XS.UZ
Тадбиркорликни ривожлантириш, имкониятлардан тўла фойдаланиш халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифати тубдан яхшиланади Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда Маҳалла — халқчил институт Ҳаракатлар стратегияси: жамоатчилик ва оавнинг иштироки Фуқаролар осойишталиги кафолатларини кучайтириш — замон талаби Муаммоларни ҳал этишнинг самарали омили Барқарорлик пойдевори Ёшлар гиёҳвандликка қарши «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат асносида Шарқнинг ҳақиқий гўзалликларини кашф этасиз» Мўъжизакор ўсимлик Китобга боғланган кўнгил Полвонларимиз муваффақияти Ўн минг йиллик битиклар Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Кўп томонлама ҳамкорлик истиқболлари Истиқлол саодати ва шукрона Кичик бизнес салоҳияти рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда яққол намоён бўлмоқда ЎзХДП қатъий позициясини белгилаб олди Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш қамрови янада кенгаяди Ўзбекистонлик ишбилармонлар Швейцарияда Оқибати аянчли иллат Хусусий сектор ривожига сармоялар Молиявий саводхонлик нима? Яхши ниятлар, эзгу амаллар Фарҳодбек — жаҳон чемпиони Спортда мухлисларни қувонтирадиган натижалар бўлади Олдини олган афзал Ипак саноатининг довруғи қачон тикланади? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат
  • 10 Апрель 2015

Эзгулик мўъжизаси

Бугун озод ва обод юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқлари, ҳатто, олис гўшалари ҳам бетакрор кўрку таровати билан кишини ўзига мафтун этиб, қалбларда ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдирмоқда. Бу, албатта, истиқлол шарофати, мустақиллик йилларида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

Хусусан, ўтган 23 йил мобайнида Сирдарё вилояти иқтисодиётининг барча тармоғида ҳам Давлат ва ҳудудий дастурлари ижроси тўла таъминлангани туфайли оламшумул ўзгаришлар юз берди.
Ушбу саҳифада ана шу ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида, шунингдек, вилоятнинг бой тарихи ва ноёб табиати, эзгу мақсадлар рўёби йўлида фидокорона меҳнат қилаётган сирдарёликларнинг салоҳияти, қўлга киритаётган ютуқлари, ўзига хос ҳаёт тарзи ва турмушидан шукроналиги хусусида ҳикоя қиламиз.

* * *

Кузатгансизми, олис тоғлару даштлардан эниб келувчи Сирдарё  Мирзачўл кенгликларига етгач, ёйилиб оқади, аммо у бир зум тўхтамайди.
Сирдарёликларнинг бугунги бунёдкорлик ва яратувчанлик йўлидаги саъй-ҳаракатлари ҳам, ифодали қилиб айтганда, ана шу азим дарё оқимидек жўшқин ва бетиним. Уларнинг фидокорона меҳнати маҳсуллари эса обод манзилларда, файзиёб хонадонларда, ҳудуднинг йилдан-йилга иқтисодий жиҳатдан равнақ топиб бораётганида ўз ифодасини топмоқда. Бир вақтлар, асосан, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилган Сирдарё вилоятида ҳозирги кунда замонавий технологиялар билан жиҳозланган ўнлаб йирик корхоналар ишлаб тургани ана шундан далолат беради.
— Эсимда, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида кичик майдонда вилоятимизда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилар эди, — дейди меҳнат фахрийси Абдурашид Абдуллаев. — Қаранг, ўша пайтда шу жойни тўлдириш ҳам амримаҳол эди. Ҳозир эса бундай тадбирни ўтказиш учун Гулистон шаҳрининг энг улкан биноларидан бири — “Алпомиш” спорт мажмуаси ҳам торлик қилиб қолмоқда. Бу эса ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб бораётганлигига ёрқин мисолдир.
Қувонарлиси, бу ерда саноатнинг кўплаб тармоқлари ўзаро уйғун ҳолда ривожлантирилмоқда. Хусусан, четдан келтирилаётган қурилиш материалларининг сони тобора қисқариб, улар ўзимизнинг ихтисослаштирилган ўнлаб катта-кичик корхоналаримизда ишлаб чиқарилмоқда. Аниқроғи, сувоқ ашёларидан тортиб, мураккаб конструкцияли темир-бетон буюмларидан иборат бўлган кўплаб маҳсулотлар буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда Янгиер, Гулистон шаҳарлари ва Мирзаобод туманида тадбиркорлар томонидан лок-бўёқ ва елим ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани, Сирдарё туманидаги “Пенг-Шенг” қўшма корхонасининг кафеллари эса мамлакатимизнинг барча ҳудудидаги қурилиш-таъмирлаш ишларида кенг қўлланилаётгани диққатга сазовордир.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган бундай истиқболли лойиҳалар ижросини енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаси ҳамда иқтисодиётнинг бошқа кўплаб тармоқларида ҳам кузатиш мумкин. Жумладан, ўтган йили енгил саноат йўналишида иккита йирик — Янгиер шаҳрида “Омад текс” ва Бахт шаҳрида “Бектекс” корхоналари ўз фаолиятини бошлаган бўлса, “Гулистон сокс бизнес” масъулияти чекланган жамиятида пайпоқ, “Гелиос Гулистон интернешнл” корхонасида йилига икки минг тонна калава ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Таъкидлаш керакки, вилоятда дори-дармон ва бошқа тиббиёт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони ҳам йил сайин кўпаймоқда. Масалан, бултурнинг ўзида Боёвут туманида “Сирдарё ликорайс экстракт” хорижий корхонаси, бошқа туманларда “Темур мед фарм”, “Река мед фарм”, “Бахт текс фарм”, “Амалий мед фарм”, “Коди фарм” корхоналари ишга туширилди. Айни пайтда шприц тайёрлашга ихтисослаштирилган “Гулистон медтехника” корхонаси ҳам фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда.
Аграр соҳа вакиллари — фермерлар эса ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларига қўл уриб, пахтачилик ва ғаллачилик билан бир қаторда, балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик йўналишларида катта муваффақиятларга эришаётгани эътирофга лойиқдир.

Сайёҳлар талпинган шаҳар
Маълумки, Сирдарё вилояти яқин ўтмишда Мирзачўл кенгликларида ташкил этилиб, айнан мустақиллик йилларида обод ҳудудга айланган бўлса-да, бу ерда юртимизнинг
минг йиллар нарисидаги тарихидан ҳикоя қилувчи обида ва манзиллар кўп. Хусусан, ҳозирги кунда археологлар қазишма ишларини олиб бораётган “Эски Ховос” тепалигидаги ер қатламлари Сирдарё шаҳрининг ёши икки минг йилдан зиёд эканлигини исботлайди. Сардоба туманидаги “Ёғочли сардоба” эса Буюк Ипак йўлида муҳим аҳамиятга эга сув манбаи ҳисобланган.
Бу халқаро йўлда карвонсаройлар мавжуд шаҳарлар ҳам бўлиб, уларнинг бири Хушкат деб аталган.
X аср охири ва XI асрнинг биринчи  ярмида “Самарқанд — Зомин — Ховос — Бинокат” йўналишида эса Устуршонадан Сирдарё бўйлаб Чочга борадиган йўл қурилган. У “Эски Бинокат йўли” дея номланган. Ховосдан сафарга чиққан карвон Сирдарёнинг чап қирғоғидаги Бинокат (Шоҳруҳия) шаҳри яқинидаги кечув орқали Шошга ўтган. Дарё ўзанининг ёйилиб оқадиган ушбу қисми муҳим стратегик, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга  манзил саналган. Яъни у карвонлар тўпланадиган жой бўлганлиги сабабли, бу ерда уларга хизмат кўрсатиш тизимини яратишни ҳаётнинг ўзи тақозо этган. Натижада кечувнинг чап қирғоғида, яъни Бинокатнинг қарама-қарши томонида, ҳозирги Сайхунобод туманидаги Нурота қишлоғи ўрнида Хушкат шаҳри бунёд этилган.
Тадқиқотларда келтирилишича, Хушкатда  IX аср охиридан XVI асрнинг биринчи ярмигача қайноқ ҳаёт давом этган. Буни шаҳар ўрнидан топилган пишиқ ғиштлар, Қорахонийларнинг Шошдаги элоқхони Алхан ал-Адил томонидан 1003-1004 йилларда Бинокатда зарб этилган мис тангалар ва ушбу даврга оид турли сопол буюмлар тасдиқлайди.
Афсуски,  Хушкат 1219 йили Чингизхон  лашкарбошилари Оллоқнўён ва Сукэту Чэрби бошчилигидаги 5 минг аскарлик қўшин томонидан вайрон қилинган. Лекин мазкур шаҳарнинг  мамлакат коммуникация тармоғидаги  улкан аҳамияти Амир Темур бобомизнинг эътиборидан четда қолмаган. Шу боис Соҳибқироннинг буйруғига биноан, 1391 — 1392 йилларда у қайта тикланган бўлса,  Мирзо Улуғбек даврида Хушкат карвон йўлидаги муҳим шаҳар ҳисобланган.
Хушкатнинг шаҳар сифатида инқирозга юз тутишига, аввало, Буюк Ипак йўлининг ўз фаолиятини тўхтатиши сабаб бўлган. Чунки унинг тақдири бевосита шу йўлдаги қатнов билан боғлиқ эди.  Шаҳар қисмати Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги Шоҳруҳия билан бир хил кечиб, сўниши ҳам Шоҳруҳияники билан бир вақтга тўғри келган.
Эътиборли жиҳати, аждодларимиз томонидан бунёд этилиб, кўп йиллар давомида уларнинг сафарларида хизмат қилган иккала шаҳар халқимизнинг азалдан йўлсозлик борасидаги салоҳияти юксак бўлганлигини кўрсатади.

Солижон ҚУДРАТОВ,
тарих фанлари номзоди, доцент.

«Қовунхона» сири нимада?
Ховос туманидаги Қайирма қишлоғининг деярли барча хонадонларида ошхона, омборхона, оғилхона, ҳаммом қаторида “қовунхона” деб аталувчи иморатлар ҳам мавжуд. Ана шу табиий музлаткичлар туфайли бу ерда ўрик гуллаган паллада ҳам сархил полиз маҳсулотларини топиш мумкин.
Халқона музлаткичларнинг деворлари оддий хом ғиштдан тикланган. Қизиғи, тўрт томонида ҳам эшиклари бор. Яна деворлар ва томларда туйнуклар бўлиб, пировардида улар ичкарида ҳаво айланишини таъминлашга хизмат қилади. Қовунхоналарнинг кенг-мўл сатҳига тўшалган майин қум  эса ердан кўтариладиган намликка тўсиқ бўлади.
Қайирмаликлар қовун сақлаш юмушига ҳозирликни нав танлашдан бошлайдилар. Кўп йиллик тажрибага кўра, “Хоразм қирқмаси”, “Раис уруғ” ҳамда шу қишлоқлик халқ селекционери яратган ва унинг номи билан юритиладиган “Ҳошим уруғ” навли қовунлар шулар жумласидан бўлиб, уларнинг уруғи ғалладан бўшаган майдонларга экилади. Ҳосил мезон шамолидан баҳра олиб пишиб етилгач, даладан зиён-заҳмат етказилмаган ҳолда ташиб келтирилади. Сўнгра қовунлар сараланиб, қамиш поясидан тўқилган тўрхалталарга солинади, бири-бирига тегмайдиган ҳолатда қовунхонага қават-қават қилиб териб чиқилади.
— Бизнинг қовун сақлаш усулимиз ўзига хос, — дейди агроном Исоқ Мамарасулов. — Яъни бу юмушни ҳеч қандай махсус ускуна ёки воситаларсиз, фақат табиий ашёлар орқали амалга оширамиз. Қовунхоналаримизда,  ҳатто, иситиш тизими ҳам йўқ. Шундай бўлса-да, қаҳратон қиш кунларида ҳам  маҳсулотни совуқ урмаслиги учун етарли  ҳарорат сақланади.  Сабаби, минг-минглаб қовунларнинг ўзидан, деҳқон тили билан айтганда, “нафаси”дан керакли иссиқлик пайдо бўлади.
Дарҳақиқат, Мирзачўл заминида етиштирилган қовунлар ширинлиги билан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам маълуму машҳур. Хусусан, қайирмаликлар ўз маҳсулотларининг Европа ва Осиё мамлакатларигача етиб бораётганидан фахрлансалар, Мирзаобод туманининг “Тошкент” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ деҳқонлар ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирида Американинг Калифорния штати фермерларига қовун экиш агротехникасини ўргатишганликларини ғурур билан эслаб юришади.
2014 йилда Ширин ва Бахт шаҳарларида мусиқа ҳамда санъат мактаблари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни чоғда вилоятда 15 та ана шундай таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Гулистон шаҳридаги 1-мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Билолиддин Нарзуллаев Бокуда ўтказилган “Муғом” халқаро фестивалининг махсус дипломи билан тақдирланди.

Икки сотих ҳовуздан — 5 тонна балиқ
Сирдарё иссиқлик электр станциясининг ёрдамчи балиқчилик хўжалигида очиқ сув ҳавзалари йўқ. Аксинча, бу ерда балиқлар ёпиқ, яъни махсус бино ичидаги ҳовузларда боқилади. Яна қанақа балиқлар денг, бошқа жойларда деярли учрамайдиган Африка лаққаси!
— Биз парваришлаётган лаққа балиқ иссиқсевар, — дейди ёрдамчи хўжалик иш юритувчиси Ҳусниддин Ҳасанов. — Гап шундаки, уларга 14 даражадан 35 даражагача иссиқликдаги сув зарур. Бундай ҳароратдаги сувни эса электр станциясидан оламиз.
Мазкур сув жонивори очиқ ҳавода ҳам маълум вақт ҳаётчанлик хусусиятига эгалиги билан турдошларидан тубдан фарқ қилади. Аниқроғи, у жабраси устидаги махсус аъзоси орқали нафас олиб, 14 — 47 соат давомида яшашга қодир. Муҳими, маҳсулдор ва боқиш муддати ҳам қисқа. Масалан, саккиз ой давомида балиқларнинг энг кам вазни бир килограммни ташкил этади. Ҳатто, шу давр мобайнида бир нечтаси 7 килограммгача тош босиши ҳам кузатилган. Буларнинг бари 2 сотих ҳовуздан 5 тоннагача балиқ овлаш учун имкон яратади.

Чиғаноқдан — натюрморт, ёғочқовоқдан — кўза
— Қовоқ, чиғаноқ, чаноқ, ўрик данаги, қамиш, маккажўхори барги, сомон, каноп — булар мен ҳунармандчиликда ишлатадиган ашёлар. Кўриниб турибдики, ҳаммаси табиий ва энг муҳими, ортиқча харажат талаб қилмайди. Улардан санъат асарлари ва совғабоп буюмлар тайёрлайман.
Туғилиб ўсган қишлоғим Сирдарёга яқин эмасми, болалик даврим шу дарё бўйида ўтган. Ўшанда энг севимли машғулотим соҳилдаги чиғаноқларни териш эди. “Қанийди, шулардан нимадир ясай олсам”, деб орзу қилардим. Улғайиб, санъат соҳаси бўйича ўрта махсус маълумотга эга бўлгач, чиғаноқдан ҳақиқий асарлар ярата бошладим. Биласизми, Сирдарё чиғаноқлари рангларга бой. Яъни уларга ҳеч қандай бўёқ ишлатмасдан туриб, дидингиздаги мавзуни акс эттириш мумкин.
Ҳовлида ҳар йили кўп эмас, икки туп ёғочқовоқ ўстираман. Унинг ёғочқовоқ дейилишининг сабаби шуки, пўсти қалин, мустаҳкам бўлади. Ҳар бири турли ҳажмда  30 тагача қовоқ тугади. Уни енгил кўза, хум ва бошқа миллий кулоллик идишлари кўринишига келтириш учун каноп ипни асосий восита сифатида танладим. Натижа кўнгилдагидан ҳам аъло чиқди. Ҳозирги кунда ана шу ҳунармандчилик маҳсулотларим ва бошқа табиий ашёлардан ясалган амалий санъат асарларим турли кўргазмаларда юқори баҳо олмоқда.
Албатта, бундай даражага етишимизда давлатимиз томонидан биз, ҳунармандларга яратилган шароит ва имкониятлар ҳамда беқиёс эътибор муҳим омил бўлмоқда.

Ўктам ШОДМОНҚУЛОВ,
ҳунарманд,
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.
Гулистон тумани

ФАКТ ВА РАҚАМЛАР
Вилоятда ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 триллион 692 миллиард сўмликни ташкил этиб, аввалги йилдагига нисбатан 7 фоиз ўсишга эришилди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми эса 3 миллион 500 минг сўмликка етди.

Якунланган йилда вилоят тасарруфидаги ҳудудий корхоналар томонидан 74,3 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Натижада белгиланган прогноз 102,2 фоизни ташкил этди.

Сирдарё туманидаги “Пенгжонг Хингшенг” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасида “UZTE” савдо белгиси билан 7 турдаги мобиль телефон аппаратлари ишлаб чиқарилмоқда.

Ҳозирги кунгача вилоятдаги 16 та қишлоқ врачлик пунктига қуёш батареялари ўрнатилди.

Бахт шаҳрилик Лочин полвон Ҳусанов ярим соатда 16 килограммлик тошни 542 марта кўтариб, Америка Қўшма Штатлари очиқ чемпионатининг кумуш медалига сазовор бўлди. Ўтган йилнинг бошида эса сайхунободлик Сайёра Йўлдошевага “Шашка бўйича халқаро гроссмейстер” унвони берилди.

Саҳифа материалларини «Халқ сўзи» мухбирлари Икром ЎТБОСАРОВ ва Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ  тайёрлади.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: Тарих билан бўйлашган кўприк »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган