XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида Қатъий мақсад, пухта режа, қулай шароит муваффақиятларга эришишнинг муҳим омилидир Оилаларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш Ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар қўллаб-қувватланмоқда Фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар Одил судлов ва замонавий талаблар Илм-фан ривожи — жадал тараққиёт гарови Китоб байрами Экскурсия етакчилари салоҳияти Экскурсия етакчилари салоҳияти Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳаракатлар стратегияси —  ислоҳотларнинг янги босқичи Пул муомаласи ва ҳисоб-китоб халқимиз учун қулай шаклда бўлади Илғор агротехнологиялар ва замонавий ёндашувлар Маданият ва спорт ривожи истиқболлари Эзгуликнинг табаррук ошёни Самимий қутловлар Эзгу ташаббуслар, изчил ислоҳотлар Илм-фан тараққиётига юксак эътибор Йўллар ободлиги — иқтисодий ривожланиш омили Халқчил институт ва самарали фаолият Билимли, жисмонан етук ва фидойи Кўмирнинг чакана нархи 13 фоиз арзонлашди Етти хазинанинг бири Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Соғлом авлод — давлат ва жамият таянчи Аҳоли билан мулоқот ва амалий тажриба «Профилактика куни» тадбирлари бошланди Қулай инвестиция муҳити иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилмоқда «Олтин қалам»: Ижодий изланиш ва рағбат
  • 14 Октябрь 2015

Гаров ва кредит

— Тадбиркорликка қизиқаман. Табиийки, ушбу фаолият билан шуғулланиш учун маълум миқдорда маблағ керак бўлади. Аммо ўзимда бунга имконият йўқ. Банкдан кредит олиш учун эса гаровга қўйиладиган мол-мулкка эга эмасман.

Шундай ҳолатда ҳам бизнес лойиҳани амалга ошириш учун молия муассасалари бўлажак ишбилармонларни қўллаб-қувватлаши мумкинми?

O. ЖАБИЕВ.
Нарпай тумани

— Бугунги кунда тижорат банклари томонидан кичик тадбиркорлик субъектларини миллий валютада кредитлаш “Кичик тадбиркорлик субъектларини миллий валютада кредитлаш тартиби тўғрисида Низом” ва амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ишлаб чиқилган банкнинг ички кредитлаш тартибларига мувофиқ тартибга солинади.
Кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида банкка қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этиш мумкин: мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови; тижорат банки ёки суғурта компаниясининг кафолати; учинчи шахс кафиллиги; қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг тижорат банки фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси; таъминотнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа турлари.
“Гаров тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан, ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно.
Кредит ҳисобига сотиб олинган мулк ушбу кредит бўйича ўз қийматининг 80 фоизи миқдорида гаров бўлиб хизмат қилиши мумкин.

А. ҚОСИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки
Банкларнинг инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти директори.

Зарур ҳолларда аниқлик киритилади

— Ҳадемай, пенсияга чиқаман. Фаолиятим давомида давлатга тегишли ўнга яқин ташкилотда меҳнат қилганман. Буларнинг барчаси меҳнат дафтарчамда акс этган ва муҳр билан тасдиқланган. Лекин пенсия идораси вакиллари зарур ҳужжатлар қаторида ҳар бир ишлаган идорадан маълумот олиб келишимни сўрашаяпти. Шу тўғрими? Аслида фаолият давримга оид бирор бир йил бўйича қандайдир шубҳа туғилсагина маълумот талаб қилинмайдими?

А. ШАРИПОВ.
Қарши шаҳри

— “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси “а” бандига мувофиқ, фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Қонуннинг 43-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари корхоналар, ташкилотлар ва айрим шахслардан тегишли ҳужжатларни талаб қилиш, зарур ҳолларда эса, уларнинг берилиши асослилигини текшириш ҳуқуқига эга.

М. ЗИЯДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг
биринчи ўринбосари.

Таълимда ёш чегараланганми?
— Мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида ўқиш бўйича ёшга доир чегара борми?

С. ТИЛЛАЕВА.
Учкўприк тумани

— Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун ёш бўйича чеклашлар мавжуд эмас (ҳарбий олий таълим муассасалари, Банк-молия академияси бундан мустасно).

И. МАЖИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи.

Имтиёз кимга татбиқ қилинади?
— II гуруҳ ногиронларига ер солиғи бўйича имтиёз мавжуд. Айтинг-чи, бу имтиёз ногирон номидаги фақат хонадон ери учун назарда тутилганми ёки унга тегишли томорқа ёхуд боғ учун ҳам амал қиладими?

З. ДАДАХАНОВ.
Гулистон тумани

— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 290-моддасига асосан, I ва II гуруҳ ногиронлари жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод этилган. Ушбу имтиёзлар якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ қилинади. Бунда мазкур имтиёзлар солиқ тўловчининг танлаши бўйича фақат битта ер участкасига берилади.

О. РУСТАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари.

Ҳайдовчи тўхташ ишорасини кўрмаса...
— Шаҳарлараро трассада ҳаракатланаётган эдим. Ён-атрофимда машиналар кўплиги туфайли йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг “тўхта” ишорасини кўрмадим. Яъни у айнан менга ишора қилганини билмадим. Назорат постига етиб борганимда эса қоида бузганимни, инспекторнинг буйруғига бўйсунмаганимни айтишди. Ҳайрон қолдим. Бундай вазиятда масала қандай ҳал этилади?

Ж. ЮСУПОВ.
Асака тумани

— Ушбу ҳолатда қоидабузарлик бўйича маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 245-моддасига асосан, кўриб чиқиш учун суд идораларига юборилади.

Х. САЙДАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи.

Қафасда балиқ етиштириш технологияси
— Балиқчилик ва туячилик билан шуғулланмоқчиман. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг шундай ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган бирор лойиҳаси борми?

И. СОДИҚОВ.
Кармана тумани

— Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан республикада балиқчиликни ривожлантириш бўйича бир нечта лойиҳа молиялаштирилмоқда. Жумладан, “Қафасда (садоқда) балиқ етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш” лойиҳаси амалга оширилаяпти. Сиз балиқчилик бўйича лойиҳа тайёрлаб, Республика табиатни муҳофаза қилиш жамғармаси томонидан ҳар йили эълон қилинадиган танловга юборишингиз мумкин.
Туячилик билан шуғулланиш масаласи бўйича Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига мурожаат қилишни тавсия этамиз.

М. БОБОХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи.

Техник имкониятлар кенгаяди
— Яқинда Ўзбекистон мобиль алоқа миллий оператори — “Uzmobile”нинг GSM тармоғига уландим. Ундаги хизмат кўрсатиш сифати мени қаноатлантираяпти. Фақат ҳисобимда пул қолмагач, телефонга кириш қўнғироқлари ҳам ўчириб қўйиларкан. Нега шундай?

Ш. ЖАЛИЛОВА.
Учтепа тумани

— Дарҳақиқат, аҳолига кенг қамровли алоқа хизматини тақдим этиш мақсадида жорий йил компаниянинг “Uzmobile” филиали томонидан “GSM” стандартидаги мобиль алоқа хизмати йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунда “Uzmobile” филиалида абонент ҳисобида белгиланган миқдорга нисбатан кам пул маблағи қолганда, кириш ва чиқиш қўнғироқлари, “SMS” хабарлар ҳамда мобиль интернет хизмати ўчирилиши “Billing” тизимида йўлга қўйилган. Мазкур тизимнинг техник имкониятларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Шундан сўнг абонент ўз ҳисобида маблағ қолмаган тақдирда ҳам кириш қўнғироқлари ва “SMS” хабарлар хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

А. ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари.

Битирувчининг ҳуқуқи
— Қизим педагогика коллежида таҳсил олаяпти. Ўқишни тугатгач, умумтаълим мактабида ўз ихтисослиги бўйича фаолият юритиши мумкинми?

Р. ОТАЕВА.
Вобкент тумани

— Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг 3.3-бўлимида академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари давлат томонидан тасдиқланган намунадаги дипломни олганларидан сўнг ушбу диплом билан таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш ёки эгалланган ихтисослиги ва касб-ҳунар бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эканликлари белгилаб қўйилган.

Х. ЗИКРИЛЛАЕВ,
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари.

Кечиктирилган кун учун тўлов
— Келишмовчилик туфайли тўрт ой аввал бир ходимимиз билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга тўғри келди. Лекин шу вақтгача кадрлар бўлимидан меҳнат дафтарчаси ва бошқа тегишли ҳужжатларини олиб кетмаган экан. Худди шу ҳолатни рўкач қилиб, ўтган тўрт ой учун ўртача ойлик иш ҳақи беришимизни талаб қилаяпти. Ҳатто, тармоқ касаба уюшмалари ташкилотидан ҳам собиқ ходимимизни қувватловчи хат келди. Бу даъво нечоғли қонуний?

М. ҚУВВАТОВ.
Урганч шаҳри

— Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида йўриқнома”нинг 3.1.-бандига асосан, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади (масалан, моддий жавобгар ходимни бириктирилган анжомларни вақтида топширмаганлиги учун баҳона қилиб меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса). Бундай ҳолда ишдан бўшаш санаси меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади.

С. ҲАЙТМУРОДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи.

Мутахассислар тавсияси
— Ўғлимни сув полоси тўгарагига неча ёшдан ва қаерга берганим маъқул? Мутахассислар тавсияси жуда муҳим.

Ш. ИМОМОВА.
Паркент тумани

— Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва педиатрия илмий-техник кенгашида 2011 йил 15 мартда 18-сон баён билан тасдиқланган “Баркамол авлодни шакллантиришда жисмоний тарбия ва спортнинг тиббий асослари” услубий қўлланмасида сув полоси билан 10-13 ёшдаги болаларнинг шуғулланиши тавсия этилган.
Фарзандингизни сув спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига берганингиз маъқул. Айни пайтда бундай таълим масканлари Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида мавжуд.

Б. ДАНИЯРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари.

«Танловларда қатнашмоқчиман»
— Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан жуда кўп кўрик-танловлар, фестиваллар, анжуманлар ўтказилади. Очиғи, баъзан шундай тадбирлар тўғрисида республика босқичлари якунланганидан кейин, у ҳақда телевизор, радио ёки газетада берилган ахборотлар орқали хабардор бўламиз. Яъни кеч эшитамиз. Ана шундай муҳим тадбирлар тарғиботини янада кучайтиришнинг имкони борми? ТВда бериладиган роликлардан ташқари, эълонларни шаҳар, туман марказигача эмас, балки маҳаллаларгача етказиш йўллари ўйлаб кўрилса, яхши бўларди.

Т. ЭРГАШЕВ.
Янгиқўрғон тумани

— Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилаётган кўрик-танловлар ҳамда фестиваллар икки ёки ундан ортиқ босқичда ўтказилади. Тадбирлар эълон қилинган вақтдаёқ вазирликнинг расмий веб-сайти (www.mcs.uz)га жойлаштирилмоқда.
Бундан ташқари, январь ойида йил давомида уюштирилиши режалаштирилган кўрик-танловлар, фестиваллар тўғрисида маълумотлар берилиши йўлга қўйилган.
Вазирликнинг ҳудудий бўлимлари орқали ўтказиладиган тадбирларнинг ҳудудий босқичлари ҳақида маълумотлар жойлардаги оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади. Шунингдек, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, тизимдаги таълим муассасалари ва бошқа корхона, ташкилотлар орқали ҳам бу ҳақда хабардор бўлиш мумкин.
Сиз жуда ўринли таклиф киритгансиз. Биз келгусида ушбу масала юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликни изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

С. БОБОЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Ахборот-таҳлил ва матбуот хизмати бошқармаси бошлиғи.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: « Ҳар бир тизим ўзига хос Икки хил ҳолат мавжуд »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган