XS.UZ
Ўзбекистон — Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи Спортчи қизларга — Президент совғалари Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди Маҳаллийлаштириш: Имконият ва истиқбол Асосий мақсад — таълим сифати ва самарадорлигини ошириш Битирувчиларга имтиёзли кредитлар Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан... Меҳр-оқибат ва эзгулик айёми Буюк алломага эҳтиром Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида
  • 23 Декабрь 2015

Икки хил ҳолат мавжуд

— Бундан 5-6 йил аввал мактабимиз ҳовлисидаги бўш жойда теракзор барпо қилган эдик. Ҳозир теракларимиз қурилишбоп ёғоч ҳолатига келган. Қолаверса, унинг жойига яна дарахт кўчатлари экишни мўлжаллаганмиз.

Саволимиз шуки, мактаб ҳовлисида, ушбу ўқув муассасаси эҳтиёжи учун ўстирилган теракларни кесишга ҳам табиатни муҳофаза қилиш ташкилотидан рухсат олиш керакми?

С. ТУРСУНОВ.
Гулистон тумани

— Муддатидан қатъи назар, мактаб ҳовлисидаги бўш жойда парваришланаётган теракзор мақсадли равишда, яъни таълим муассасаси эҳтиёжи учун плантация сифатида экилган ва уни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, мактаб эҳтиёжлари учун кесиб фойдаланиш мумкин. Агар у ободонлаштириш ниятида экилган бўлса, унда маҳаллий давлат ҳокимиятининг тегишли қарори ва рухсатномаси асосида, тўлов эвазига кесишга йўл қўйилади.

Ў. СОБИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Давлат бионазорати инспекциясининг Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш бўлими бошлиғи.

«Ҳуқуқшунослик соҳасига қизиқаман»
— Ҳуқуқ соҳасига қизиқаман. Вилоятимизда ушбу йўналишда коллеж мавжуд эмас. Айтинг-чи, мен Тошкентдаги юридик коллежда ўқисам бўладими?

К. РАҲИМОВ.
Чироқчи тумани

— Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳуқуқшунослик соҳасига ихтисослаштирилган саккизта коллеж мавжуд. Бундан ташқари, қолган ҳудудларда ҳам, гарчи ҳуқуқшуносликка ихтисослаштирилган бўлмаса-да, ҳуқуқшунос касби бўйича ўқитадиган таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Сиз қизиқишингизга кўра, ана шу таълим масканларидан бирига ўрнатилган тартибда ариза топширишингиз мумкин.

Х. ЗИКРИЛЛАЕВ,
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари.

Мулк солиғи қачон тўланади?
— Ер участкам бор. Унга ер солиғи тўлаяпман. Яқинда уй қуриш учун пойдевор қўйдик. Энди солиқчилар келиб, мулк солиғи талаб қилишмоқда. Бу қанчалик тўғри?

У. ҲАЙИТОВ.
Асака тумани

— Солиқ кодексининг 277-моддасига асосан, янги иморатлар, бинолар ва иншоотлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ улар барпо этилган йилдан кейинги йил бошидан эътиборан тўланади.

Р. НАСИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Жисмоний шахсларга солиқ солиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Ҳамкорлик йўлга қўйилган
— Хорижда қонуний асосда ишлаб келиш ниятидаман. Айтинг-чи, ҳозир Ўзбекистон Республикаси қайси мамлакатлар билан ишчи кучи етказиб бериш бўйича ҳамкорлик алоқалари ўрнатган? Чет элда меҳнат қилиш масаласида кимга мурожаат этиш лозим?

Т. БЕРДИБАЕВ.
Нукус шаҳри

— Ҳозирги вақтда ишчи кучи етказиб бериш бўйича Корея Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Чет элда меҳнат қилиш масаласида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича Тошкент, Қўқон, Қарши, Бухоро ва Нукус шаҳарларида жойлашган минтақавий бюроларга мурожаат этиш мумкин.

У. НАЗАРОВ,
Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари.

Меҳнат дафтарчаси бўлмаса...
— Ҳали фермерлик фаолияти йўлга қўйилмаган даврда, узоқ йиллар эски хўжалик жамоалари таркибида далада меҳнат қилганман. Лекин ўша вақтларда бизга меҳнат дафтарчаси юритилмаган. Айтинг-чи, меҳнат дафтарчаси бўлмай туриб ҳам пенсияга чиқиш мумкинми?

Р. ОДИЛОВ.
Уйчи тумани

— Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни 42-моддасига мувофиқ, иш стажини тасдиқлаш тартиби белгиланган бўлиб, бунда меҳнат дафтарчаси асосий ҳужжат ҳисобланади. Меҳнат дафтарчаси ёки унда тегишли ёзувлар бўлмаган тақдирда, иш стажини тасдиқлаш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 59-бандига биноан, меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаганда, шунингдек, меҳнат дафтарчасида зарур ёзувлар бўлмаган ёки меҳнат фаолияти даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар мавжуд бўлган ҳолларда, иш стажини тасдиқлаш учун (иш билан банд шахснинг иш стажидан ташқари) маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисобварақлари ва иш ҳақи бериш учун ведомостлар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.
Бунда маълумотномада ишга қабул қилиш тўғрисидаги, иш (лавозим) бўйича ўзгаришлар тўғрисидаги ва асослари акс этган ҳолда меҳнат шартномасининг тўхтатилиши тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.  Маълумотнома ташкилот ёки архив раҳбари, шунингдек, маълумотномани тайёрлаган ходим томонидан имзоланади ва уни берган ташкилот ёки архивнинг муҳри билан тасдиқланади.
Ушбу Низомнинг 56-бандига мувофиқ, иш стажи тўғрисида ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, меҳнат фаолияти даврлари суднинг қарори билан белгиланади.

М. ЗИЯДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари  Пенсия жамғармаси
ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари.

Имтиёзли кредит олиш мумкинми?
— Шахсий томорқамни ривожлантириш, унда қорамол, парранда ёки қуён боқиш учун имтиёзли кредит олишим мумкинми? Бу борада қайси банкка мурожаат қилишим керак?

А. ЖУМАНИЁЗОВ.
Янгибозор тумани

— Бугунги кунда тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликлар (жисмоний шахслар)га Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 20 мартда 2344-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ: қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва етиштириш учун олти ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатга; мевали дарахтлар ва узум кўчатлари сотиб олишга бир йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатга; уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун олти ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача бўлган муддатга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда имтиёзли кредитлар ажратиб келинмоқда.
Шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда микрокредитлар берилади.
Микрокредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг тўлов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунгача депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз ўзингиз истиқомат қилаётган ҳудудда жойлашган тижорат банкларига чорвачиликни ривожлантириш учун кредит ажратишни сўраб, ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

М. ШОНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тижорат банкларининг инвестициялар портфелини мониторинг қилиш департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари.

Зарарни қоплаш мажбурияти
— Ташкилотимиз раҳбари мени ноқонуний ишдан бўшатиб юборган эди. Суд орқали ишимга тикландим. Маошсиз қолган ойларим учун ҳисоб-китоб қилинадими? Бу ўринда менга кимнинг ҳисобидан ҳақ тўланади?

Ш. РУСТАМОВ.
Қумқўрғон тумани

— Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 112-моддасига мувофиқ, ходим ишга тикланганда унга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти иш берувчига юклатилади.
Зарарни қоплаш мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш, меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлашдан, шунингдек маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборатдир.
Мазкур муддат йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киради (142-модда).
Шуни назарда тутиш керакки, иш берувчи ходимнинг пул ундиришга доир талабларини ҳеч қандай муҳлат билан чекламай, ҳамма вақт учун қондиришга ҳақлидир. Бироқ меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ходимга ҳақ тўлаш тўғрисидаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш чоғида суд томонидан ходимнинг пул ундиришга доир талаблари бир йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун қондирилади (275-модда).

Д. КИМСАНОВ,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Юридик бўлими мудири.

Белгиланган тартиб-қоида асосида
— Укам Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида давлат гранти асосида таҳсил олаяпти. Оилавий сабабларга кўра, ўқишини вилоятимизга кўчирмоқчи. Бунинг тартиб-қоидаси қандай?

Ш. ХЎЖАЕВ.
Бухоро шаҳри

— Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом”га асосан, талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар, албатта, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси қарори асосида амалга оширилади.
Ўқишнинг барча шакли бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассислиги) бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар аризасига кўра, муайян таълим йўналиши (мутахассислик)да олий таълим муассасаларига тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.
Бошқа ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризага талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари илова этилади.

Э. ҚИЛИЧЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бош мутахассиси.

Расмийлаштирилиши лозим
— Яқинда турмуш ўртоғимнинг автомобилини бошқариб кетаётсам, ЙПХ ходими мени тўхтатди. Транспорт воситасини бошқариш учун ишончнома йўқлиги боис машинани ҳайдашим мумкин эмаслигини айтди. Мен эса “эр-хотиннинг мулки умумий, шундай экан, нима учун ишончнома талаб қиласиз?” деб эътироз билдирдим. Лекин ЙПХ инспектори барибир автомобиль бошқаришимни қоидабузарлик, деб ҳисоблади. Шу тўғрими?

Н. АСАДУЛЛАЕВА.
Фарғона шаҳри

— Турмуш ўртоғининг номида бўлган транспорт воситасини нотариал идора орқали расмийлаштирилган ишончнома, умумий мулк тўғрисидаги гувоҳнома ёки никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг тасдиқланган нусхаси асосида бошқаришга рухсат этилади.

Х. САЙДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Гаров ва кредит Низомга мувофиқ ҳал этилади »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган