XS.UZ
Ўзбекистон — Қозоғистон: азалий дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорликнинг янги босқичи Спортчи қизларга — Президент совғалари Қозоғистонда Ўзбекистон саноатининг салоҳияти намойиш этилди Маҳаллийлаштириш: Имконият ва истиқбол Асосий мақсад — таълим сифати ва самарадорлигини ошириш Битирувчиларга имтиёзли кредитлар Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан... Меҳр-оқибат ва эзгулик айёми Буюк алломага эҳтиром Замонавий корпоратив бошқарув усуллари бизнесни самарали ташкил этиш гаровидир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Фаровон ҳаёт, шоду хуррамлик ва укроналик Хорижлик дипломатлар Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан қутладилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва эзгулик ифодаси Журналистлик фаолияти истиқболи ва қонунчилик Ҳамкорлик учун қулай марказ «Қучоқ очиб халқ ичига борайлик...» Ўзбекистон халқига Наврўз табриги Бахтли-саодатли халқимизнинг энг қадимий ва файзли байрами Ўзбекистон ва Россия Президентлари бир-бирларини қутладилар Ўзбекистон ва Ҳиндистон Президентлари бир-бирларини қутладилар Ерик Утембаев: тинчлик, бирдамлик ва эзгулик айёми МДҲда энг бахтли мамлакат «Бу дамки эсиб насими наврўз...» Меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик тимсоли Янги корхона иш бошлади Таъсис конференциялари ўтказилмоқда Қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти депутатлар диққат марказида
  • 23 Апрель 2016

Денгизкўл хазинаси

Савр ойининг қулай об-ҳавоси чўл табиатига ҳам қайта жон бағишлайди. Унинг ҳаётбахш ёмғирлари замин бағрида мудраб ётган гулу гиёҳларни уйғотиб юборади. Натижада зумда теварак-атрофни турфа чечаклар қоплайди.

Бундай пайтда юртимизнинг сувли-ботқоқли ҳудудларида ҳам ҳаёт қайнайди. Кўклам жаласидан сув сатҳи кўтарилган кўлларда узоқ ўлкалардан учиб келган қушлар қўним топса, унга туташ чангалзорларда чўл жониворлари кўпая бошлайди. Чунки табиатнинг бундай ноёб туҳфаси қушлар, сув жониворлари ва ўсимликлар ривожида қулай табиий муҳит ҳисобланади. 

Олот тумани марказидан 35 километр жанубда жойлашган Денгизкўл табиати бунга яққол мисол бўла олади. У қадимдан сир-синоатларга бой, шифобахш кўл саналади. Ҳозирги кунда ушбу ҳавза ҳудудида халқаро ҳамда Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган ноёб қушларнинг ўндан зиёд турлари учрайди. Айниқса, кичик қоравой, кичик оққўтон, қошиқбурун, вишилдоқ оққуш, мармар ўрдак, олақанот ўрдак, Зарафшон қирғовули, йўрға тувалоқлар бу ерда қўним топиб, бехавотир кўпаймоқда. 

Буюк Британия қушларни муҳофаза қилиш қироллик жамияти ана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Денгизкўл ва вилоятимиздаги Зикри, Хадича, Қорақир, Оёқоғитма кўллари, шунингдек, “Когон” балиқчилик хўжалиги ҳавзасини “Муҳим орнитологик ҳудуд” дея эълон қилди. Пировардида уларнинг барчаси халқаро аҳамиятга молик гўша сифатида қушлар муҳофазасини ташкил этиш марказлари қаторига киритилди. 

Дарҳақиқат, биологик хилмахилликни сақлашда Денгизкўл муҳим аҳамиятга эга. Олиб борилган тадқиқотлар натижаси республикамизда қишлайдиган қушларнинг 40 фоизидан зиёди мазкур осойишта макон ҳиссасига тўғри келишини тасдиқламоқда. 

Хадича кўлида эса балиқ мўл. Унда сазан, лаққа, оқ амур, оқ дўнгпешона каби балиқлар кўпайтирилмоқда. Бундан ташқари, “Қизил китоб”га киритилган  Туркистон мўйловдор балиғини учратиш мумкин. 

Кўл ён-атрофидаги қамишзору юлғунзорлардан эса жайрон, қундуз, қуён, тулки каби ҳайвонлар, укки, чўл бургути, оқ думли сув бургути сингари  қушлар паноҳ топган.

Шунингдек, умумий ер майдони 30 минг гектарни ташкил қиладиган “Қорақир” давлат буюртмахонаси қамишзорларида  қорақулоқ, бўрсиқ, сариқ сассиқкўзан каби ёввойи жониворларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Унинг сув билан қопланган майдонларида балиқчилик хўжаликлари ташкил этилиб, аҳолига луқмаи ҳалол етказиб берилаяпти. 

Бошқача айтганда, кўллар нафақат экологик мувозанатни сақлаш, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Шуларни инобатга олган ҳолда, мавжуд кўлларда мунтазам тарзда орнитологик тадқиқотлар олиб бориш фойдадан холи эмас. Айниқса, қушларнинг кўпайиш мавсумида кўлларда сув сатҳининг бир меъёрда бўлишини таъминлаш ўта муҳим. Ана шунда ҳавзаларимиз бундан кейин ҳам юртимиз бетакрор табиатининг ажралмас  қисми сифатида келгуси авлодлар эъзозида бўлади.

 

Анвар НИЁЗОВ,

Бухоро вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси. 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган