яратмоқда.

Бу ижобий тажрибани кенгайтириш ­мақсадида Ургут туманида ҳам эркин иқтисодий зона ташкил этилмоқда. Яқин келгусида Қўқон шаҳри ва ­Ғиждувон туманида ҳам ана шундай ҳудудлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Учинчидан, аҳолимизнинг сони ва ёши таркибини ҳисобга олиб, аҳоли бандлиги муаммосига доир тизимли ишларни давом эттиришимиз зарур.

Яқинда Ҳукумат мажлисида депутат ва сенаторлар иштирокида 2017 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш дастури лойиҳаси муҳокама қилинди.

Дастур 390 минг кишини доимий иш жойи билан, 200 минг кишини — қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини — шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунарманд­чилик ва оилавий тадбиркорлик орқали иш билан таъминлашни назарда ­тутади.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда ҳар доимгидек Либерал-демократик партия аъзоларининг фаол қўллаб-қувватлаши ва ёрдамига умид қиламиз.

Тўртинчидан, қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифа — аввало, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдир.

Бу борада замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш, маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳосилдорлиги паст ерларда пахта экишни қисқартириш сабзавот, дуккакли ва озуқабоп экин майдонларини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда, юқори технологияга асосланган интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш билан биргаликда олиб борилади.

Масалан, кейинги йилларда Сурхондарё вилоятида пахта ҳосилдорлиги пастлигича қолмоқда. Фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволи йилдан-йилга ёмонлашмоқда. Томорқалардан фойдаланиш ҳам талаб даражасида эмас. Ваҳолонки, Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида февраль ойидан бошлаб бемалол 3 марта ҳосил олиш имкони бор.

Шунинг учун 2017 йилда тупроқ унумдорлиги паст ерлар ҳисобидан ушбу ҳудуднинг қарийб 18 минг гектар пахта ва 1000 гектар ғалла майдонлари қисқартирилади. Ушбу майдонларда сабзавот ва мева етиштирилади, интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади, иссиқхоналар ташкил қилинади. Натижада маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ҳажми кескин кўпайиб, қўшимча қийматли экспортбоп маҳсулотлар тайёрланади. Бу аҳолининг манфаатдорлиги ошиши ва даромади янада кўпайишига олиб ­келади.

Ана шу масала бошқа вилоятларда ҳам босқичма-босқич қайта кўриб чиқилади ва бундай тадбирлар уларда ҳам давом ­эттирилади.

Яқин кунларда 2017 — 2020 йилларга мўлжалланган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дас­турини ишлаб чиқиш якунига етказилади.

Дастурга мувофиқ, экин майдонларини оптималлаштириш, пахта майдонларини бос­қичма-босқич қисқартириш таъмин­ланади.

Асосий эътибор экспортга йўналтирилган мева-сабзавот ва озиқ-овқат ҳамда чорвачилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш шохобчаларини ташкил этиш ва сервис хизматлари кўрсатишга қаратилади.

Келгуси 5 йилда биз мева-сабзавот ­маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини 1,8 баробар ошириб, бугунги 17 фоиздан 30 фоизга кўпайтиришни вазифа қилиб қўймоқдамиз.

Қўшимча тарзда 200 минг тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга бўлган совиткичли омборхоналар қурилади. Бу, ўз навбатида, янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадини кўпайтириш ва маҳаллий бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконини ­беради.

Асосий вазифаларимиздан яна бири — қишлоқ хўжалигини молиялаштиришнинг мавжуд тизимини такомиллаштиришдан иборат.

Бу ишларни амалга оширмасдан туриб, биз кафолатланган барқарор ҳосилдорликни, бутун агросаноат комплексини ривожлантиришни ва энг муҳими, фермерларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни ва қишлоқ жойларда турмуш даражасини яхшилашни таъминлай олмаймиз. Бу тадбирларнинг амалга оширилиши устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Бешинчидан, олдимизда турган яна бир вазифа — хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга халақит бераётган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этишдан иборат.

Бу борада кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг экспортдаги иштирокини янада рағбатлантириш бўйича қўшимча комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Партиямизнинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар фаолиятини жадал ривожлантириш жамиятимиз тараққиёти ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи, иқтисодиётимиз барқарор ўсишининг энг муҳим кафолатидир.

Маълумки, бугунги кунда тадбиркорлик соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди. Аҳолининг 78 фоизи айнан шу тармоқда меҳнат қилиб, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бироқ, тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган қатор чоралар кўрилишига қарамасдан, доимий текширишлар, молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашувлар оқибатида тадбиркорлар ўз ишини вақтинча тўхтатишга, айрим ҳолларда эса умуман тугатишга мажбур бўл­моқда.

Жиноят ишларини тергов қилиш доирасида ўтказилаётган текширишларнинг узоқ муддат давом этиши тадбиркорларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, лицензия ва рухсатномалар бериш жараёни ойлаб чўзилиши туфайли фуқаролар тадбиркорлик билан ноқонуний тарзда шуғулланишига ўзимиз замин яратмоқдамиз. Мансабдор шахсларнинг тамагирлик ҳолатларига тўлиқ чек қўйилмаган.

Текширув тартибларини бузиш ҳолатлари, асосан, солиқ, ёнғинга қарши кураш, санитария назорати, кадастр, табиатни муҳофаза қилиш ва бошқа назорат қилувчи органлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида хўжалик судларида хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 23 мингта иш кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига 640 миллиард сўм ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган, 133 нафар айбдор мансабдор шахсга ­нисбатан тегишли суд таъсир чоралари кўрилган.

Режадан ташқари ва муқобил текширишлар назорат органларига тадбиркорлик субъектларини исталган вақтда текшириш имконини беради. Улар орасида энг кенг тарқалган қисқа муддатли текширишга эса текширувчи идоранинг ўзи рухсат бермоқда. Текширишлар тирноқ остидан кир қидириш, камчилик топишга йўналтирилган бўлиб, охир-оқибатда тадбиркорларни ­“синдирмоқда”.

Шу сабабли текшириш турлари, уларни ўтказиш тартиби ва асосларини танқидий кўриб чиқиш, назорат органларининг ваколатларини қатъий чеклаш, тадбиркорлар жавобгарлигини либераллаштириш бўйича аниқ чоралар кўриш вақти келди, деб ўйлайман.

Бу муаммоларни эътиборга олиб, яқинда қабул қилинган Фармонга мувофиқ, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика самарадорлигини ошириш сиёсатимизнинг устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали ­вазифаси этиб белгиланди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этиб, етказилган зарарни қоплаган тадбиркорлар маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялардан озод қилинади.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазони қўллаш бекор қилинди.

Хорижий инвестициялар иштирокида янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига давлат рўйхатидан ўтган вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилди.

Тадбиркорлик фаолиятига аралашиш, фаолиятни асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги, шунингдек, уларга етказилган зарарни бевосита айбдорлардан ундириш тартиби ­белгиланди.

Мазкур Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида, Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида, Давлат харидлари тўғрисида ва Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги каби муҳим қонунларни қабул қилиш назарда тутилди.

Олтинчидан, мамлакатимиз иқтисодий қудратининг ўсиши, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга, айниқса, қишлоқ жойларда бунга эришиш — авваламбор, мамлакатимиз ҳудудларининг комплекс ва изчил ривожланиши билан белгиланишини яхши тушунамиз. Бу бизнинг ҳам яқин, ҳам узоқ муддатли истиқболдаги вазифамиздир.

Бугунги кунда 14 та ҳудуддан 5 таси ёки уларнинг 36 фоизи, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари республика бюджетидан субвенция олувчи ҳудудлар қаторига киради.

Бундан ташқари, Жиззах ва Янгиер ­шаҳарлари ҳамда 167 та тумандан 121 тасида ёки 72 фоизида маҳаллий бюджет даромадлари субвенция ёрдамида шакллантирилмоқда.

Шу муносабат билан Биринчи Президенти­миз томонидан тасдиқланган, бир қатор вилоятлар, Тошкент, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз, Наманган, Урганч ва Гулистон шаҳарлари, шунингдек, Булунғур ва Нишон туманларининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижросини таъминлашимиз зарур;

шу билан бирга, Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий­, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари 2017 йилнинг биринчи ярим йилида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Мамлакатимиз ҳудуд ва минтақаларини замон талаблари асосида тараққий топтириш учун биз аниқ режа ва ҳисоб-китобларга эга бўлишимиз зарур.

Шу мақсадда ҳукуматимизнинг ташаб­буси билан жорий йилнинг сентябрь — октябрь ойларида мамлакатимиздаги 182 та шаҳар ва тумандаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди.

Чуқур таҳлиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, 2017 — 2021 йилларда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш бўйича муҳим дастурлар ҳар бир маҳалла кесимида ­ишлаб чиқилди.

Субвенция оладиган 81 та туман молиявий жиҳатдан ўзини ўзи тўла таъминлайдиган ҳудудга айланади, шунингдек, 41 та туман ва шаҳар бўйича субвенция даражаси кескин камаяди.

Бизнинг келгуси режаларимизда азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрини нафақат минтақамиз, балки дунёдаги энг гўзал ва обод мегаполислардан бирига айлантириш энг муҳим ва устувор масала бўлиб қолади.

Шу мақсадда миллий меъморлик ва шаҳарсозликнинг энг илғор ютуқ ва ечимларидан ижодий фойдаланган ҳолда, кенг миқ­ёсдаги қурилиш ва ободонлаштириш ­ишларини изчил давом эттириш эътиборимиз марказида бўлади.

Тошкент шаҳри учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик дастур — Сирғали туманида яқин келгусида 500 та кўп қаватли замонавий уй-жой барпо этиш лойиҳасини ­ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Бу эса қарийб 30 минг оилани янги уй-жой билан таъминлаш имконини яратади. Шуниси эътиборлики, бу уйлар имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилади ва эски, ҳеч бир шароити йўқ, пастқам уйларда яшаётган аҳолини босқичма-босқич замонавий уйлар билан таъминлаш имконини беради.

Шаҳарнинг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш, коммунал ва савдо хизматлари сифатини яхшилаш, янги транспорт-коммуникация тармоқлари ва хизмат турлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш, ер устидан ўтадиган тез­юрар метро йўналишларини қуриш, бир сўз билан айтганда, одамларни ҳаётдан рози қилиш масаласига устувор аҳамият берилади.

Бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган социал-ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун биз республика миқёсидаги 15 та мақсадли дастурни пухта ишлаб чиқишимиз ва амалга оширишимиз зарур.

Аввало, қишлоқ аҳолисининг эҳтиёж ва талабларини эътиборга олиб, Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш дас­турини қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Ушбу дастурга кўра, биргина келгуси йилнинг ўзида тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда.

Бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиши ҳамда арзон лойиҳалар асосида барпо этилиши натижасида эҳтиёжманд оилалар алоҳида уй-жой ва хонадонларга эга бўлади.

Бундан ташқари, 2017 — 2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун 5, 7 ва 9 қаватли арзон уйлар ­қурилади.

Келажакда тасдиқланадиган Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастури биз учун ғоят долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга ­қаратилади.

Бу муаммолар, асосан, қуйидагилардан иборат: биринчидан, бугунги кунда ­мамлакатимиз аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 67 фоизни ташкил этмоқда; иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида марказлашган ичимлик суви таъминотида муаммолар ­мавжуд.

Бу йўналишда ўтган даврда мамлакатимизда катта ишлар қилинганини албатта эътироф этиш зарур. Айни вақтда аҳолимиз сони ўсиб, охирги 25 йилда 10 миллионга кўпайди ва бугунги кунда 31 миллион 800 мингни ташкил этмоқда.

Шунинг учун нафақат янги оилалар ва маҳаллалар, балки ўнлаб янги-янги қиш­лоқ ва шаҳарчалар пайдо бўлаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мавжуд вазият бу борада кечиктирмасдан, самарали чоралар кўришни талаб этмоқда.

Бугунги кунда аксарият жойларда одамларни қийнаб келаётган ана шу муаммони ечиш мақсадида келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади.

Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самар­қанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3,2 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради.

Шу мақсадда Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза сув” махсус жамғармаси ташкил ­этилади.

Ушбу устувор вазифаларни амалга ошириш учун ҳозирги вақтда Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриб ­чиқилмоқда.

Бугунги кунда аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар мавжуд эканини очиқ тан олиш керак. Бунинг сабаби шундаки, мамлакатимиз бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда. Куз/қиш мавсумида уларни алмаштириш бўйича бажарилаётган ишлар эса масалани тубдан ҳал этаётгани йўқ.

Шунинг учун кафолатланган ва барқарор электр қуввати етказиб бериш мақсадида Шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш дастури ишлаб чиқилмоқда.

Беш йил давомида электр энергияси ­ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанцияларини ­алмаштириш назарда тутилган.

Навбатдаги долзарб масала йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш билан боғлиқ. Бугунги кунда аксарият қисми ачинарли аҳволга келиб қолган минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларга ҳам эътибор қаратадиган вақт ­келди.

Баъзи бир рақамларга мурожаат қилсак. 75 минг километр ёки 64 фоиз ички йўлларимиз таъмирталаб аҳволда. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бир қисми ҳеч қандай қопламасиз, яъни тупроқ йўллардир. Шунингдек, 9 минг 500 километр йўлларни реконструкция қилиш талаб этилмоқда.

Янги дастурда умумий фойдаланишдаги 1 минг 700 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, аҳолимиз учун ўта муҳим бўлган 10 минг 400 километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Ушбу дастурни амалга ошириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармасини ва “Ўзавтойўл” компаниясининг ташкилий тузилмасини мутлақо тубдан қайта кўриб чиқамиз.

Мазкур дастурнинг мантиқий давоми сифатида Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастури ҳам ишлаб чиқилади. Бу дастурга асосан, 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Янги 3 мингта автобус, 5 минг 700 та микроавтобус сотиб олиниб, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади ва мавжуд йўналиш­лардаги эскирган автобуслар ­янгиланади.

Шу билан бирга, ҳаво ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида, аввало, Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этишимиз зарур.

Шулар қаторида Бухоро — Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши — Термиз, Поп — Наманган — Андижон — Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам кўзда тутилмоқда.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва утилизация қилишни янада яхшилаш дастури шаҳарларимиз ва қишлоқ аҳоли пунктларининг тозалиги ва гўзаллигини ошириш, атроф-муҳитни заҳарлайдиган ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган, ноқонуний пайдо бўлган 1,5 мингта чиқиндихонани йўқ қилиш имконини беради.

Айни вақтда маиший чиқиндилар учун, жумладан, барча вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 168 та полигон барпо этилади. Чиқиндиларни тозалаш билан шуғулланадиган ташкилотлар қўшимча равишда 405 та замонавий махсус техника билан таъминланади.

Яна бир муҳим масала — кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик бўйича қўшимча чора-тадбирлар ­кўрилмоқда.

Кўмир ишлаб чиқаришнинг ҳозирги ҳажми, афсуски, мавжуд талабни тўлиқ қондириш имконини бермаяпти.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз бўйича кўмир маҳсулоти етказиб бериш режаси 35 фоизга, аҳолини таъминлаш бўйича эса 17 фоизга бажарилган, холос.

Шу сабабли аҳолига кўмир етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, унинг нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ­ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Бизнинг биринчи даражали вазифаларимиз қаторида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб ­этади.

Ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши бўлган мактабгача таълим-тарбия тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш эътиборимиз марказида бўлади. Жумладан, давлатга қарашли 1 миллион 109 минг ўринли 2 минг 200 та болалар боғчасини қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш масалалари ҳал этилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан ошириш мақсадида яқин кунларда қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам станциялари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш бўйича, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича Ҳукуматнинг 4 та қарори ­лойиҳаси тайёрланмоқда.

Муҳтарама аёлларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мамлакатимизда ­давлат сиёсати даражасига кўтарилганини барчамиз яхши биламиз.

Жамиятимизда тинчлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб вояга етказишда беқиёс ўрин тутадиган хотин-қизларнинг ижти­моий-сиёсий ҳаётимиздаги нуфузини янада оширишимиз зарур. Улар учун муносиб шарт-шароитлар, янги иш ўринлари яратиш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш бундан кейин ҳам муҳим вазифа ҳисобланади.

Маълумки, хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, қўлимиздан келганича умрларини узайтириш асрлар давомида энг улуғ қадриятларимиздан бири бўлиб келмоқда. Чунки мўътабар кексаларнинг насиҳатлари, дуолари билан ҳаётимиз файзли, юртимиз тинч ва обод, хонадонларимизда қут-барака барқарор, десак, ҳеч қандай ­муболаға бўлмайди. Доно халқимизнинг “Қариси бор уйнинг париси бор” деган ҳикматли сўзларида чуқур маъно бор.

Ҳақиқатан ҳам, бизнинг мана шундай ёруғ кунларга етиб келишимиз учун ўзини аямасдан меҳнат қилган бундай табаррук инсонларга хизмат қилиш, дуосини олиш, улар учун муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўришни биз ўзимизнинг эзгу ва савобли вазифамиз, деб биламиз.

Шу борада Ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахс­ларга тиббий ёрдам кўрсатиш дас­тури тайёрланмоқда.

“Нуроний” жамғармасининг мақоми ва мавқеини кўтариш, унинг туман, вилоят ва республика тузилмаларининг штат бирликларини кўпайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият ­берилади.

Мухтасар айтганда, бу жамғарма келгусида кекса авлод вакилларига том маънода кўмак берадиган фаол ташкилотга айланиши учун барча тегишли чораларни кўрамиз.

Маълумки, Ўзбекистон — улкан табиий захиралар, иқтисодий ва инсоний салоҳиятга бой мамлакат. Аммо, Яратганнинг ўзи ато этган яна бир бебаҳо бойлигимиз борки, у ҳам бўлса, халқимизнинг беқиёс интеллектуал ва маънавий ­салоҳиятидир.

Илм-фан намояндаларининг, таъбир жоиз бўлса, “игна билан қудуқ қазийдиган” заҳматкаш олимларимизнинг машаққатли илмий изланишлари мамлакатимиз, унинг бугунги ва келгуси равнақи учун жуда катта аҳамиятга эга. Бу фидойи инсонлар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш мақсадида биз бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, барқарор тараққиётга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмас.

Ҳаётимизнинг энг муҳим жабҳалари учун юксак технологиялар, илмий ишланмалар яратиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, жаҳон ахборот технологиялари бозорида муносиб ўрин эгаллаш масаласига устувор аҳамиятга эга вазифа сифатида қарашимиз зарур.

Айни вақтда ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, уларни китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим ­бўлади.

Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади.

Ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳоратини халқимиз маънавиятини юксалтиришга бағишлаган, инсон қалбининг муҳандислари бўлган ижодкор зиёлиларга доимий эътибор масаласи бизнинг дастуримизда алоҳида ўрин эгаллайди.

Ижодий ташкилотлар, бадиий уюшмалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техника базасини, инфратузилма тармоқларини мустаҳкамлаш ишларига эътибор янада кучайтирилади.

Ижодкор зиёлиларимизнинг энг яхши асарларини юртимизда ва чет элларда тар­ғиб этишни биз маънавий-маърифий соҳадаги сиёсатимизнинг муҳим бир қисми сифатида давом эттирамиз. Айниқса, маданият, санъат, адабиёт ва матбуот оламига кириб келаётган иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.

Юртимизда ўтказилаётган ижодий танлов ва фестивалларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, бадиий асарлар учун тўланадиган қалам ҳақи миқдорини қайта кўриб чиқиш, ижодий ва интеллектуал мулк эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари диққатимиз марказида бўлади.

Бундай эътибор ва амалий ғамхўрлик нафақат ижод аҳлига, айни пайтда, жонкуяр ўқитувчи ва домлаларга, тиббиёт ходимларига, ҳарбий хизматчиларимиз ва ҳуқуқ-тартибот посбонларига, бир сўз билан айтганда, давлат бюджетидан маош оладиган барча фидойи юртдошларимизга тааллуқли эканини алоҳида таъкидлашни зарур, деб ­биламан.

Ҳурматли съезд қатнашчилари!

Олдимизда турган энг муҳим ва долзарб масалалардан бири — юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни миллий ва умуминсоний қад­риятлар руҳида тарбиялашдан иборат эканини барчамиз яхши тушунамиз.

Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, бу нақадар жиддий масала экани янада яққол аён бўлади.

Шу ўринда фарзандларимизнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтириш билан боғлиқ вазифаларга қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Авваламбор, “оммавий маданият” кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳвандлик, диний экстремизм, миссионерлик каби бало-қазолардан ёшларимизни асрашга, уларнинг таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканимизни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Бу борада биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой маънавий меросига таянамиз.

Ёшларимиз ўртасида ҳуқуқий маданият, соғлом турмуш тарзини, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга қаратилган ишларнинг самарасини оширишни бугун давр­нинг ўзи талаб этмоқда. Бу борадаги дастурларда белгиланган тадбирларнинг ижроси яқинда янгидан қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун нормалари асосида қатъий давом ­эттирилади.

Шу ўринда табиий савол туғилади. Биз кўплаб дастурларни қабул қилмоқдамиз, лекин уларни амалга оширадиган, ташаб­бускор ва ватанпарвар, юқори малакали кадрлар етарлими? Олий ўқув юртларида тайёрланаётган мутахассислар олдимизга қўйилган бундай улкан вазифаларни бажаришга қодирми? Уларга таълим бераётган ўқитувчи ва профессорларнинг билим ва малакаси давр талабига жавоб берадими?

Минг афсуски, бу саволларга жавоб ­бериш осон эмас.

Биз бу йўналишдаги ишларимизни тан­қидий баҳолаган ҳолда, 2017 — 2021 йилларда Олий ўқув юртлари тизимини янада ривожлантириш бўйича дастур ­ишлаб чиқишимиз ва уни ҳаётга татбиқ ­этишимиз керак бўлади.

Шу билан бирга, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятини бугунги куннинг ўткир талаблари нуқтаи назаридан танқидий кўз билан қайта кўриб чиқишимиз лозим.

Аввало, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўзини мустаҳкамлаш, унинг мамлакатимиздаги барча ёшлар чин дилдан интиладиган ташкилотга, ортиқча тадбирлар ўтказиш ва расмиятчилик кўринишларидан холи бўлган, ёшлар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячисига айланишига эришиш зарур. Унинг жойлардаги тузилмалари фао­лиятини, хусусан, шаҳар ва туманларда, узоқ қишлоқ ва маҳаллаларда уюшмаган ёшлар ўртасида олиб бориладиган ишларни ­кучайтириш бўйича ҳали олдимизда катта вазифалар турибди.

Ёшлар билан ишлаш масаласи ижти­моий сиёсатимизнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар дастурини амалга оширишни ­тақозо этади.

Ҳурматли дўстлар!

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан ташқи сиёсат бўйича ишлаб чиқилган принцип ва ёндашувларга тўлиқ амал қилиш сайловолди дас­туримизнинг муҳим таркибий қисмидир.

Ташқи сиёсатимизнинг асосини тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш, барча хорижий давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан амалий ҳамкорлик ташкил этади.

Мамлакатимиз ҳеч қандай ҳарбий-­сиёсий блокларга қўшилмайди, бошқа давлатларнинг ҳарбий база ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ­ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл ­қўйилмайди.

Биз ташқи сиёсатни амалга оширишда барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ­мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи ­даражали вазифамиз, деб биламиз.

Айнан шундай сиёсатни давом эттиришни бугунги кунда дунёда вужудга келаётган мураккаб вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда.

Муҳтарам ватандошлар!

Азиз партиядошлар!

Биз сайловолди дастурида белгилаб олган давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ислоҳ қилишдаги энг муҳим мақсад ва устувор вазифаларимизни ҳаётга татбиқ этишда аввало сиз, азизларга, Либерал-демократик партияси аъзоларига, бизга хайрихоҳ ва тарафдор бўлган барча юртдошларимизга таянамиз.

Биз ўтган даврда партиямизнинг сиёсий соҳада орттирган тажрибаси, унинг мамлакатимизда ўрта синф — мулкдорлар синфи деб ном олган янги ижтимоий қатламни шакл­лантириш йўлида амалга оширган кенг кўламли ишларини, халқимиз орзу-интилишларининг ифодачиси сифатида олиб бораётган фаолиятини албатта муносиб ­баҳолаймиз.

Айни вақтда мамлакатимизда сиёсий партиялар ўртасида рақобат кучайиб бораётган ҳозирги босқичда Ўзбекистон Либерал-демок­ратик партиясининг жамиятимиздаги нуфузи ва таъсирини ошириш, эл-юртимизнинг ҳар томонлама ишончини қозониш энг муҳим ва долзарб вазифага ­айланмоқда.

Айниқса, партиямизнинг “Ёшлар қаноти”ни янада кучайтириш, унинг азму шижоатли, ташаббускор йигит-қизларимизни ўз атрофида бирлаштиришга қаратилган фаолия­тини жонлантиришимиз зарур.

Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз биз — авлодларга қолдирган васиятида ғоят муҳим бир фикрга алоҳида урғу бериб, “Эл дардига дармон бўлмоқ — эзгу вазифангиздир”, деб таъкидлагани албатта бежиз эмас.

Партиямиз ана шундай улуғ вазифани ўз зиммасига олишга интилар экан, бунга ҳар жиҳатдан муносиб бўлиши даркор.

Шу маънода, Бош вазирнинг яқинда ташкил этилган виртуал қабулхонасига юртдошларимиздан кўплаб ҳақли мурожаатлар тушаётгани ва уларда кўтарилган кўпгина масалалар ўз ечимини топаётганини бугун алоҳида қайд этиш лозим.

Айтиш керакки, бу вақтинчалик эмас, балки доимий равишда ишлайдиган тизим сифатида ўз фаолиятини давом эттиради.

Мана, кун давомида аҳолидан менинг номимга электрон шаклда келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни ўқиб, уларнинг ечими бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар бераяпман ва ижросини шахсан ўзим ҳар куни назорат қилиб бораяпман.

Яқин кунларда ҳар бир туман ва шаҳарда, барча вилоятларда бундай қабулхоналар Ўзбекистон Либерал-демократик партия­сининг “Халқ қабулхоналари” сифатида ташкил этилади. Бу тизим фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларини, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ­ўрганиб, ҳал этиш билан мунтазам шуғулланади.

Ҳеч шубҳасиз, бу ишларнинг тўғри йўлга қўйилиши партиямизнинг аҳоли ва сайловчилар ўртасидаги обрў-эътиборининг ошишига хизмат қилади. Энг асосийси, бундан эл-юртимизга наф бўлади, халқимиз барчамиздан ва ­давлатдан рози бўлади.

Муҳтарам ватандошлар!

Азиз партиядошлар!

Биз сизлар билан биргаликда сайловолди дастуримизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ислоҳ қилиш ­борасидаги энг муҳим мақсад ва устувор вазифаларни белгилаб олдик.

Ана шу улкан режаларимизни ҳаётга татбиқ этишда биз биринчи навбатда Ўзбекис­тон Либерал-демократик партияси аъзолари, барча юртдошларимиз, бутун халқимизнинг ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳиятига таянган ҳолда иш олиб борамиз.

Фақатгина халқимизнинг азму шижоати ва қудрати, букилмас иродаси ва қатъияти, энг муҳими, мустақил тараққиётга бўлган мус­таҳкам ишончи буюк мақсадларимизга эришишнинг бирдан-бир кафолатидир.

Азиз юртдошлар!

Барчамиз учун Ватан битта!

Битта мақсад бизни бирлаштиради.

У ҳам бўлса, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир.

Бетакрор юртимизга, олижаноб ­халқимизга садоқат билан хизмат қилиш — барчамизнинг энг шарафли ва ­муқаддас бурчимиздир.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Последнее изменение Пятница, 04 Ноябрь 2016 15:14
Rasmli statya qushish

Dolor donec sagittis sapien. Ante aptent feugiat adipisicing. Duis interdum sed arcu et nullam eu accumsan nam gravida vulputate sed. Dolor urna integer consectetuer. Quam duis ligula viverra. Vitae turpis elementum donec massa at vitae tortor. Eget vitae est sed.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган