XS.UZ
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди Фракцияларда ҳаётий масалалар, долзарб вазифалар кўриб чиқилди «Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар юқори баҳога лойиқдир» Оналар кўнглидаги розилик — бу бутун халқимиз қалбидаги розилик ифодаси Замонавий саноат марказлари Имтиёз ташаббусга ундади Мақсад — тараққиётга кўмаклашиш Истомин Жоковични мағлуб этди Қўшимча даромад манбаи Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Cоғлом авлод — келажак пойдевори Азизлари қадр топган юрт Смартфонлар бозори ривожланмоқда Юксак ишонч ва масъулият Дўстлик кечаси Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — доимий эътиборда Транспорт хизмати сифатини янада оширишда муҳим қадам Ислоҳотларнинг янги босқичи Улуғворлик тимсоли, буюк жасорат соҳиби Очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш депутатлар фаолиятида алоҳида ўрин тутади Замон талабини ҳис этмасдан, эскича ишлашга энди ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ Баркамол авлод тарбияси Барқарор тараққиёт асоси Танқидий ва таҳлилий фикрлар янги марраларни эгаллаш учун мустаҳкам заминдир Мавжуд камчиликлар ўз жойида ҳал этилади Миллий армиямиз қудратини юксалтириш — долзарб вазифа Ислоҳотлар самарадорлиги кафолати Халқ ишончини оқлаш ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди Кутилаётган натижалар таҳлили Тавсиянома — энг муносибларга
  • 14 Февраль 2014

Соғлом ҳаётнинг мустаҳкам асоси

Бухоро туманидаги Қўшходим қишлоғида яшовчи Жонибек Ҳамроев ўтган йили таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди. Саккиз ёшли Жонибекнинг бу ютуғидан унинг ота-онаси ҳам, қишлоқдошлари ҳам хурсанд.

— Ўғлим уч йилдирки, спортнинг шу тури билан мунтазам шуғулланади, — дейди умидли таэквондочининг отаси Отаназар Ҳамроев. — Мактабдаги дарслари тугагач, туманимиз марказидаги транспорт ва қурилиш коллежида ташкил этилган спорт тўгараги машғулотларига йўл олади. Албатта, унинг ҳар бир ютуғидан қувонамиз. Кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Лекин биз учун, энг муҳими, унинг соғлом вояга етаётганидир.
Дарҳақиқат, спорт билан шуғулланиш организмнинг яхши ривожланишига, ўғил-қизларнинг баркамол бўлиб вояга етишига хизмат қилади. Буни шу туманда яшовчи Ҳамроқуловлар хонадони мисолида ҳам кўриш мумкин. Спортсевар бу оиланинг фарзанди Азизбек Ҳамроқулов ҳали мактабнинг 5-синфида ўқиб юрган кезларидаёқ дзюдога меҳр қўйганди. У ҳозир 16 ёшда. Коллежда таҳсил олаяпти. Кўплаб мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган.
— Ўғлим илгари тортинчоқ, жисмонан кучсиз эди, — дея  Азизбекнинг болалигини эслайди унинг онаси Гулноз Аслонова. — Спортга ошно тутинди-ю, ҳар томонлама ўзгарди. Ҳозир анча тетик, билаги кучга тўлган, қадамлари дадил, ўзига ишончи юқори. Табиатан анча киришимли бўлиб қолган. Касалликка сира ён бермайди. Доим кайфияти чоғ. Ўқишларига ҳам масъулият билан ёндашаяпти.
Таниқли спорт мураббийларидан бири Убайд Мукаррамовнинг фикрича, спорт, ҳақиқатан ҳам, кишини жисмонан чиниқтиради, тоблайди. Айниқса, ёш авлод тарбиясида унинг аҳамияти катта. Жисмонан чиниққан одам турмуш ташвишлари олдида эсанкираб қолмайди. Унга ҳаётдан ўз ўрнини топишда айнан спорт кўмак беради.
Туман Саломатлик маркази директори Эргаш Абдуллаевнинг қуйидаги мулоҳазалари ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
— Бизни бир нарса қувонтиради. Ота-оналар фарзанд камолотида спорт нақадар муҳимлигини энди яхши тушунишади ва шунинг учун ҳам кейинги йилларда спорт секцияларига қатнаётган ўғил-қизлар сафи тобора кенгайиб бораяпти, — дейди у. — Спорт бола иммунитетининг ошишига олиб келади. Натижада у касалликка чалинмайди. Сабр-бардошли, чидамли, қатъиятли киши эса хасталикка осонликча бўйин эгмайди. Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан мактаб ёшидаги болаларни профилактик кўрикдан ўтказиш натижалари шундан далолат бермоқдаки, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш болаларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти. Буни ўтган давр мобайнида ўқувчилар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония, бронхит, сколиоз билан касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада камайгани ҳам тасдиқлайди.
Айни дамда Бухоро туманида
27 минг 302 та хонадон бор. Жойларда 45 та қишлоқ врачлик пункти, кўп тармоқли марказий поликлиника, репродуктив саломатлик маркази, тиббиёт бирлашмаси, ўнга яқин хусусий шифохона шу хонадонларда истиқомат қилувчи аҳоли хизматида. Мазкур муассасаларда меҳнат қилаётган шифокорлар томонидан маҳалла ва қишлоқларда аҳоли тиббий маданиятини ошириш, фуқароларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ҳосил қилишга қаратилган тушунтириш-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Бу юмушлар ўз самарасини бермоқда, албатта. Айниқса, оилаларда спортга бўлган муносабат ўзгарди. Бизга маълум қилишларича, ҳозир тумандаги 6 ёшдан то 18 ёшгача бўлган ўғил-қизларнинг 23 минг 632 нафари, бошқача айтганда, 92,2 фоизи спортнинг у ёки бу тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Демак, оилада соғлом болаларнинг вояга етиши учун қулай шарт-шароит юзага келаяпти.
— Агар соғлом турмуш тарзига риоя этилса, касалликларнинг эллик фоизи оиланинг ўзидаёқ камаяди ва бу аллақачон ўз тасдиғини топган ҳақиқат, — дейди
Э. Абдуллаев. — Йилига икки бор тиббий кўрикдан ўтиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, шунингдек, спорт билан шуғулланиш, тиббий саводхонлик, зарарли одатлардан воз кечиш, руҳий осойишталик каби омилларнинг ҳам оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдаги ўрни бениҳоя катта.
Шифокорни тинглаётиб, Гулноз Аслонованинг спортга меҳр қўйган Азизбек ҳақидаги гапини эсладик. Ўз ўғлининг соғлом вояга етаётганини назарда тутган она биз билан хайрлаша туриб, “Фарзандимнинг эртасидан кўнглим тўқ”, деди. Зурриётининг келажагидан хотиржам ана шундай ота-оналаримиз кўпайганига нима етсин?!

Истам ИБРОҲИМОВ.

Машғулот учун маъқул вақт
Мутахассисларнинг фикрича, сув спорти билан шуғулланиш инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний чиниқишда жуда катта аҳамиятга эга. Масалан, сузишни канда қилмайдиган одамларда умуртқа поғонаси, елка суяклари ва юрак фаолиятида нуқсонлар кузатилмайди. Яна бир жиҳати, сувга тушган киши ўзини тетик ҳис қилади ва айнан ўша дақиқаларда ҳар қандай асабий зўриқишлардан холи бўлади.
Бу машғулот, шубҳасиз, каттаю кичикка бирдек завқ улаша олади. Шу боис йилнинг тўрт фаслида ҳам очиқ ва ёпиқ сув ҳавзалари спорт ихлосмандлари билан банд бўлади. Улар орасида, айниқса, ёшларнинг кўплиги қувонарлидир. Ўғил-қизларимиз бугун мазкур спорт тури билан шунчаки шуғулланаётганлари йўқ. Улар яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, ўз истеъдодларини намойиш этиб, эътирофларга  сазовор бўлишаётир. Бир қатор халқаро мусобақаларда муваффақиятга эришган наманганлик спортчиларнинг шижоати бунга мисолдир.
— Юксак марраларни кўзлаб, астойдил машқ қилиб, қатор ютуқларни қўлга киритаётган шогирдларимиз сафи кенгайиб бораётгани бизни қувонтиради, — дейди Наманган вилоятидаги 23-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Диана Шамситдинова. — Хусусан, Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг яқинда ўтказилган навбатдаги йиғлишида 2013 йилда халқаро мусобақаларда қатнашган ёшларимиз томонидан 124 та олтин медаль қўлга киритилганини алоҳида эътироф этиб, бундай марраларни забт этаётган иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кераклигини алоҳида таъкидладилар. Бизга чексиз ифтихор бағишлайдиган жиҳати, Ватанимиз шуҳратини дунёга таратаётган бундай истеъдодли ўғил-қизлар орасида ватерпол бўйича Наманган вилояти ўсмирлари ҳам бор. Улар якунланган йилда Малайзияда ўтказилган халқаро турнирда биринчи ўринни қўлга киритишди. 2012 йилда эса қизлар жамоамиз худди шундай муваффақияти билан давлатимиз раҳбари эътирофига сазовор бўлганди.
— Саломатликни мустаҳкамлашда сув спортига тенг келадигани бўлмаса керак, — дейди ушбу мактаб тарбияланувчиси Ҳуринисо Қаҳҳорова. — У билан доимий равишда шуғулланишнинг нафи катта. Масалан, мазкур спорт тури танага орасталик, қоматга расолик бағишлайди. Биз кунига икки бор — эрталаб ва кечқурун машғулот ўтказамиз. Эрталаб кишининг танаси жуда тетик бўлади ва энг мураккаб машқларни ҳам осонлик билан ўзлаштириб олади. Кечга томон эса, асосан, тўп билан ишлаймиз.  
Айтиш жоизки, болаларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом қилиб камол топтиришга бўлган юксак эътибор туфайли юртимизда сув спорти оммалашувига ҳам кенг йўл очилди. 23-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бугун 400 нафардан зиёд ёшлар ўз иқтидорини рўёбга чиқармоқда. Улар маҳоратини ошириш учун бу ерда жаҳон андозаларига мос учта сузиш ҳавзаси мавжуд. Таълим муассасасининг 53 нафар тарбияланувчиси айни пайтда сув спорти турлари бўйича мамлакат ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари сафига жалб этилган.
Энг муҳими, спортнинг сирли оламига ошно тутинган ўғил-қизлар машғулотларга шунчаки ёндашишмаяпти. Улар Ватан довруғини дунёга янада кенгроқ танитишга муносиб ҳисса қўшиш илинжида астойдил ҳаракат қилишмоқда. Бундай ёшлар бизнинг ғуруримиз, бахту иқболимиздир.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.

Шижоат

«Тошкент денгизи»да қайиқлар тўлқини
Шу кунларда Чирчиқ олимпия захиралари спорт коллежининг “Тошкент денгизи” соҳилларидаги ўқув-машғулот базаси ҳар қачонгидан гавжум. Қишнинг қор-қировли, совуқ кунлари бўлишига қарамай, бир гуруҳ ёш спортчилар байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича амалий машғулотларга киришганлар.
Бугун ғалвир сувдан кўтариладиган, ҳаракат ва интилишлар ўз баҳосини топадиган кун. Ўқувчилар ўз тайёргарликларини синовдан ўтказишмоқда. Навбат коллеж ўқувчиси Дилноза Раҳматовага келди. Ҳамма ҳаяжонда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки у жорий йилнинг июнь ойида Венгрияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини химоя қилиши керак. Ушбу назорат машқлари ва унда қайд этиладиган натижа жуда-жуда муҳим. Шу боис ҳам ёш спортчининг ҳар бир ҳаракатини мураббийлари ҳам, тенгдошлари ҳам алоҳида эътибор билан кузатишади. Ҳатто, ўз синглисидек бўлиб қолган бу қизчанинг синов-назорат машғулотларини кўришга икки карра жаҳон чемпиони, дунёга машҳур спортчимиз Вадим Меньков ҳам келган. Қани, Дилноза 200 метрга спринт усулида эшкак эшиб боришни неча сонияда уддалай оларкин?..
Дилноза асли паркентлик. У ерда шошқин сойлару шаддод тоғ жилғаларининг нафис садолари эшитилиб турадиган жаннатмонанд қир-адирлар ҳар баҳор курашчиларни чорлайди.  Дилнозанинг болалиги ана шундай муҳитда ўтди, спортсевар оилада ўсди, кураги ерга тегмаган полвон ҳамқишлоқларига ҳавас қилиб улғайди. Бу ҳавас уни Чирчиқ олимпия захиралари спорт коллежи томон етаклади.
— Тўғрисини айтсам, бундан уч йил аввал шу коллежга келганимдаёқ, ўзимни ҳақиқий спортчилардек ҳис қила бошлаганман, — дейди Дилноза Раҳматова. — Негаки, бу ердаги муҳит, шарт-шароитлар шу қадар ажойибки, улар мисолида давлатимиз томонидан биз, ёшларга яратиб берилаётган улкан имкониятлар ҳақида яққол тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш машқини илк бор шу ерда ўргандим. Бу спорт турининг инсон камолотида, хусусан, елка, умуртқа поғонаси, нафас йўллари аъзоларининг соғлом ривожланишида фойдаси катта экан. Каноэ мени батамом сеҳрлаб қўйди ва албатта, кун келиб дунё танийдиган спортчи бўламан, дея қатъий аҳд қилдим.
Дилнозанинг бу нияти шунчаки ёшлик ҳаваси эмасди. Ҳар қалай, буни ўтган қисқа фурсатда эришган ютуқлари ҳам кўрсатиб турибди. Масалан, у илк ғалабасини 2012 йилда Ўзбекистон очиқ чемпионатида нишонлади. Ўтган йили Самарқандда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Ҳудди шу йилнинг ўзида Канадада бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида совриндор бўлди, Украина очиқ чемпионатида эса олтин медаль билан тақдирланди. Ўшанда ёш спортчининг каноэда 200 метрлик масофани босиб ўтиши учун 49 сония кифоя қилган бўлса, 500 метрлик марра 2 дақиқаю 18 сонияда ишғол қилинди.
Тўғриси, қиз боланинг эшкак тортишни бу қадар қойил қилишига ажабланасан киши. Қаранг, Дилнозанинг бўйи бир метру олтмиш беш сантиметр, қайиқнинг узунлиги эса cалкам беш ярим метр. Энди баъзан оқимга, баъзан шамолга қарши сузишни айтинг. Устига-устак, ҳар ернинг тош-тарозиси бўлгани каби суви ҳам турлича. Мутахассисларнинг айтишича, бизнинг ҳавзаларнинг обиҳаёти анчайин илиқ ва “юмшоқ”. Кўп жойларда бунинг акси. Нима, бу эшкакчига таъсир этмайди, дейсизми?
... “Тошкент денгизи” нафис чайқалади. Ҳарорат олти даража совуқ. Дилноза қадрдон каноэсида “старт чизиғи”га келди. Ниҳоят, старт буйруғи янгради. 200 метрлик масофа гўёки кўз очиб юмгунча босиб ўтилди. Назоратчи мураббий Рустам Мирзадиёровнинг қўлидаги секундомерига “48,1” рақами муҳрланди. Машғулотлар учун бу кўрсаткич яхши. Аммо ҳали янада кўпроқ ишлаш керак. Модомики, у Венгриядан олтин медаль билан қайтишни мақсад қилган экан, худди шу машқни 45 сонияда уддалай олиши шарт.
Демак, асосий машғулотлар олдинда!

Fайрат ШЕРАЛИЕВ.

Биласизми?

ФИФА рейтинги қандай тузилади?
Футбол бўйича ФИФАнинг терма жамоалар рейтинги мамлакатлар бош жамоаларининг яшил майдонда кўрсатаётган ўйинларини баҳолаб борадиган ягона тизимли кўрсаткич ҳисобланади.
Рейтинг 1993 йилдан эътиборан тузила бошланган бўлиб, терма жамоаларнинг сўнгги тўрт йиллик мусобақаларидаги иштирокига қараб, коэффициент орқали ҳар ойда янгиланиб борилади. Ҳар бир ўйин учун маълум миқдорда очко тақдим этилиб, муваффақиятга эришган терма жамоа рейтинги оширилади. Айни пайтдаги жадвал 2006 йили Германия яшил майдонларида ташкил қилинган “мундиаль” баҳсларидан сўнг мукаммал тизим туфайли янгича кўринишга келган.
Маълумки, қитъа ёки жаҳон чемпионатларининг саралаш гуруҳлари жамоаларнинг рейтинг жадвалидаги эгаллаб турган ўрнига қараб тақсимланади. Қанчалик юқори ўрин банд этилса, майдондаги рақиблар шунга мос равишда енгилроқ бўлиб намоён бўлади. Умуман олганда, рейтинг тузишда жуда кўп омиллар муҳим аҳамият касб этади. Аввало, ўйиннинг асосий ёки қўшимча дақиқаларидаги ғалаба учун 3 очко, пенальтилар сериясидаги ғолиблик учун 2 очко, дуранг учун 1 очко ва табиийки, мағлубият учун 0 очко берилади. Нега айнан 0 очко, деган савол туғилиши мумкин. Бу борада ўтказилаётган беллашувнинг нечоғли муҳим ва қандай миқёсдаги мусобақа доирасида уюштирилаётгани ҳам бевосита рейтингга боғлиқ. Агар у ўртоқлик учрашуви бўлса, коэффициент даражаси 1.0 га баҳоланади. Қитъа ва жаҳон чемпионатлари саралаш баҳслари даражаси 2.5, қитъа биринчилиги ва Конфедерациялар кубоги ўйинлари даражаси 3.0 ҳамда Жаҳон чемпионатларининг шиддатли беллашувлари коэффициент даражаси 4.0 деб белгиланади. Шунингдек, терма жамоаларнинг рейтингда эгаллаб турган поғонаси маълум очко берса, қитъаларнинг ҳам коэффициент даражаси ҳисобланади. Бунда Европанинг УЕФА ташкилоти бошқа минтақаларга қараганда юқори коэффициентга эга бўлиб, кейинги ўринларда Жанубий Америка (КОНМЕБОЛ), Шимолий Америка (КОНКАКАФ), Африка (КАФ), Осиё (ОФК) ва Океания келтирилган. Юқоридаги омилларнинг барчаси қўшилиб, терма жамоанинг йил давомида ўтказган ўйинлари сонига бўлинади ва сўнгги рейтинг очкоси умумлаштирилиб, натижа чиқарилади.
Ҳозирги кунда Испания терма жамоаси ФИФА рейтингини бошқариб келмоқда. Эътиборлиси, рўйхат тузила бошлангандан буён жами 7 та терма жамоа, Европадан — Германия, Италия, Франция, Испания, Нидерландия ҳамда Жанубий Америкадан — Бразилия ва Аргентина биринчи поғонадан жой олишга муваффақ бўлган. Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси айни пайтда 57-ўринда қайд этилган.

Суннатилла ИСЛОМОВ тайёрлади.

Эътироф
Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганидан яхши хабардорман. Мени, айниқса, мамлакатингизда жорий этилган уч босқичли тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари жуда қизиқтирди. Бирор бир давлат тажрибасида учрамайдиган бундай ноёб тизимнинг амалдаги самараларини бугун ўзбекистонлик спортчиларнинг халқаро мусобақаларда эришаётган юксак натижалари ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Анико Немет МОРА,
Халқаро оғир атлетика федерацияси директори.

Шунақаси ҳам бўлган
футбол тарихидаги энг антиқа жароҳатлар ҳақида
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида “Манчестер Юнайтед” клуби дарвозасини ҳимоя қилган Алекс Степни “Бирмингем” клубига қарши ўйин вақтида ҳимоячиларга шунақанги баланд овозда бақирадики, натижада унинг жағи чиқиб кетади. Табиийки, бундай ҳолатда у учрашувни давом эттира олмайди. Ўша пайтдаги қоидаларга кўра, дарвозабонни алмаштиришга рухсат йўқ эди. Шу боис Степнининг ўрнини майдондаги футболчилардан бири эгаллайди ва у жамоаси дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолади.

1996 йилда “Тоттенхем” клуби аъзоси Алан Нильсен қизли бўлганини эшитиб, фарзандини кўриш учун туғуруқхонага боради. Футболчи чақалоқни яқиндан кўриш учун каравотга энгашади. Шунда кичкинтой тўсатдан отасининг кўзига қаттиқ зарба беради. Кутилмаган бу “ҳужум”дан Алан шикастланади ва бир нечта ўйинда жамоасига ёрдам бера олмайди.

“Челси” шарафини ҳимоя қилган италиялик дарвозабон Карло Кудичини ити билан боғда сайр қилиб юрганида тўсатдан унинг олдидан мушук югуриб ўтади. Табиийки, бундай пайтда ит ўзини боса олмайди ва дарров мушукка ташланади. Натижада у хўжайинини судраб кетади. Бундай кескин ҳаракатга тайёр бўлмаган Карло тиззасидан жиддий жароҳат олиб, мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказади. Карло шундан бери ит билан сайрга чиқмайдиган бўлган.
1993 йилда “Саутгемптон”да ўйнаган дарвозабон Дэйв Бизантни музлаткичдан егулик олаётиб шиша идишдаги майонезни тушириб юборади. Шунда унинг дарвозабонлиги ёдига тушиб қолади, шекилли, идишни синишдан асрайман, деб тепиб юборади. Дэйвнинг тўсатдан қилган бу хатти-ҳаракати оқибатида оёғига жиддий жароҳат етди.

Фазлиддин АБИЛОВ.

Мазкур рукиндаги бошқа мақолалар: Соғлом турмуш гарови »

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган