XS.UZ
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида Ўзбекистон ва Сингапур Президентлари бир-бирларини қутладилар 2018 — 2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида Душанбеда бўлиб ўтган Ўзбекистон кўргазма-ярмаркаси якунлари Ёш ўзбек олими —  халқаро мукофот соҳиби «Электрон парламент» тизими жорий этилади Коммунал хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланади Эзгуликка бахшида умр Юксак салоҳиятли авлод истиқболи ва ҳуқуқий кафолат Глобал тармоқдаги сирли найранглар Илғор тажриба самараси Жаҳон кубоги босқичи якунланди Моҳир чавандозлар баҳси Асосий мақсад – одамларнинг розилиги, юртимиз ободлиги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида 2017 — 2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури 2017 — 2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш Ҳаракатлар стратегияси ижроси изчил таъминланмоқда Маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш — давр талаби Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Ислоҳотларга дахлдорлик  ва масъулият Аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш депутатлар муҳокамасида Амалиёт ва назария уйғунлиги Уй-жой коммунал соҳасида янги босқич Эҳтиромдан кўнгиллар обод Эъзоз топган қадриятлар Ўзбекистон Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимига қўшилди Ижодкорлар билан учрашув Таҳлиллар амалий ишлар кўламини янада ошириш зарурлигини кўрсатмоқда Маҳаллийлаштириш ва экспорт масалалари муҳокама қилинди
  • 18 Апрель 2014

Соғлом турмуш гарови

...Умаржоннинг тасодифан йиқилиб, оёғидан қаттиқ лат ейиши Равшан ака билан Дилдора опани ташвишлантириб қўйди. Уни шифохонага элтишди. Даволатишди. Докторлар ҳам йигитчадан ёрдамларини аяшмади. Аммо унинг оёғини асл ҳолига келтириш мушкул бўлди. Жароҳатнинг асорати қолди. Умаржон бир оёғини бука олмаслигидан изтироб чекиб юрди.

Фарзандини бундай аҳволда кўрмоқ ҳеч бир ота-онага осон эмас. Равшан ака ўғлининг кўнглига йўл излади. Ўзи спорт мураббийи бўлгани учун Умаржонни  машғулот ўтказиладиган залга етаклаб борди. “Кузат, томоша қил. Руҳингни чўктирма. Дадил бўл!” деди. Ота шу тариқа ўғлини журъатли бўлишга ундади. Қарангки, бу усул иш берди. Томошабин бўлиб ўтиришга Умаржоннинг ғурури йўл қўймади. Татамига чиқиб, чигалёзди машқлар қила бошлади. Отаси ўтказаётган машғулотларни ўзи билганча такрорлаб, уларни ўзлаштириб борди. Шу тариқа бир, икки, уч... олти ой ўтди. Спортнинг мўъжизакор кучини қарангки, Умаржоннинг оёғи буткул тузалиб кетди. Пировардида  у катта-кичик мусобақаларда қатнашиб, совриндорлар сафидан ўрин олишга киришди. Жанговар самбо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди. Терма жамоа сафида 2012 йилда ўтказилган жаҳон кубоги баҳсларида мамлакатимиз шарафини муносиб  ҳимоя қилди. 
— Спорт билан оилавий шуғулланамиз, — дейди Бухоро шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг миллий кураш бўйича бош мураббийи Равшан Каримов. —  Раҳматли отам Раҳим Каримов Ўзбекистондаги биринчи оғир атлетикачилардан эдилар. У киши мени таниқли курашчи, жаҳон чемпиони Собир Қурбоновнинг ҳузурига бошлаб келганлари кечагидек эсимда. Қаҳрамон исмли акам бокс бўйича, укам Улуғбек эркин курашда спорт усталигига номзод.  Юсуф акам спорт устаси эди. Ўзимга келсак, миллий кураш ва самбо бўйича спорт устасиман. Буёғини сўрасангиз, турмуш ўртоғимни ҳам стадионда топганман. Спортнинг енгил атлетика тури билан шуғулланаётганида у билан танишиб қолганмиз.
Равшан ака хонадонида уч ўғил вояга етди. Учаласи ҳам ота-она изидан бориб, спортга ошно тутинишди. Тўнғич фарзанд Умиджон дзюдо бўйича спорт усталигига номзод. У — кўплаб мусобақалар совриндори. Айни дамда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланаяпти. Аммо ўз таъбири билан айтганда, машғулот ўтказмаса, бир нарсасини йўқотиб қўйгандек юради. Кенжа ўғил Рустамжон Бухоро Олимпия захиралари спорт коллежида таҳсил олаяпти. Миллий кураш ва дзюдо бўйича спорт усталигига номзод. Дарвоқе, яқинда у Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда учинчи ўринни эгаллади. Бу хонадоннинг энг кенжа вакили — Равшан аканинг тўрт ёшли невараси Муаззамхон ҳам яқинда бадиий гимнастика билан мунтазам шуғулланишга киришди.
— Спортга ошно хонадонларни кузатсангиз, уларда вақт қадрига етадиган, ёшу кексанинг ҳурматини жойига қўядиган, элу юрт ишига камарбаста ўғил-қизлар вояга етаётганига гувоҳ бўласиз, — дейди маҳалла фаолларидан бири, “Шуҳрат” медали соҳиби Ёдгор Саноев. — Аббос Атоев, Акобир Қурбонов, Рустам Тўраев сингари таниқли спортчи ва мураббийларнинг спортда ўз ўринларини топишида, энг аввало, оила муҳити катта роль ўйнаган.
— Ёшларнинг тўрт мучаси соғ, бақувват бўлиб вояга етишида оилавий спортнинг ўрни ва аҳамияти бениҳоя катта, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази олий тоифали шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Т. Тўраев. — Шу боис биз ҳузуримизга келган бемор болаларга жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишни маслаҳат берамиз. Чунки спорт организмни чиниқтиради, иммунитетни мустаҳкамлайди, иродани тоблайди.
Шифокорнинг фикрини давом эттириб айтмоқчимизки, спорт ҳаёт мазмунига айланган оилада соғлом муҳит ҳукм суради. Бундай оила соғлом фикрлайди. Юқорида сўз юритганимиз Равшан аканинг хонадони мисолида бунга яна бир карра амин бўлдик.

Истам ИБРОҲИМОВ.

Шахматга қизиқсангиз, асло ютқазмайсиз
Бугун энг оммавий спорт тури қайси? Футбол дейсизми? Тўғри. Лекин яқин йилларда шахмат бу борада нафақат футболни, балки барча спорт турларини ҳам ортда қолдирса, ажаб эмас. Бундай фикрга боришимизга сабаб бўладиган айрим омиллар борки, мазкур мақолада шу ҳақда сўз юритмоқчимиз. Хулоса қилиш ўзингиздан.
Футбол билан бугун дунёда қанча одам шуғулланади? 10 миллион, 50 миллион ёки 100 миллиондир? “Ақл гимнастикаси” билан-чи? Маълумотларга кўра, ҳозир Ер юзида 500 миллиондан зиёд киши шахмат билан шуғулланар экан. FIDE мутасаддилари яқин келажакда ушбу кўрсаткични 1 миллиардга етказиш ниятида ҳаракат қилишмоқда.
Айтиш жоизки, Германия, Франция, Венесуэла каби давлатларнинг айрим ҳудудларида мазкур спорт тури умумтаълим мактабларида фан сифатида ўқитилади. Европада клублар ўртасида мамлакатлар ва қитъа биринчилиги йўлга қўйилганлигига анча бўлди. У ерда яна шахмат ҳамда бокс аломатларини ўзида бирлаштирган “шахбокс”и  янги спорт тури — ҳам ривожланиб бораяпти...
Бундан ташқари, бугун таниқли мутахассислар томонидан шахматни бошқа спорт турларига татбиқ этиш борасида қатор       фикрлар илгари сурилмоқда. Масалан, Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби собиқ бош мураббийи сэр Алекс Фергюссон “миллионлар ўйини” ва “ақл гимнастикаси” ўртасидаги боғлиқлик тўғрисида тўхталиб, аниқроғи, футболчига шахматни билиш нақадар кераклигини таъкидлаб, жумладан, шундай дейди: “Рақиб дарвозаси яқинида юқори маҳоратли футболчилар нимаси билан фарқ қилади? Албатта, тўғри қарор қабул қила олиш малакаси билан. Ҳар доим шогирдларимизга шу ҳақда таъкидлаймиз. Агар яна қайтадан мураббийлик фаолиятини бошласам, шогирдларимни шахмат ўйнашга мажбур қилардим. Чунки бу ақлни чархлайди, диққатни жамлаш қобилиятини ривожлантиради. Тезкор қарор қабул қилиш ҳиссини шакллантиради”.
Бугун бутун дунёда, айтайлик, 8-9 ёшли шахматчилар “қария” ҳисобланади. Ўтмишда эса, масалан, машҳур “ақл гимнастикаси” усталари — Говард Стоунтон (1810 – 1874) 20 ёшидан, биринчи жаҳон чемпиони Вильгельм Стейниц (1836 – 1900) 12 ёшидан, Зигберт Тарраш (1862 – 1934) 16 ёшидан шахмат билан жиддий шуғуллана бошлаган. XX асрга келиб, ушбу спорт тури анча оммалашиши натижасида уни эртароқ ўрганиш ҳолати кузатилди. Мисол учун, жаҳон чемпионлари биографиясига назар ташласак, Роберт Фишер, Вишванатан Ананд 6 ёшида, Макс Эйве, Рустам Қосимжонов ва Магнус Карлсен 5 ёшида, Хосе  Рауль Капабланка эса 4 ёшида бу кўҳна ўйин қоидаларини ўзлаштириб олган.
Яхши шахматчи бўлиш учун оилада шахмат муҳити ҳам яратилиши керак. Юртимизда эса бундай оилалар кўп: олмалиқлик Аъзамовлар, самарқандлик Ҳамроқулов ва Воҳидовлар, сирдарёлик Хайлаевлар, андижонлик Каримовлар ҳақида кўп эшитгансиз. Сўнгги йилларда мамлакатимиз шарафини халқаро мусобақаларда оилавий ҳимоя қиладиган шахматчилар сафи янада кенгайди.  Фарғоналик Мўминова (Тоҳиржонова)лар, тошкентлик Абдусатторов ва Синдоровлар, хоразмлик Ёқуббоевлар ҳали мактабдалигидаёқ эришаётган муваффақиятлар барчамизни хурсанд қилади.
Мутахассислар ушбу интеллектуал ўйинни болаларга 3-4 ёшидан ўргата бошлашни маслаҳат беришади. Албатта, бунда боланинг қизиқишлари ва қобилияти  муҳим аҳамиятга эга.
8 ёшли болалар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришган Нодирбек Абдусатторов тўрт ёшида отаси ва амакиларининг шахмат ўйинларини кузатиб, юришларни ўзи ўрганиб олган. “Унга ҳеч биримиз “манави от, у мана шундай юради, буниси руҳ, у бундай юради”, деб ўргатмаганмиз”, дейди чемпионнинг отаси Фазлиддин Очилов. Нодирбек 5 ёшида спорт усталигига номзод бўлиб, ўзига хос рекорд ўрнатган бўлса, 8 ёшида яна бир рекордни янгилади — FIDE устаси бўлди! 6 ёшли болалар ўртасида Осиё чемпионатининг бир йўла учта олтин медалини қўлга киритган Исломбек Синдоровни айтмайсизми?! У ҳам тўрт ёшдалигида акаси Жавоҳир билан Сергели туманидаги шахмат мактабига қатнаб, “ақл гимнастикаси” сирларини ўргана бошлади. Бугун Исломбекка ҳавас қиладиганлар қанча.
Қисқаси, шахматни ўрганинг ва фарзандларингизга ҳам ўргатинг. Бу спорт турини ўзлаштирсангиз, асло ютқазмайсиз.

Ҳусан НИШОНОВ.

Қадимий ўйин
Бу йил пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида бўлиб ўтган Наврўз байрами тантаналарида Жиззах  вилоятидаги “Зомин сайқали” фольклор-этнографик халқ жамоаси томонидан намойиш этилган саҳна томошаси — “Ота гов-гов” миллий ўйини кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Маълумки, мазкур қадимий ўйин, асосан, мамлакатимизнинг тоғли қишлоқларида, чўпонлар орасида кенг оммалашган. Унда 6 ёки 8 киши қатнашади. Уларнинг вазифаси ўртадаги толтовоқ ёки чуқурчага сигир         жунидан тайёрланган коптокчани таёқ билан уриб тушириш ҳисобланган. Бу жараёнда чаққонлик, эпчиллик ва аниқлик  талаб этилган. Ўйин давомидаги ҳазил-мутойиба, қизиқарли беллашувлар, аниқ ҳаракатлар болаларнинг ақлий қобилиятини ривожлантириш, жисмонан эпчил ва бақувват бўлишларида муҳим ўрин тутган. Қолаверса, “Ота гов-гов” инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Улуғбек АДИЛОВ.

Пойгада аёллар ҳам қатнашади
Спорт турлари ичида фақат “Формула — 1” пойгаларида аёллар ва эркаклар совринли ўринлар учун тенгма-тенг кураш олиб боришлари мумкин.
Шунга қарамай, мазкур мусобақа тарихида,  бор-йўғи, беш нафар хотин-қиз ўз имкониятини синаб кўришга журъат қилган. Улардан фақатгина италиялик Лелла Ломбарди 1975 йилда ташкил этилган пойгаларнинг битта Гран-присида очко ишлашга муваффақ бўлган. “Фор-мула—1”да Лелладан кейин бу натижани бошқа бирорта аёл спортчи қайтара олмади.

Чап қўлдаги муваффақият
Замонамизнинг энг кучли теннисчиларидан бири Рафаэль Надаль дастлаб ракеткани ўнг қўлида ушлаган экан.
У ўн икки ёшга тўлганида, тоғаси Рафаэлга ракеткани чап қўлида тутишни ўргата бошлайди. Аввалида бунга кўникишга қийналган бўлажак теннис юлдузи аста-секинлик билан чап қўлда ўйнашни ҳам мукаммал ўзлаштириб олган. Унинг бу машаққатлари тезда натижа берди. Спортчи ҳозирги пайтга қадар 13 марта “Катта дубулға” туркумига кирувчи турнирларда бош совринни қўлга киритди. Бундан ташқари, бир неча йилдан бери дунёнинг энг кучли теннисчилари рейтингида юқори поғонани банд этиб турибди.
Мутахассисларнинг фикрича, Надалнинг чап қўлда ўйнаши мусобақаларда унга катта устунлик беради ва айнан шу жиҳат унинг муваффақиятларини таъминлаяпти.

Чипталарнинг бозори чаққон
Жорий йил Бразилияда ўтказиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати учун чиқарилган чипталарнинг учдан икки қисми 15 апрель кунига қадар сотиб бўлинган.
Бу ҳақда Халқаро футбол уюшмалари федерацияси — ФИФА маълумот тарқатди. Шу тариқа жаҳон чемпионатининг очилиш маросими, иккита ярим финал ҳамда финал учрашувидан ташқари, барча ўйинлар учун чиқарилган чипталар ўз эгаларини топди. Қолган тўртта беллашувнинг билетлари 15 апрель куни савдога чиқарилди.
Мундиалнинг энг тез сотилган чипталари Бразилия, Англия, Германия ва АҚШ терма жамоалари иштирокидаги ўйинларнинг билетлари бўлди.
Энг кўп чипталарни эса мезбонлардан ташқари, АҚШ, Австралия, Колумбия ва Аргентина мамлакатлари фуқаролари сотиб олишди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, ташкилотчилар мазкур жаҳон чемпионати учун жами 3,3 миллион дона чипта сотишни режалаштирган. Шундан 400 минг донаси мезбон мамлакат фуқаролари ҳамда мусобақа кунлари стадионларда хизмат кўрсатадиган ишчи-ходимлар учун ажратилган.
Билетларнинг энг арзони 15 АҚШ долларига тенг бўлиб, уларни фақат бразилиялик мухлислар сотиб олишлари мумкин. Хорижликлар учун эса энг арзон чипта 90 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

Фазлиддин АБИЛОВ тайёрлади.

Сўнгги раунд...
Афсонавий боксчи Муҳаммад Али (Кассиус Марселлус Клей) профессионал фаолияти давомида 61 марта рингга кўтарилиб, шундан 56 тасида ғалаба қозонган, беш маротаба имкониятни бой берган.
Жо Фрейзер (Жозеф Уильям Фрейзер) эса 37 бор жанг ўтказиб, улардан 32 тасини ўз фойдасига ҳал қилган, тўрт марта ютқазиб,  бир гал дурангга эришган.
АҚШлик бу икки машҳур спортчига тегишли статистика маълумотларини бежиз келтираётганимиз йўқ. Улар ўртасида кечган учта баҳс шу даражада тилга тушганки, мухлислар ана шу беллашувларни бокс тарихи дурдоналари сифатида ҳанузгача ўзгача ҳаяжон билан эсга олишади. Айниқса...
1975 йил 1 октябрь. Филиппин пойтахти Маниладаги “Аранета Колизей” спорт мажмуаси томошабинлар билан тўлиб-тошган. “Ойнаи жаҳон”  экранлари, радиотўлқинлар ҳам айнан шу воқеа репортажи учун созланган. Ишқибозлару мутахассислар олдинда уларни оғир вазнлилар иштирокидаги супержанг кутиб турганини ҳис қилардилар. Амалда ҳам шундай бўлди.
Айтиб ўтиш жоизки, бунгача афсонавий боксчилар ўртасидаги умумий ҳисоб дуранг эди — 1:1. Яъни 1971 йил 8 мартда Нью-Йоркдаги “Мэдисон Сквер Гарден” аренасида Фрейзер рақиби устидан очколар бўйича зафар қучганди. Фаолияти давомидаги биринчи мағлубиятга    учраган Муҳаммад Али эса 1974 йилга келибгина реванш олишга эришди. Шу боис ҳам учинчи жангнинг аҳамияти жуда юқори эди.
Али навбатдаги учрашув олдидан ўз “анъанаси”га содиқ қолган ҳолда, оммавий ахборот воситалари мухбирларига интервьюлар бера бошлади ва Жога руҳий таъсир ўтказишга уринди. Унинг, ҳатто, шахсиятига тегадиган турли сўзлар қўллади. Аслида, бокс оламида бундай қилғилиқлар тез-тез учраб туради.
У Маниладаги жангни ҳам руҳий зарба беришдан бошлади. Одатга кўра, ғолибга аталган кубок рингга олиб кирилиб, беллашув қоидалари ва бошқа маълумотлар эълон қилинаётганди. Шу паллада Али “ярим ҳазил, ярим чин”, деганларидек, совринни кўтариб, ўзи жойлашган бурчакка олиб келиб қўйди. Албатта, кубок дарҳол жойига қайтарилди. Аммо шу қисқагина “саҳна кўриниши” орқали Али кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортишга эришди.
...Ниҳоят, рефери жангга рухсат берди. Ҳар бир раунд, бокс атамаси билан айтганда, “хук”, “апперкот”ларнинг муросасиз алмашинуви тарзида кечар, устунлик гоҳ у, гоҳ бу томонга ўтиб турарди. Дастлаб Али ўз фаоллиги билан ажралиб турди. Жанг ўрталарига келиб, Фрейзер рақиби танасининг жигар қисмига кучли зарбалар бериб, мувозанатни ўз томонига оғдириб олди. Охирги 3-4-раундда омад Муҳаммад Али томонида бўлди. У бир ортга чекиниб, бир олдинга интилиб, узун қўллари ёрдамида қарши тарафни аниқ ва кучли ёнлама ҳамда апперкот зарбалари билан кетма-кет “сийлади”. Анча толиққан Жонинг энг кучли жиҳати ҳисобланган хуклар энди фойда бермасди. Аксига олиб, бу пайтда рақиб ҳам анча ҳолдан тойганди.
12-раундда Фрейзернинг оғзидан қон келса-да, у курашни охиригача қатъийлик билан давом эттирди. 14-раундда Али Жонинг бошига бир неча бор тўғридан-тўғри зарба йўллади. Бироқ бардошли рақиб деярли ҳимояланмасдан, ҳужум қилишда давом этарди. Раунд охирида ҳар икки тарафнинг тинка-мадори бутунлай қуриб битди. Танаффус вақтида Жонинг мураббийси унга баҳсни давом эттира олмаслигини айтди. Чунки жароҳат туфайли чап кўзи       деярли юмилиб қолганди. Аммо Жо буни тан олмасдан, ҳал қилувчи раундда иштирок эта олиши мумкинлигини уқтиришга уринди. Шунда мураббий учта бармоғини кўрсатиб, “бу неччи?” деб сўради. Жо “бир” дея жавоб қайтарди. Шундан сўнг мураббий иккиланмасдан реферига мурожаат қилди ва баҳсни тўхтатишни сўради.
Энг қизиқ жиҳати, рингнинг нариги тарафида ҳам шунга ўхшаш ҳолат ҳукмрон эди. Яъни 14-раунд тугаши билан ўз бурчагига аранг етиб борган Али секундантларига “Жуда чарчадим, қўлқопимни ечинглар”, дейди. У сўнгги раундга чиқа олмайдиган даражада толиққан эди. Агар Фрейзер 15-раунд учун ринг марказига келганида борми, ана унда Али мағлубиятга учраганини тан олган бўларди. Афсуски, Жонинг мураббийлари рақиб томонга нисбатан бир неча сония илгарироқ қарор қабул қилиб, буни реферига етказишганди. Беллашув якунлангани эълон қилинганидан кейин, қарангки, Муҳаммад Али ҳушини йўқотган ҳолда, рингга қулаган. У, ҳатто, совринни ўз бурчагига олиб бориш учун куч топа олмасди. Кейинчалик ушбу баҳсни эсга олган Алининг шифокори “У 15-раундда иштирок эта олмаган бўларди”, деган фикрни айтган экан.
Бокс оламидаги энг шов-шувли баҳсдан кейин Али     кийиниш хонасига рақибининг ўғли Марвисни чақириб, отаси ҳақида айтган барча номаъқул сўзлари учун кечирим сўрайди. 2002 йилга келибгина бевосита Жонинг ўзидан узр сўрашга куч ва ирода топа олди. Аммо рингда минглаб зарба еган Фрейзер қалбига етказилган сўз озори учун Алини узоқ вақт кечира олмади. Фақатгина вафотидан сал олдин уни авф этганини билдирди.

Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган